Наср

Яхшиликнинг қудрати

1304

Ўша вақтларда талаба эдик. Уйимиздан олисда, анчагина қийналиб қолганмиз. Айниқса, пойтахт муҳитига ҳали тўла кўникмаган биринчи курслар ёзги таътилни орзиқиб кутамиз. 
Қоринлар тўймайди. Ётоқхона ошхонасидан қайси қозондан ширин ҳид чиқса, индамай ўғирланадиган вақтлар. Гўштсиз пиёва пиширсак ҳам тепасида пойлаб турамиз. 

Албатта, ҳамманинг ҳам аҳволи оғир эмас. Тошкентда қариндош, таниш-билиши борлар ва узлуксиз уйидан ёрдам келиб турадиганлар зориқиб қолмаган. Баъзи қизлар эса барига тупуриб, аллақачон бокираликдан ҳам мосуво бўлишганди. Йигитлари таъминлаб турса бас! Эртасини ўйламай қўйган тенгдошларимиз ҳаром-ҳаричнинг фарқини билмай, наҳс ичида кун кечиришарди. 

Ётоқхона ва олийгоҳ ўртасидаги йўл каттагина маҳалла ичидан ўтгани учун кўпинча яёв бориб, қайтамиз. Шунда кўчада ўтирган хотинлар саломимизга алик ҳам олгилари келмаётганига гувоҳ бўламиз. Баъзан эшиттириб “обшаганинг қизлари” деб ошкора мазахлаб ҳам қўйишарди. Ўз қишлоғимизнинг билимдон қизлари бўлсак ҳам пойтахтдек шаҳри азимда яшаётган бу онахонларга бизни хақорат қилиш семичка чақишдек гап эди. Битта тиррақи подани булғайди деганларидек. Ахлоқи бузуқ ўша қизлар биз турадиган ётоқхоналарда яшаётгани учун ҳам индамайгина ўтиб кетардик. 

Биринчи курснинг охирроғида иш излаб қолдим. Аммо дарсдан кейин пул топишнинг ўзи бўлмасди. Шаҳар қанчалик катта бўлмасин, нон топаман дегани ҳам сероб. 

Бир куни мардикор бозори ҳақида эшитиб қолдим. Дам олиш куни озроқ пул ишлаб топса, бир ҳафта яшаш мумкин. Хомчўтларимдан қувониб қизларни йиғдим. Шерик билан чиқиш керак.

Кўпчилик бўлсак, иш ҳам тез тугайди. Қолаверса, биров ортиқча гапира олмайди. Аммо мен кутганимдек хурсандчиликни кўрмадим. Қизларнинг кўзлари пиёладай чиқиб кетди:

– Жиннимисан? Қанақа мардикор бозор? Эшитмадингми у жойга қанақа хотинлар чиқишини? 

Уларнинг ваҳимасида асос бор эди. Ётоқхонамизда бўлгани каби қадами енгил аёллар мардикор бозорига ҳам чиқиб туришарди. Қўйлиқдаги кўприк тагида туришлари, эркаклар билан кетиб, бошқача пул топишлари ҳам қулоғимизга чалинган эди. 

Аммо ўз билганимдан қайтмай, қизларнинг ҳам фикрини ўзгартиришга ҳаракат қилдим: 

– Уларнинг ичида бола-чақа боқаман деганлари ҳам бор! Қачонгача ота-онамизга юк бўламиз? Фарида, мана сен, менга ўхшаб ошқозонингни оғрититиб қўйдинг. Нилуш, ҳаммадан қарз сўрайсан. Нозима, дарсда нимага йиқилиб тушдинг? Ўзим-чи, пулим йўқлигидан туфлимни ҳам қоқтира олмаяпман. Стипендиягача анча бор. Э қизлар, чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди! 

Қизларнинг бир-иккитаси унагандай бўлишганди, Ваҳима лақаби билан сийланган Раҳиманинг хабаридан дамлари ичига тушди.

– Каллаларинг борми? Бир ойгина аввал ойна артгани борган қизларни зўрлаб, кейин ўлдириб, анҳорда оқизиб юборишганини эшитмагансанлар-да? Пистачи холанинг ўзи айтди. Ота-онаси ҳам таний олмайдиган даражада шишиб кетишибди. Ундан кўра оч ўтирганларинг яхши! Мардикормиш!

Хуллас, ваҳимачининг ваҳимаси асосли кўриниб қизлар шаштидан қайтди.

Шундай бўлса-да, якшанба куни саҳар уйғониб, хонадошимни уйғота бошладим. Бир ўзим боришга қўрқиб, астойдил ялиндим. Аммо иссиқ ўрнини совитгиси келмаган дугонам жеркиб, бошини ўраб олди.

Бекатга чиқдим. Ойлик йўл чипта ололмаганим учун йўлкира ҳам қарз. Юнусободдаги энг яқин мардикор бозоригагина етадиган пулим бор. Ҳартугул, у томонларга олиб борувчи автобус тонг саҳардан юрарди. Чиқиб олдим. Юпунгина кийинганим учун совуқ автобус ичи ҳам иссиқ туйилиб маза қилиб етиб олдим. 

Бозорни кўрсатиб қўйган ҳайдовчига раҳмат айтиб тушгач, йўлнинг нариги томонига чопиб ўтдим. 

Қарасам, тумонат одам. Бозорнинг номи ёзилган лавҳани кўрмаган бўлсам-да, дадил қадам ташладим. Довдирамаслигим керак, йўқса янгилигимни билиб қолишади, дея ўзимни қўлга олдим.

Бир томонда соч-соқоли қиртишланмаган эркаклар, бошқа томонда одмигина кийинган, елим халтали аёллар. Ўша томонга ўтиб, бир чеккага бориб турдим. Ора-сира рўмолимни яхшироқ танғиб, пешонамни ёпишга ҳаракат қиламан. Ахир ўн саккизга эндигина тўлган, навниҳол қизман. Биров бошқа мақсадда келган деб ўйламасин деб энг эски кийимларда чиққан бўлсам-да, қўрқаман. Енгил аёллар ёнига келиб қолмадимми, деб атрофимга ҳам тинмай аланглайман. Бир-икккита, тўп-тўп бўлиб турганларни кузатаман. Унақаларга ўхшашмайди-ку, деб ўзимни тинчлантириб ҳам қўяман. 

Болалигимда дадам катта даламизга пиёз экардилар. Дам олиш кунлари ва таътилда ёрдамга чиқардик. Автобусларда ишга келадиган қиз-жувонлар мардикор деб аталишини билмасам-да, ҳар қалай ёлланиб ишлашаётганига ақлим етарди. Шаҳар ичидан турклар, қишлоқлардан тожик, ўзбек, қирғиз аёллари пиёз ўтоқдан тортиб, ҳосил йиғишгача қатнашарди. Эрталабдан кечгача ишловчиларга дадам беш сўмдан тўларди. Ҳар бир гуруҳнинг битта сардори, битта чой ташувчиси бор. Мен гоҳ турклар, гоҳ тожиклар ва қирғизлар орасига тушиб, теппа-тенг ишлашга ҳаракат қилиб, мақтов эшитишни яхши кўрардим. Баъзан шаҳарга иш билан кетган дадамнинг ўрнига тушликда катта қозонда овқат пишириб, сомоворда чой ҳам қайнатиб турардим. 

Тавба дейман атрофга алангалаб, ҳамманинг ўзига яраша ташвиши бор-а... Бўлмаса, дам олиш куни шу ерга чиқишармиди? Кино, театр, концерт тиқилиб ётган пойтахтда ўйин-кулгини ўйламай, ёки маза қилиб ухламай, совуқдан жунжикиб турган анави аёллар ҳам одам-ку!

Ҳамма тўхтаган машинага дув этиб югуради. Мен ҳам. Аранг орага тиқилиб олсам, биров туртиб,биров ўшқириб бу жойнинг ўзига яраша “эгалари” борлигини шу тарзда исботламоқчи бўлишади. 

Ишчи излаб келган харидорлар ҳам ҳар хил бўлар экан. Айримлари бу ерга мол бозорига киргандай келишади. Машинадан виқор билан тушиб, олдига югуриб борганлардан ижирганиб, уларга бир сафга тизилишни буюришади. Сўнг совлиқ танлаётгандай ишталабларни калишидан рўмолигача обдон кўздан ўтказиб, қўлидан нима иш келишини суриштиришади. Жавоб бераётганни чўрт бўлиб, кейингисига юзланишади. Ишни ва қанча тўлашларини энг охирида айтиб, кайфиятлари тушиб кетган аёллар устидан кулишади. Кўзларига умидвор тикилиб турганлар орасида туққан оналаридан ҳам ёши улуғроқлари борлиги харидорни уялтирмайди. Истасанг шу, истамасанг катта кўча деб, бошқалар томон йўналишади. Боридан ҳам айрилиб, кечгача иш топилмаслигидан қўрққанлар харидорга ёпишиб: “Ўғлим! Ака! Укажон! Розимиз, айтган пулингизга ишлаймиз!” – деб ялинишади. 

Яна бир турдаги харидорлар машинадан ҳам тушмайди. 

– Сен, сен, сен... ҳа, сен ҳам, – деб югуриб келган аёлларни танлаб. – Иш бор. Машинага ўтирларинг, – деб буйруқ бериб, меҳнат ҳақини ҳам келишмай мардикорларни олиб ғойиб бўлишади. 
Бу даҳмазаларни кузатиб, бошим айланиб кетди. Беш-ўн қадам наридаги сомсахонадан таралаётган ёқимли ис иштаҳамни қитиқлаб, кеча тушликдан бери овқат кутаётган ошқозонимни тилиб ташлади. Вақт ҳам ўндан ўтиб қолган. Аёллар сафи анча сийраклашиб қолгани билан ҳали ишталаб кўп. Баъзилар хайрихоҳ, баъзилар ўқрайиб менга қараб қўйишади. Олдимга бирорта эркак яқинлашиб: “Иш бор эди. Чиқасизми?” – деб фақат менга юзланса, сапчиб: “Мени ким деб ўйлаяпсиз?” – деб аёллар томон қочаман. Устимдан кулаётган, бу бозорниннг пасти-баландини обдон ўзлаштирган тажрибали хотинларга эътибор бермай, яна йўл қарайман.

Мен тўртинчи тоифадаги, яъни инсофли ва имонли иш берувчи келишини пойлардим эрталабдан буён, шунақалари ҳам бўлди. Қанақа машинада келишидан қатъи назар, мардикорлар билан салом-алик қилиб, ҳурматни жойига қўйиб гаплашишади. Иш ва шароитни обдон тушунтиришади. Айтган нархлари қониқтирмаса, иш ҳақини бироз кўтаришади ва керакли одамларни олиб, қолганлардан узр сўраб кетишди. Аммо ундайлар кўп бўлмас экан.

Вақт пешинга яқинлашгандагина ёши каттароқ бир хотин: “Қизим, қулупнай териш керак экан. Менга шерик бўлмайсизми?” – деб қолди. Азбарои очиққанимдан ва ётоқхонага қайтишга ҳам пулим йўқлигидан иш берувчи кимлигига ҳам қизиқмай ортидан эргашдим. “Жигули”да тўрттагина аёл кетяпмизу, худди қирқта йўловчиси бор автобусда тик кетаётгандай кўнглим озади. Ҳали танишмаган шерикларимдан истиҳола қилиб, ҳолатимни билдирмасликка ҳаракат қиламан. 

Ёши каттароқ, дадамлар тенги хайдовчидан у-бу нарсаларни сўраб кетаётган ҳамроҳларимнинг овози ғўнғиллаб, чўзилиб ёқмайди. Ошқозонимда-ку аллақачон қаттиқ оғриқ турган. 

Ниҳоят етиб келдик. Қўлларга кичик челакларни олиб, ишга тушдик. Қулупнайзор эгаси бизни олиб келган одам – Маҳкам ота экан. Қулупнайлар ҳам роса пишибди. Бир ҳафтача аввал бозорга борганимда ҳиди тутиб кетган бу резавордан ярим килоча олиб егим келганди. Нархини сўрадиму, ўзимни орқага ташладим. Чунки сотувчи айтган нархга биз талабалар бир ҳафта овқатланишимиз мумкин эди. Мана, улардан бемалол тотиб кўриш мумкин. Ёнимга тушган хотин битта қулупнайни оғзига солиб, намойишкорона илжайди. Ёмғирлар тиниб, қуёш еб қолган қулупнайлар бемаза бўлиши мумкин эмас. Мен ҳам еб кўрсаммикин? Энди биттасини тишлайман десам, қорнимдаги санчиқдан қалқиб кетдим. 

Ўзимни қўлга олишим керак. Бўлмаса касалванд экан деб, ҳайдаб юборишмасин. Биттагинасини узиб, оғзимга солай деганимда, яна оғриқ кучаяди. Шундагина дадамнинг: “Бировнинг нарсасини бесўроқ олма”, – деган гапи ёдимга тушди. Болалигимизда колхоз боғидан тўкилган шафтолиларни олиб келиб балога қолгандим. Гап эшитиб, йиғлаб орқамга қайтганим, майли, қоровулни топиб кечирим ҳам сўраганимни эсладим. Мен учун бир умрлик сабоқ бўлган ўша воқеалар туфайли кўзимни қамаштириб турган қулупнайлардан кўнгил узиб, челакчани тўлдира бошладим. У тез тўлади. Авайлаб катта тоғорага бўшатиб, яна эгатга тушамиз. Аммо иккинчи эгат охирига етмай чайқалиб кетдим. Еру осмон чирпирак бўлиб, сўнг кўз ўнгимни қалин туман қоплади. Қолгани эсимда йўқ... 

Кўзимни очганимда чайлада эдим. Атрофимни ўраб олганлардан уялиб, туришга ҳаракат қилдим. Гап нимадалигини тушунган Маҳкам ота одамларга бир пиёла чой бермай ишга чиқаргани учун ўзини койиб, дарҳол дастурхон ёзишни буюрганди. 

Аввал пиёлада новвот чой ва бир бурда нон беришди. Ўзимга келдиму, хижолатдан қизариб кетдим. Қайноққина шўрвани пуфлаб-пуфлаб ичаётганимда ота мени суҳбатга тортди.

Талабалигим, ётоқхонада яшашимни ҳам билиб олди.

Тушдан сўнг ҳаммадан кўп қулупнайни ўзим терибман. Ота қаёққадир кетган экан. Пишган қулупнайлар ҳам тугаган. Шерикларим уват бошига чиқиб чўзилганча дам олишарди. Чайлага ўтдим.

Бизга овқат тайёрлаб берган кексароқ аёлнинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай қўлидан супургисини олиб, атрофни тозалаб супурдим. Овқати олинган қозон ва идишларни ювиб, сўнг қолганларни чақириб бир пиёладан қайноқ чой ичдик. 

Ота келиб, иш ҳақимизни ва бир челакдан қулупнай берди. Ҳаммани айтган жойига, энг охири мени ётоқхонага олиб келди. 

– Қизим, – деди, менга самимий, – бошқа мардикор бозорига бориб ўтирманг. Кейинги дам олиш куни сиз ишламоқчи бўлган бошқа дугоналарингизни тўпланг. Мен ўзим сизларни шу ердан олиб кетаман. Ҳали қулупнай кўп. Далам ҳам анчагина катта, ҳаммангизга иш топилади.

Бир челак қулупнай ва пул билан келганимни кўрган қизлар бармоқларини тишлаб қолишди. Бири қўйиб, бири савол берар экан, уларни айнитган Раҳимани яниб ҳам қўйишади.

– Ана, сен ҳеч нарсадан қўрқмай пул топиб келдинг. Биз бўлса бекор, бунинг устига, оч қорин билан кунни кеч қилдик. 

– Ҳаммасига анави Ваҳима айбдор-да! Мен бормоқчи бўлдим, ўшанинг гапига ишонибман-да, ўртоқ. 

– Яна борасизми? Мен ҳам бирга чиқардим. Ота-онамга ҳам анча ёрдам бўлар экан. 

Мен қизларга Маҳкам отанинг гапларини етказдим. Улар қувонгандан мени қучоқлаб олишди. 

Қулупнай хонамгача етиб келмади. Қоровул амакининг постидаёқ чаққон дугоналарим чайиб келишганди. Ўтган-кетганни сийлаб, қизлар маза қилиб қулупнайхўрлик қилишди.

Олти кундан сўнг ётоқхона дарвозаси олдида йигирматадан ортиқ қиз тўпландик. Маршрутка дегани бўларди, Маҳкам ота билиб шундай машина олиб келибди. Ҳаммамиз сиғдик. Ҳазил-мутойиба билан далага ҳам етиб келдик. Ишга унамоқчи эдик, ота унамай чайла томон бошлади. 

Нонушта тайёр экан. Дастурхон жуда тўкин. Буғи чиқиб турган бўрсилдоқ нон, қаймоқ, асал... Ҳали тотишга улгурмаган Тошкент қазисидан тортиб, пиширилган гўштгача бор. Содда қизлар мени туртиб қўйишади:

– Мардикорларни шунақа боқишадими?

– Ўзи қулупнай терамиз, холосми? 

Бу томонимда ўтирган Раҳима оғзида чайнаётган қазиси билан ғўлдираб, ваҳимани бошлади:

– Э, менга қара! Ростдан ҳам ўтган гал шу ерга келганмидинг? Яна бир балога илакишиб қолган бўлмайлик. 

Ўзим ҳам ҳайронман. Ўтган гал оддий нон-чой ва шўрва ичгандик. Ҳозир туғилган кун ёки бирорта базмга келгандек тўкинлик. Фақат шоҳона бўлса ҳам, заранг ерга тўшалган дастурхон ва устимиздаги эски кийимларимиз тантанада эмаслигимизни билдириб қўярди. 

– Эй бўлди-да! – деди бақалоқ Эъзоз нонни қаймоққа булаб. – Берганини индамай енглар-да, отдек ишла! Ваҳима, сенинг номеринг ўтмайди. Энди ҳар доим мардикорликка чиқамиз ! – деб ҳаммани кулдиргач, хавотирлар ҳам тарқаб кетди. 

Қорнимиз обдон тўйгач, хурсанд бўлиб қўлимизга елим челакчаларни олиб эгатларга тушдик. Маҳкам отага қанақа меҳнаткаш қизлар эканимизни кўрсатиб қўйгимиз келди. Аммо, қулупнайлар қани? Яккам-дукам қизариб турганларини айтмаса, дала қуп-қуруқ-ку! Теришни билмаяпмизми, деб қизлар мени кузатишади. Мен ҳам қизларга роса мақтаган қулупайларни топа олмай довдираб қолдим.

– Ўтган якшанба беш қадамда челакча тўларди, – деб эгилиб, барглар остини ҳам астойдил қараб чиқяпман. Дам-бадам қизлар,яхшироқ қидиринглар, мени шарманда қилиб қўйманглар, деб ишларини кузатиб ҳам тураман.

Пешин бўлдию, челакчалар тўлмаса-я. Бу ҳам етмагандек овқатга чақириб қолишди.

Қорнимиз тўқ. Кейинроқ тушликкка чиқамиз, дейишимизга қарашмади. Отанинг ўзи чорлагач, ноилож чайлага чиқдик. Тўлмаган идишларни қалдирмоқ барглари билан ёпиб, қуриган ариқча ичига яширгач, юз-қўлларимизни ювиб олдик. 

Дастурхон эрталабкидан ҳам тўкин эди. Сергўшт ошни анчадан буён емаганимиз учун ол-олга ҳам қарамадик. Паловдан сўнг ширинликлар ва сархил мевалардан тотиб, эндиям қулупнайларни топмасак бўлмайди, деб пичирлашамиз. Пича дам олгач, ишга тушмоқчи бўлиб, дуо ўқиб, дастурхондан қўзғолдик. 

Қарасак, ариқча ичига беркитган челакчаларимиз йўқ. Ҳайрон бўлиб атрофга алангладик. Тирсагимдан туртган Эъзоз ишора қилга томонга қараб, ловуллаб кетдим. Маҳкам ота ярим-ярим челакларни авайлаб тўлдириб, тўлганларини елимхалтага солаётган экан. Оёғимизни судраб, аранг олдига бордик. Қани энди ер ёрилса, кириб кетсак. Аммо ота ҳаммамизни тинчлантириб жилмайди;

– Уялманглар, қизларим. Яхши терибсизлар! 

Ерга қадалган нигоҳларимиз ота томонга қаролмайди. Бирпасдан сўнг ўзим сас бердим

– Маҳкам ота, ҳалиги... ҳалиги сиз хавотир олманг, қулупнайларни топамиз!

Ота қилаётган юмушини тўхтатиб, маза қилиб кулди. Сўнг ўзини базўр тўхтатиб деди:

– Қаердан? Қулупнайнинг ўзи йўқ-ку!

– А?

– Нима?

– Қанақасига?

Ота яна кулди.

– Шунақасига! Қулупнайимни сотиб тугатдим. Сизларни ғазанакка чақирдим. Бир меҳмон қилгим келди-да. Ҳаммангиз уйингиздан узоқда, мусофирсизлар. Мен ҳам қачонлардир талаба бўлганман. Қирқ йилча бурун Москвада ўқиганман. Ота-онадан узоқда яшаш осонмас. Вой, мунча хижолат бўласизлар. Ана, ҳали қанча иш бор бу ерда! Кузда помидор, балғар, бақлажонларим пишса, албатта, сизларни олиб келаман. 

Шундан сўнг елкамиздаги тоғ қулагандек енгил тортдик. Махкам отадан нимаси қачон пишишини тахминан бўлса ҳам айтишини сўрар эканмиз, бугунги яхшиликларини тез орада қайтаришни ният қилдик. 

Ётоқхонага зўрға қидириб топган ширин қулупнайлар билангина қайтдик деб адашган эканмиз. Елим халталарнинг биридан қоғозга ўралган пул ва хат чиқди. 

Уни ҳаммага ўқиб бердим.

“Пулни тенг тақсимлаб, бемалол ишлатинглар, қизларим. Бу сизларга аванс. Яна теримга чақирганимда ишлаб берасизлар”.

Ўшанда ким қарзини қайтаришга, ким бозорлик қилиб олишга ошиққан, яна кимдир анчадан буён қоқтира олмаётган туфлигини олиб, ямоқчига чопиб қолганди. 

Нафақат кузда, балки олийгоҳни битиргунга қадар, Маҳкам отанинг даласидаги мавсумий ишларга чиқиб турдик. Ҳар сафар иш ҳақимизни олиб, челакларни ҳам тўлдириб қайтар эканмиз, отанинг ҳақига дуо қилиб чарчамасдик. Йўқчиликдан қийналган қизларнинг қанчаси бизга қўшилиб ҳалол меҳнат билан ризқини топиб кетди. Қорнимиз тўқ, устимиз бут, хурсандчилигимизнинг чегараси йўқ, муҳими, дунёда яхши инсонлар кўплигига амин бўлган эдик...

Муаззам Иброҳимова

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Учар пофабзаллар

1004 00:00 10.05.2020

Ўлимдан илгари...

1375 23:30 09.05.2020

"Олифта йигитлар" мени уялтиришди... 

2885 13:30 04.05.2020

Рамазон ~ кўмак ойидир

215 09:00 30.04.2020

Яхши ота-она бўлиш сири!

2432 07:00 30.04.2020

"Яхшилар бор экан, қиёмат қойим бўлмайди..."

1212 03:00 27.04.2020
« Орқага