Ахлоқ

Волидам! Сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин...

1466

“Онагинам, сендай яқин дўст йўқ экан...”

Авваллари шундай мисрани ўқиб ёки эшитиб қолсам, иккиланардим. Хаёлимга соатлаб дардимни эшитадиган, бошимга бир иш тушса, эринмай ечим излайдиган дугоналарим келарди. “Онам билан бунақа нарсаларни гаплашолмайман. Телефонда ҳам, юз кўришганимизда ҳам дилдан ҳасратлашолмайман-ку!” деб ўйлардим...

“Она қадрини она бўлганда биласан”, дейишарди. Фарзандли бўлганимнинг илк кунларида, илк йилида ҳам бу ҳақиқатни тўлиқ ҳис қилолмаганим бор гап.

Қизим йўлга кирди, тили чиқиб чучук-чучук гапира бошлади. Унга қараб ширин орзулар қиладиган бўлдим. Кулганида дунё ёришди. Югуриб келиб бўйнимга осилганида, дадаси билан шўх-шодон қийқириб ўйнаганида қувончдан борлиқни унутдим. Иситмалаб, чақнаб турган турган кўзлари киртайиб қолганида ундан бошқа ҳамма нарсадан узилдим. Қизим билан боғлиқ хоҳ қувончли, хоҳ қайғули ҳолат бўлсин, ота-онамни, энг кўп онамни эслайдиган бўлдим. “Онам ҳам менга умид боғлаган; касал бўлсам, бошимда ўтирган; қийналсам, тенг азоб тортган...”

Кун ўтгани сари боламнинг бугуни, эртаси қолиб, “мен дунёдан ўтсам, унинг ҳоли нима кечади?” деб ҳам ташвиш тортадиган бўлдим. Йўқ, буни таваккулдан узоқлик деб таъбир қилишга шошилманг. Ҳаммамизнинг бошимизда бир Эгамиз борлигини, ҳар ишда Унга суяниш зарурлигини биламан. Қизим ақлини таний бошлагач, унга ҳам уқтираман, иншааллоҳ. Бунинг номини шунчаки “оналик” десак, тўғри бўлади. Исботи учун бир нарса айтайми? Кичкина эдик. Ҳовлимизда қўшни аёллар гаплашишарди. Кимдир: “Фалон йили қиёмат бўлар экан, хабарларда айтишяпти”, деб қолди. Онам эса ташвиш билан: “Унақа бўлмайди, болаларимиз ҳам яшайди, яхши кунларни кўришади”, дедилар. Бу эътиқодсизликми? Йўқ. Боя айтганимдек, шунчаки оналик, ҳар қандай ҳолатда ҳам фарзандларига яхшилик илиниш...

Аслида ҳамма она шундай бўлса керак. “Бола боқиш ҳам ишми?” деб бемалол айтадиганларни кўрсам ўзим учун эмас, онамни ўйлаб жаҳлим чиқадиган бўлди. Ҳатто ҳозиргидек яхши шароит, бисёр имконлар даврида яшаётган биздек оналарга қўллаш ҳам инсофсизлик. Минг бир машаққатда фарзанд ўстирган оналаримизга нисбатан бундай дейиш эса адолатсизликнинг ўзгинаси!

Қизим оғриб қолса, дўхтирга югурамиз, қандай дори керак бўлса, дадаси муҳайё қилади, алҳамдулиллаҳ. Ана шундай пайтда яна ота-онамни ўйлайман, кўзимга ёш келади. Мен ёз охирида туғилганман. Чақалоқлигим куз-қиш ойларига тўғри келган. “Бешикда ётардинг. Совуқ уйда ўзимиз қақшасак ҳам, сен касал бўпқолмагин деб, бешигинг тагига чўғ солинган идиш қўярдик...” Онамнинг гапларини дадам тасдиқлаб қўядилар. Кейин Марямни, қизимни кўтариб олиб, “Кечагина аянг сендек миттигина эди, кечагина уни шундай кўтариб юрардим”, дейдилар. Юрагим эзилиб қарайман: дадамнинг сочлари оппоқ, соқоллари ҳам мош-гуруч, онамнинг юзлари тўла ажин...

Ҳамма айтадиган гапни такрорлайман: буларда менинг ҳиссам кўп. Марям бошини бир жойга қаттиқроқ уриб олса, юрагим қалтираб кетади. Мен-чи? Томма-том, дарахтма-дарахт юрганларим, ҳали қўлим, ҳали оёғим қонаб уйга йиғлаб кирганларим, хасталанган пайтларим...

Шуларни ўйласам фарзандларим менга ўхшамасин, ақлли-ҳушли, эсли, оғир-вазмин бўлишсин, дейман. Чунки менинг шўхликларимни ота-онам кўтаришган, болам ўзимга ўхшаса, кўтаролмаслигим аниқ.

Буларни нимага ёздим? Сўзим аввалида келтирганим: “Онагинам, сендек азиз дўст йўқ экан”, жумласининг маъносини, ота-онанг билан дилдан гаплашолмасанг ҳам, бу дунёда сен учун доимо куюнадиган, дуоларида эсидан чиқармайдиган, сенга ҳеч қачон ҳасад қилмайдиган, фақат яхшилик соғинадиган одамлар уларгина эканини тушуниб бораётганимни айтмоқчиман. Уларнинг дунёда борлигининг ўзи жисму руҳингга куч беради. Токи улар тирик экан бола бўлиб қолаверасан...

Уқайлнинг мавлоси Абу Муррадан ривоят қилинади: «Абу Ҳурайрани Марвон ўз ўрнига қўйиб кетар эди. Унинг уйи Зулҳулайфада эди. Онаси бир уйда, у бир уйда яшар эди. У уйидан чиқмоқчи бўлса, онасининг эшиги олдига бориб: “Ассалому алайкум, онажон! Ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу!” дер эди.

Онаси ҳам: “Ва алайка, ўғилгинам! Ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу!” дер эди. “Кичиклигимда тарбиялаганингиз учун сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!” дерди Абу Ҳурайра. “Катталигимда яхшилик қилганинг учун сенга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!” дерди онаси.

Кейин уйга кирмоқчи бўлса ҳам шундай қилар эди».

Мен сизларга Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) онасига қилгандек муносабатда бўлолмайман. Лекин биламан, орада бир қўнғироқ қилсам, ойларда бир йўқлаб борсам ҳам, буни яхшилик дейсиз. Яратган дийдорингиздан айирмасин. Сиздан узоқдаман. Ҳар куни эрталаб, кечқурун ёнингизга кириб саломлашиш имконим йўқ. Бироқ ҳар тонг дуоларимдасиз:

  – Ассалому алайкум, онажон, отажон! Ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу! Кичиклигимда тарбиялаганингиз учун сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Сурия: набираларига ҳам оталик, ҳам оналик қилаётган буви

567 16:40 09.05.2020

Яхши ота-она бўлиш сири!

2405 07:00 30.04.2020

Фарзанднинг ота-она олдидаги бурчлари

889 03:00 26.04.2020

Фарзанднинг ота - она олдидаги бурчлари

358 05:00 25.04.2020

Фарзандини сотмоқчи бўлган эр-хотин қўлга тушди

890 17:00 24.04.2020
« Орқага