Етти ойлик танаффусдан кейин бугундан эътиборан чет эллик зиёратчиларнинг умра қилишига рухсат берилди. “Ал-Жазира”нинг хабар беришича, Саудия Арабистонига ўн мингга яқин чет эллик зиёратчи келган.
Улар уч кунлик карантиндан кейин умра амалларини адо этишга киришади. Хорижлик зиёратчилар Саудия Арабистони ҳудудида ўн кун бўлишади. Ҳаж ва умра ишлари вазирлигининг билдиришича, зиёратчилар мунтазам равишда коронавирусга текшириб турилади.
Шу пайтача фақатгина маҳаллий фуқаролар ва Саудия Арабистонида доимий яшайдиган хорижликлар учун умрага рухсат берилаётган эди.
Ўтган 2019 йилда 19 миллион киши умра ибодатини адо этди. Бироқ Макка ва Мадинада ҳар доим гавжум бўлган меҳмонхоналар ва дўконлар бу йил коронавирус пандемияси туфайли бўшаб қолди. Саудия Арабистони ҳукумати 2030 йилгача умра зиёратчилари сонини йиллик 30 миллионга етказишни режалаштирган. Расмий маълумотларга қараганда, диний зиёратлар мамлакат бюджетига 12 миллиард доллар келтиради.