Наср

XVIII асрдаги Қуръон мўъжизаси

2730

Сиз кўриб турган, “The Fortunate Slave” ("Омадли қул") деб номланган мазкур портрет оддий сурат эмас. Унда акс этган Айюб Сулаймон Диалло 1701 йилда Сенегалда, тақводор оилада туғилган. Айюбдаги фавқулодда истеъдод эрта назарга тушди: у болалигиданоқ Қуръони каримни тўлиқ ёд олди, Исломий фиқҳнинг асосий мактабларидан бўлган Малики мадҳабдан воқиф бўлди.

Айюб Сулаймон навқирон ёшида африкалик қул савдогарлари қўлига тушиб, 1731 йилда Америкага сотиб юборилади. Мэриленд штатидаги тамаки плантацияларига эгалик қилувчи хонадонда қулликка мажбурланган Айюб машаққатларга қарамасдан кундалик ибодат ва исломий амаллардан воз кечмади. Хонадон эгалари уни таҳқирлашар, намоз маҳали унга ахлат отишар эди. Унинг қочишга уринишлари бесамар кетди. Бир гал уни қамоққа ташлашди.

Айюб Сулаймон қамоқхонада Томас Блуэт исмли инглиз ҳуқуқшуноси билан учрашади. Ёш африкаликнинг тақводорлиги, саводи ҳамда ақл-заковати, эътиқодига садоқати Блуэтни бағоятда таъсирлантиради. Ҳуқуқшунос кейинчалик ўзининг "Касбим билан боғлиқ айрим хотиралар" номли китобида Айюб Сулаймон тўғрисида шундай ёзади:

“У бетакрор хотира соҳиби эди; ўн беш ёшида Қуръонни ёддан сўзма-сўз айтар эди…”

Тақдир тақозоси билан, Айюбнинг қамоқхонада отасига ёзган мактуби Англияга бориб қолади. АҚШ нинг Жоржия мустамлакаси асосчиси Жеймс Эдвард қўлига тушган арабий тилдаги мактубни таржима қилдириш учун Оксфордга йўл олади.

Жеймс Эдвард мактубнинг баён услуби, ҳуснихат ва Айюб тасвирлаган машаққатлардан ниҳоятда ҳаяжонланади. Ёш ҳомили Қуръон билан тезроқ учрашиш истагида Жеймс зудлик билан Айюб Сулаймонни харид қилади ва озод инсон сифатида уни Англияга чақиради.

1733 йилда Англияга етиб келган Айюб инглиз киборлари каби тантанали кутиб олинади. Гарчи, қораларга маҳаллий аҳоли билан сўзлашиш тақиқланган бўлса ҳам, Айюб бундан мустасно эди. Африкаликларга паст назарда қараш, уларни ақлан қолоқ, деб ҳисоблаш бу ерда оддий ҳақиқат бўлган. Айюб Сулаймоннинг насроний ва яҳудий руҳонийлари билан баҳслари тез орада Лондоннинг энг қизиқ томошаларидан бирига айланади.

Айюб Сулаймон нутқларида барча инсонлар тенг қилиб яратилгани, эътиқоднинг замири инсонийлик, адолат жамиятнинг бош эҳтиёжи эканига урғу қаратади. Ёш мусулмоннинг диний билимлари, тақвоси ҳамда илгари сураётган далиллари илмий давраларда ҳурмат қозонади. Бундан таъсирланган Жеймс Эдвдард Жоржияда бир муддат қулликни тақиқлаб ҳам қўяди.

Айюб Сулаймоннинг таниқли сурати 1734 йилда -- она юртига қайтиш олдидан рассом Уильям Ҳоар томонидан чизилган.

Портрет ёруғлик ва сояларнинг маҳорат билан тасвирланиши эвазига жонлидек тус олган. Бироқ, суратнинг ўзига хослиги бу эмас.

Ўн саккизинчи асрда африкаликлар иштирокида ишланган суратларга эътибор қилсангиз, қиёфаларнинг нотабиий, жиркантирадиган қилиб ёки қораларнинг оқ танлиларнинг фонида тасвирланганига гувоҳ бўласиз. Ирқий нотенглик ва камситилиш санъатда ҳам йўл қўйилгани -- ҳақиқат.

Айюб Сулаймоннинг суратига боқинг: салобати ва нигоҳидаги ишонч ҳар қандай инглиз киборини доғда қолдиради. Унинг қалбидаги эътиқод суратда намоён бўлган. Мазкур портрет африкалик мусулмон, собиқ қул инглиз киборлари каби акс эттирилган илк санъат асаридир. Бу ўзига хослик Айюб Сулаймоннинг қад-қоматини тутиши, қатъий ишонч мавжуд кўзларида акс этган.

Аммо, суратдаги энг муҳим ўзига хосликка энди тўхталамиз, бу -- Айюб Сулаймоннинг бўйнида осиғлиқ жилд. Унда ўзи ёддан қайта кўчирган Қуръони карим нусхаси сақланар эди. Айюб унинг суратини солишлари учун икки шарти борлигини айтган. Бири, миллий-анъанавий одми кийимда бўлиши, иккинчиси -- уни муқаддас китоб билан тасвирлашлари керак эди. Шу тахлит Ғарб тасвирий санъатида илк маротаба Қуръон туширилган мусулмон портрети ишланган.

Икки йиллик машаққат ва хўрланишларга қарамасдан африкалик бу йигит эътиқоди, ўзлиги ва илмини йўқотмади. Ўз навбатида, эътиқоди, илми ва амали унинг ҳаётини сақлаб қолди.

Айюб Сулаймоннинг беқиёс хотирага эга бўлиши, муқаддас китобни ёд олиши, қул қилиб олиб кетилиши, қамоққа ташланиши, ҳуқуқшунос билан учрашуви ҳамда мактубнинг кутилмаганда англиялик йирик киборнинг қўлига тушиши, озод этилиши ва қадр топиши ... -- буларнинг барчаси ягона ҳикматнинг хосиятли кетма-кетлиги. Шу орқали Яратган Ғарб оламига Исломга ва унинг қанчалар ҳақ дин эканига ишора берган. Зеро, унга эргашганларнинг мақоми икки дунёда юксак бўлади.

Шуҳрат Сатторов тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қуръони Каримдан ақлни шоширувчи 10 мисол

806 11:00 03.12.2019

Норвегияда Қуръони каримни ёқишга уриниш қораланди

892 11:00 22.11.2019

Фаҳм билан тадаббур ўртасидаги фарқ

549 14:00 08.11.2019

«Озчилик»ми ёки «кўпчилик»?

666 12:00 07.11.2019

Ислом уммати Қуръонни тарк этди – бўлинди...

1180 08:00 24.10.2019

Норита бинти Муҳаммад – соқовларга Қуръони Каримни ёдлашга ёрдам берувчи илова тайёрлаган муслима

569 08:05 25.09.2019
« Орқага