Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

ЯХШИЛИК ҚИЛ!

577

Инсон туғилиб бу ёруғ оламда яшар экан, атрофдагилар билан мулоқотга, муносабатга киришади. У ўзи учун ҳамма нарсаси муҳайё бўлган тақдирда ҳам, кимгадир, нимагадир муҳтожлик ҳисини сезади. Шу сабабли инсонларнинг бир-бирларига ҳожати тушади. Кимларингдир маънавий кўмагига, кимларингдир моддий-иқтисодий кўмагига муҳтож бўлади. Шундай лаҳзаларда инсоннинг қадр-қиммати, кимлиги ва қандайлиги намоён бўлади. Яхшилик ва ёмонликнинг маъноларини чуқурроқ англаш учун Ҳадиси шарифга мурожаат қиламиз. Восила ибн Маъбад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф бунга ёрдам беради: “Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига у зотдан яхшилик нима эканлигини сўраб бордим. Шунда у зот: “Яхшилик ҳақида сўрагани келдингми?” дедилар. “Ҳа” дедим. У зот эса “Яхшилик кўнглинг тўлган, қалбинг рози бўлган нарсадир, ёмонлик эса кўнглингда тўқилган, кўксингда тараддудланган нарсадир. Агар одамлар сенга фатво берсалар ҳам” деб хитоб қилдилар. Болалигимни кўз олдимга келтираман. Оилада бешта фарзанд эдик. Бироқ биз ёш бўлганимиз учун оилада фақатгина дадам ишлар эди. Уларнинг маошлари катта рўзғор учун урвоқ ҳам бўлмас эди. Шунинг учун ҳар куни ҳам тансиқ таом пиширилавермас эди. Аммо бирор мазалироқ таом пиширилган куни онам албатта қайсидир қўшнига илинарди. Албатта, бу ишни биз фарзандлар бажарар эдик. Мен оилада кенжа фарзанд бўлганим учун, авваллари бу ишни опаларим ва акам бажарган. Кунлардан бир куни менга кўчамизнинг чеккароғидаги қўшнимизга таом элтиб беришимни айтдилар. Қанақадир машғулот билан шуғулланиб ўтирганим учун бу иш менга малол келди. Бунинг устига, овқатга қараб, аллақачон тушлик вақти бўлганини ва қорним очганини ҳис қилиб, сабрсизландим. Аммо онамнинг сўзларини ерда қолдирмай бажардим.

Қўлимдаги идишни ёши улуғ онахонга узатар эканман, унинг кўзларидаги қандайдир туйғуни кўрдим. У қўллари қалтираб идишни олар экан, тинмай мени дуо қилар эди. Бола қалбим шундай фахр хурсандчиликни ҳис қилдики, буни ҳозир ҳам ифодалаб бера олмайман. Буюк иш қилгандек ҳис қилдим ўзимни. Шу лаҳзада яна нимадир қилиб, кимгадир яхшилик қилишни хоҳлар эдим.

Йиллар ўтиб, нима учун онам бу ишни биз болаларга бажартирганлигини англаб етдим. Мурғак бола қалбимизга онам яхшилик уруғларини эккан эканлар. Яхшилик орқасидан етадиган туйғуни ҳис қилишимизни истаган эканлар. Яхшилик шундай амал эканки инсон уни қилса, қалбига хурсандчилик кирар экан. Ўзи қилган ишидан мамнун бўлар экан. Аксарият ҳолатларда, кўпчилик инсонлар оилавий муҳит тарбияси, ҳаётий тажрибаси, ёнидагилардан эшитган ва кўрган, ёки ўқиганларидан келиб чиқиб, қилаётган ишлари ва бажараётган амалларини тўғри деб баҳолайди. Қуръони каримда келтирилишича, яхшилик нафақа қилинар экан. Нафақа қилган яхшилигингиздан ота-оналарга, яқин кишиларга, етимларга, мискинларга ва ватангадоларга бўлсин, дейилган. Бир киши Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, энг аввал кимга яхшилик қилиш кераклигини сўраганларида, ул зот уч маротаба онангга деб такрорлаган эканлар. Сўнгра отангга ва яқин қариндошларингга деган эканлар. Дарҳақиқат, оналаримиз биз учун дунёда энг аъло нарсаларни илинувчи, чексиз меҳр манбаи экан.

Фарзанди учун жони, умрини бахшида этувчи, орзу-умидлари, манфаатларидан воз кечувчи мўътабар зот экан. Мен буни умр пиллапояларидан аста-секин кўтарилиб, катта ҳаётга кириб борар эканман, англаб ета бошладим. Ҳали айтганимдек, биз оилада бешта фарзандмиз. Катта акам болалигидан ногирон. Кийинишда, овқатланишда, ўтириб-туришда албатта кимнингдир ёрдамига муҳтож. Ўша кимдир албатта ОНАМ. Онам тўй-ҳашамларга, зиёфатларга кўп боравермасди. Ҳаттоки яқин қариндошларимизнинг тўй-маракаларига дадам билан бизни юборар эди.

Ўзлари акам билан уйда қолар эдилар. Онам барча фарзандларини бирдек яхши кўрадилар, аммо, акамга меҳри бўлакча. Бизни ҳам акамга меҳрибон қилиб ўстирдилар. Бизга бирор ўйинчоқ, кийим олиб келсалар, буни аканг олиб келди сизларга ёки аканг айтгани учун олиб келдим деб айтардилар. Бу билан бизларни акамга нисбатан янада меҳрлироқ бўлишимизни истаганлар. Афсуски, акамга ўхшаган беморлар кўп яшамас экан. Бу албатта шифокорларнинг фикри. Умрни белгиловчи, аввало Аллоҳдир. Акамни даволаган шифокори кўп билан 10-15 йил яшаса керак деган экан. Орадан ундан-да кўпроқ вақт ўтиб, ўша шифокор бизнинг туманга йўли тушганда, ўша боланинг касаллик варақасини олиб келинглар, охирги вақтларда қандай касалликларни бошидан ўтказди деб сўраганида ҳамширалар нимага охирги кунлари у бола ҳали ҳам ҳаёт деб айтган сўзларига ишонмай, уйга келиб, гувоҳи бўлган экан. У киши ҳаётда бундай воқеалар камдан-кам ҳолатларда учрашини, бу ҳам Аллоҳнинг мўъжизаси эканлигини айтибдилар. Бу чексиз меҳр-муҳаббат, парвариш, эътибор натижаси эканлигини тан олиб, онамга катта миннатдорчилик билдирган экан. Бугунги кунда оилавий тинч, фаровон, бахтли ва осуда ҳаёт кечиришимизга, ютуқларга эришиб, билим чўққиларини эгаллашимга фақат битта нарса, онам қилган яхшилик ва саховатларга Аллоҳнинг мукофоти деб биламан. Шу тобда бир нарсани ўйладимки, меҳр-муҳаббат, эътибор, ва яхшилик инсонни руҳан тарбиялаб, яшашга бўлган умидини уйғотар экан. Зеро дунёда шундай меҳрибон, оқкўнгил, жонкуяр оналар бор экан, ер юзида қобил, комил, ватанпарвар ва фидокор фарзандлар улғаяверади. Шу сабабли Яратган Ўзбекистонимизни ёмон кўзлардан ва балолардан асраб келаётган бўлса, не ажаб.

Беҳрўз Шарапов,
Тошкент шаҳридаги
Wэбстер Университети талабаси

Ушбу ҳикоя “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўтказилаётган “Яхшилик қил-2021” танловига юборилган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Юздаги тукларни теришнинг ҳукми

645 23:00 05.05.2021

Журналист суд жараёнига аралаша олмайди

222 22:30 05.05.2021

Бельгия: эронлик дипломат бўйича суд ҳукми кучга кирди

285 22:00 05.05.2021

Мусулмон бўлмаган полициячи Рамазон ойида рўза тутади

459 21:30 05.05.2021

Буркина-Фасо, Яман ва Жанубий Судан очарчилик гирдобида

324 21:00 05.05.2021

Ўзбекистоннинг Афинадаги консуллиги ёпилади, Швецияда элчихона очилади

444 20:30 05.05.2021
« Орқага