Яхшиликка тўла ой

07:00 23.05.2018 203

Рамазон – покланиш ойи. Рўза инсонни ҳалол-покликка даъват этади, қалбини турли ғуборлардан тозалайди.

Рамазон – раҳмат ва мағфират ойи. Аллоҳ таоло яхши ишлар учун ажру мукофотларни бир неча баробар ошириб берадиган бу кунларни ғанимат билиб, гуноҳлардан покланишга, хайрли ишларни кўпайтиришга шошилишимиз лозим. Зеро, ҳадиси шарифда Рамазон келганида жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркитилиши айтилади (Бухорий ривояти).

Рамазон – саховат ойи. Бу ойда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саховатлари янада жўшар, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, айниқса, Жаброил алайҳиссалом билан бирга Қуръони каримни такрорлаган вақтларида жуда зиёдалашар экан (Муттафақун алайҳ). Биз ҳам у зотдан ўрнак олиб, Рамазон кунлари оиламизга, қариндош-уруғларга, бева-бечоралар, кам таъминланган қариялар, беморларга имконимиз борича моддий ёрдам беришимиз керак.

Рамазон – бандаликни камолига етказиш ойи. Рўзадорликда Аллоҳ таоло розилигини топиш нафс истагидан устун туради. Инсон ейиш, ичиш ва жинсий истакларидан тийилиш билан борлиғини Яратганга бандаликка бўйсундиради. Буларни Аллоҳ ризоси йўлида қилади ва У Зотга бошқа амал билан бу даражада яқин бўлолмайди.

Рамазон – нафсни тарбиялаш ойи. Комил рўза эгасини ёлғон сўзлашдан, бўҳтон қилишдан, ҳаромдан, номаҳрамларга ҳирс билан қарашдан, хиёнат каби ношаръий ишлардан қайтаради. Одамни сабрга одатлантиради. Ирода қуввати, собитлик ва қатъийлик сифатларини пайдо қилади. Кишининг руҳан, ақлан ва жисмонан баркамол бўлишига ёрдам беради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уйланишга қодир бўлмаган ёшларга шаҳват қувватини жиловлаш учун рўзадорликни тавсия қилганлар (Муттафақун алайҳ).

Рўзадор киши ўзини турли ножоиз амаллар ва шаҳватга чорловчи ҳолатлардан асраса, азиз ва ҳурматли инсонга айланади. У ўзининг одамлигини ва майлига тобе ҳайвонлардан фарқли эканини ҳис қилади.

Рамазон – раҳм-шафқат ойи. Рўза тавозега, бошқаларга раҳмли, меҳрибон бўлишга ўргатади. Инсон рўза орқали ўз қадрини билади, заифлигини ҳам ҳис қилади. Ким ўз қадрини билса, унга яхшиликлар эшиги очилади ва тўғри йўлда бўлади.

Рамазон – саломатлик ва интизом ойи. Дарҳақиқат, рўза инсон руҳини муолажа қилиш билан бирга, жисмоний сиҳатини ҳам мустаҳкамлайди. Ҳадиси шарифда айтилади: “Рўза тутинглар, саломатлик топасизлар” (Табароний ривояти). Тиббиёт мутахассислари ҳам рўзанинг ижобий таъсирини мукаммал баён қилишган. Рўза инсонни тартиб-интизомли, диққат-эътиборли бўлишга ҳам ўргатади. Бунга у муайян вақтда оғизни беркитиш ва вақти кирганда ифтор қилиш риояси билан эришади.

Рамазон – барокат ойи. Бу ойда рўзадорнинг ўзи, оиласи ва уммат учун сероблик ва фаровонлик ҳосил бўлади. Очлик ва чанқоқликни ҳис қилган рўзадор овқат, сув танқислигида яшаётган камбағалларга яхшилик соғинади. Уларга ёрдам беришга уринади, ҳақларига дуо қилишдан эринмайди.

Рамазон – тақво ойи. Рўза инсонни амалда ихлос қилишга ва махфий ҳамда ошкора тақвога ўргатади. Агар инсон ихлосли, тақволи бўлса, ўзига юклатилган масъулият ва вазифани мукаммал адо этади. Ношаръий нарсалардан сақланади. Бахтли ва ризолик ҳолида яшайди. Жамият ҳам ундан катта фойда олади. Ҳадиси шарифда айтилади: “Ким ёлғон гапдан ва унга ишониб иш кўришдан тийилмай, жоҳилликда давом этаверар экан, еб-ичишдан тийилиши (рўза тутиши)нинг Аллоҳ таолога кераги йўқ!” (Имом Бухорий).

Баъзи уламолар таом ейиш рўзани бузганидек, ғийбат ва ёлғон гап ҳам рўзани бузади, деб айтишган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом икки ғийбатчи рўзадор аёл ҳақида: “Булар Аллоҳ ҳалол қилган таомдан ўзларини тийиб, рўзадор бўлишди ва Аллоҳ ҳаром қилган, яъни ғийбат билан рўзаларини бузишди”, деганлар (Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таборака ва таоло муборак Рамазон ойида тутаётган рўзаларимизни, тоат-ибодатларимизни ўзининг фазлу карами ила қабул қилиб, барчаларимизни улуғ ажру савобларга эриштирсин!

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!