Ахлоқ

Воситачилик: асосий қоидалар ва чекловлар

890

Бизга бир неча бор савдода воситачилик учун ҳақ олиш жоизми деган савол билан мурожаат қилишди. Қуйида шу саволга батафсил жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Умуман олганда, воситачиликнинг (бугунги кунда халқ буни «ўртакашлик» ҳам деб атамоқда) ёмон жойи йўқ. Чунки воситачи сотувчи ва харидор ўртасидаги боғловчи бўғин бўлиб, аксарият ҳолларда савдо-сотиқни енгиллатишга хизмат қилади. Воситачи сотувчига харидор топишда, харидорга эса унга керакли маҳсулотни топишда ва ҳар иккисига маҳсулотга тўғри, яъни икки томон учун ҳам маъқул бўлган нарх белгилашда ёрдам беради.

Одамларнинг (тадбиркорларнинг) ўзи воситачаларга муҳтож, чунки бирлари савдо қоидаларини билишмаса, иккинчилари маҳсулотларнинг бозор нархларини билишмайди, учинчилари молни «танишмайди» (яъни маҳсулотнинг камчилик ва афзалликларини яхши тушунишмайди), тўртинчиларининг эса баъзида мураккаб савдо-сотиқ жараёнини тўлиқ босиб ўтиш учун вақти йўқ. Шу сабабларга кўра воситачилик сотувчи учун ҳам, харидор учун ҳам ва албатта воситачининг ўзи учун ҳам манфаатли деб айтиш мумкин.

Бугунги кунда воситачилар хизматига талаб, аввалги пайтлардан кўра ҳам юқорироқ, чунки савдо амалиёти мураккаблашди (экспорт ва импортга бўлган ички ва ташқи талаблар, халқаро савдо қоидалари, божхона хизматлари ва тўловлари, саралаш/сақлаш/қадоқлаш/юклаш/ташиш/расмийлаштириш тартиб ва меъёрлари ва ҳоказо). Ишлаб чиқарувчи ва ҳатто савдогар ҳам бу талабларнинг барчасини билиши, қамраб олиши амри маҳол. Шундай пайтда воситачилар ёрдамга келишади, яъни маълум бир ўрнатилган ҳақ эвазига шу ўрнатилган талабларнинг барчасини амалиётда қандай бўлса шундай қилиб бажаришади ва тадбиркор-сотувчининг қимматли вақтини тежашади (бу пайтда тадбиркор ўз тадбиркорлигини давом эттираверади). Воситачилар ўз хизматлари билан бозорда (яъни иқтисодиётда) савдо-сотиқнинг ривожланишига хизмат қилишади.

Савдо амалиётининг мураккаблашуви воситачиларнинг маҳорат/билим ва тажрибасига бўлган талабларнинг кучайишига олиб келди. Аммо бу сифатлар воситачининг энг асосий сифати бўлган (тўғрироғи, бўлиши керак бўлган) ҳалоллик/ишончлиликнинг ёнига қўйилган қўшимча талаблар эканлигини ёдда тутишимиз керак. Чунки уларнинг фаолияти мол ва пул устида бўлганлиги сабабли воситачилар доим нафс васвасасига учраш хавфи остида бўлишади (яъни сотувчи ва харидорнинг эмас, балки ўзининг манфаати йўлида иш кўриш эҳтимоли катта).

Саҳоба ва тобеинлар (Абдуллоҳ ибн Аббос, Муҳаммад ибн Сирин, Ато ибн Абу Рабоҳ ва бошқалар) воситачилик қилиш ва бунинг учун ҳақ олишни жоиз деб билишган. Ибн Аббос (р.а.): «Бир одам иккинчисига шу кийим-кечакни фалон пулга сот, ундан юқорисига сотганинг (яъни фойдаси) ўзинга, дейишининг ёмон жойи йўқ», деган эканлар. Ибн Сирин ҳам: «Бир одам иккинчисига шу кийим-кечакни фалон пулга сот, ундан юқорисини ўзинга олиб қолавер (ёки бўлишиб оламиз), дейиши мумкин», деган эканлар (Имом Бухорий ривояти).

Тақиқланган воситачилик турлари

1. Эркин бозорга аралашиш. Саҳро (қишлоқ) аҳлининг молини (маҳсулотини) шаҳар аҳолиси сотиб бериши Расулуллоҳ (САВ) тақиқлаган савдо турларидандир. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улов минганларнинг олдини тўсиб чиқманглар. Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти) (“улов минганлар” деганлари, ташқаридан бозорга сотгани ўз маҳсулотларини олиб келаётганларнинг олдини тўсиб чиқиб, уларнинг бозордаги нарх-навони билмасларидан олдин арзон-гаров сотиб олманглар, деганларидир). Яна бир ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин. Одамларни тек қўйинглар. Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан ризқлантираверсин”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу битта устомон содда деҳқонни алдаб, арзон нархга молини сотиб олмасин, эркин савдо бўлсин, дейилганидир. Албатта, бунда кўпчиликнинг манфаати эътиборга олинган (шундан ҳам биз, Исломда жамият манфаатлари шахс манфаатларидан устун эканлигини кўришимиз мумкин).

2. Мол эгаси (сотувчи)нинг хабарисиз мол нархи тепасидан устама олиш мол нархининг ошишига сабаб бўлади ва бу тақиқланган амалиётдир. Аммо мол эгасининг бунга розилиги бўлса, у ҳолда мумкин. Шунингдек, агар воситачининг устамаси мол нархининг ошишига олиб келмаса, у ҳолда бундай устама олиш мумкин.

3. Хизмат вазифаси воситачилик бўлган ва шунинг учун маош оладиган давлат ташкилотининг амалдори ёки масъул ходими воситачи сифатида устама (ҳақ) олиши мумкин эмас (ўз вазифасини бажаргани учун оладиган маоши устига яна ҳақ олиши бу порахўрликнинг бир кўринишидир).

4. Бозор нархини сунъий равишда кўтариш мақсадида сотувчилар ва бошқа воситачилар билан тил бириктириш мумкин эмас.

Юқорида кўрсатиб ўтилган тақиқланган воситачилик кўринишларидан бошқа воситачилик турларига рухсат этилган, албатта, бу томонларнинг келишуви ҳамда тақиқланмаган маҳсулот ва хизматлар доирасида бўлса (масалан, маст қилувчи ичимликлар савдосида ёки қиморхонада воситачилик қилиш қатъиян тақиқланган).

Шунингдек, воситачининг устамаси унинг хизмати/меҳнатига яраша бўлиши керак, воситачи ҳеч қандай ҳаракат/меҳнат қилмасдан ҳақ олиши мумкин эмас, яъни бу унинг учун ҳалол бўлмайди.

Савдо-сотиқ қилаётган томонларнинг (яъни сотувчи ва харидорнинг) ҳар бири ўз воситачисига эга бўлиши мумкин. Бунда ҳар бир воситачи томонларнинг келишувига асосан ўз меҳнатига яраша ҳақ олиши мумкин.

Кўчмас мулк бозорида воситачилик (риелторлик) қилиш ҳам жоиз. Бунда воситачи жоиз бўлган савдони томонлар учун енгиллатиш/осонлаштиришга хизмат қилади. Асосийси, воситачи ўз фаолияти орқали сотувчи ва харидорларни шариатда тақиқланган/ҳаром (ишларга) йўлламаса бўлгани.

Фойдаланилган манбалар:

Shariah Standards of AAOIFI (Ислом молияси муассасалари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти – Ислом молияси соҳасида халқаро стандартларни ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи етакчи ташкилот стандартлари)

Financial Transactions in Islamic Jurisprudence, Dr. Wahbah Al Zuhayli

Ruling for Trade Mediator (Broker and Intermediary), Dr. Muhammad Arifin Badri, M.A. – advisor for Indonesian Muslim Entrepreneur Community (answer to the question).

Манба: Ислом молияси канали

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркия савдо палаталари ва биржалари иттифоқи раиси билан учрашув

195 19:30 04.10.2019

Ўзбекистон Туркиядан зирҳли машиналар харид қилди

837 11:30 09.08.2019

«Ўзбекистон» меҳмонхонаси яна сотувга қўйилди

691 12:20 31.05.2019

Масжидни сотиш шаръан жоизми?

2451 16:00 18.05.2019

Бразилия Қуддусда савдо ваколатхонасини очади

561 13:30 01.04.2019
« Орқага