Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Яман: афтодаҳол ўлканинг бошига тушган балолар 

987

Саудия Арабистони бошчилигидаги халқаро коалиция Яманда исёнчи ҳусийларга қарши ҳукумат кучларига ёрдам бериш мақсадида операция бошлаганидан бери 2 минг кун ўтди. Бироқ ҳалигача бу ерда барқарорлик ўрнатилмади, қарама-қаршиликлар тинмади. 

Узоқ вақтдан бери сиёсий беқарорликка саҳна бўлиб келаётган Яманда қуролли шиа гуруҳи – ҳусийлар 2014 йилнинг сентябрида пойтахт Сано ва баъзи ҳудудлар назоратини қўлга олди. Улар ташқаридан ўзлари учун ҳомий ҳам топди – Эрон. 

Пировардида ҳусийлар ва ҳукумат кучлари ўртасида қақшатқич тўқнашувлар бошланди, ҳукумат мамлакат жанубидаги Адан шаҳрини муваққат пойтахт деб эълон қилди. Президент Абдураббу Мансур Ҳодийнинг илтимосига биноан Саудия Арабистони бошчилишигидаги халқаро коалиция 2015 йилнинг 26 мартида ҳукумат кучларига ёрдам кўрсатиш учун операцияга киришди. 

Коалиция кучларининг мақсади “Қатъий бўрон” ва “Умидга қайтиш” номли икки операция билан Яманнинг бутун ҳудудини президент Ҳодийнинг бошқаруви остига ўтказиш эди. Орадан 2 минг кун ўтган бўлса-да, халқаро коалиция ҳанузгача мақсадига ета олмади. БМТ етакчилигида сиёсий музокаралар ўтказишга уриниш ҳам бесамар кетди. 

Шундай қилиб, халқаро коалиция шарофати билан Ямандаги қуролли тўқнашувлар қисқа вақт ичида тўхташига бўлган умид чиппакка чиқди. Айниқса нефтга бой Мариб шаҳри ва бошқа ҳудудларда тўқнашувлар тингани йўқ. Қолаверса, яқин орада Ямандаги низога сиёсий ечим топиладиганга ўхшамаяпти. 

Таъкидлаш жоизки, ҳукумат кучлари халқаро коалициянинг ёрдами билан мамлакат жанубидаги Адан, Шабва ва Абян шаҳарларининг назоратини қайтариб олди. Жануби-ғарбдаги Лахиж, Дали ва Тоизнинг аксар қисми ҳам ҳукумат назоратига ўтган бўлса-да, бу шаҳарлардаги муҳим нуқталар ҳамон ҳусийларнинг қўлида.  

Ҳукумат армияси Ҳадийда ва Ҳажжада ҳам муваффақиятга эришди ва айрим туманларни қайтариб олди. 

Аҳоли зич яшайдиган Санони ҳам ўз ичига олган шимолда эса уруш бошлангандан бери аҳвол кўпам ўзгаргани йўқ. Санодан ташқари Ибб, Замар, Амран, Рима сингари шаҳарларни ҳам ҳусийлардан қайтариб олиб бўлмади. 

Ҳусийлар эса нефтга бой Марибни шу пайтгача эгаллашнинг уддасидан чиқолмади. Охирги ҳафталарда мазкур ҳудудда тўқнашувлар кучайгани кузатилмоқда. Мариб шаҳри ҳукуматнинг шимолдаги “охирги қалъаси” сифатида баҳоланмоқда. 

Халқаро коалиция 2015 йилнинг мартидан бери Яманда жуда кўп авиаҳужумларни амалга оширди. Бу ҳужумларда ҳусийлар нишонга олингани айтилса-да, тинч аволи вакиллари орасида ҳам анчагина қурбонлар бўлди. 

Ҳусийлар жорий йилнинг мартида тарқатган баёнотда халқаро коалиция 2015 йилдан бери 257 мингдан ортиқ ҳаво ҳужумини амалга оширганини иддао қилган эди. Бу ҳужумларга жавобан ҳусийлар Саудия Арабистонидаги ҳарбий ва бошқа муҳим нуқталарга 400 тадан кўп ракета отган. 

Айни пайтга келиб, Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция 2015 йилда ўз олдиган қўйган мақсадлардан четга оғгандек кўриняпти. Хусусан, Саудия Арабистони Яманда ўз кучини орттиришга зўр бераётган бўлса, коалициядаги иккинчи йирик давлат – Бирлашган Араб Амирликлари жанубдаги айирмачиларни қўллаб-қувватлашга киришиб кетган. Аслида бу икки давлатнинг нияти Яманда Эроннинг таъсири кучайишига йўл қўймаслик эди, аммо ҳозирги вазият бунинг кўпам уддасидан чиқишолмаганини кўрсатмоқда.  

Урушда энг кўп жабр кўраётган томон одатдагидек тинч аҳоли бўлмоқда. Дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири бўлмиш Яман уруш оқибатида дунёнинг энг оғир гуманитар инқирозига дуч келди. Очлик, шунингдек, вабо сингари юқумли касалликлар одамларнинг тинкасини қуритди. БМТ маълумотига кўра, айни пайтда 22 миллион яманлик ёрдамга ва ҳимояга муҳтож. Қуролли тўқнашувлар натижасида 112 минг киши ҳалок бўлган. 

Яманда вазият қачон ўнгланиши эса ҳозирча мажҳул. 

Убайдуллоҳ Адҳамов тайёрлади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Судан Исроил билан алоқа ўрнатишга мажбурланди”

624 08:30 16.10.2020

Яман: вайроналар қўйнидаги мактаб (фото)

748 14:30 10.10.2020

Яман: ҳукумат ва ҳусийлар асирларни алмашишга келишиб олди

279 14:05 28.09.2020

Яманликларга ёрдам кўрсатиш учун БМТнинг пули қолмади

350 08:05 25.09.2020

Ҳусийлар Сано аэропортини ёпгани туфайли Яманга ёрдам етказиб бўлмаяпти

250 16:20 21.09.2020
« Орқага