ЮНИСЕФ маълумотига кўра, Яманда ҳар ўн дақиқада бир бола тўйиб овқатланмаслик ва вакцина билан олдини олиш мумкин бўлган касалликлар оқибатида вафот этяпти.
Ташкилот раҳбари Генриетта Фор бу йил Яманнинг айниқса Худайда ва Мариб вилоятлари атрофида юз берган тўқнашувлар туфайли 1,6 миллион бола уйини тарк этганини айтди.
«2,3 миллион бола ниҳоят даражада кам овқатланади, 400 минг бола худди шу сабабдан ўлим хавфи билан юзлашган. Ҳар ўн дақиқада бир бола тўйиб овқатланмаслик ва вакцина билан олдини олиш мумкин бўлган касалликлар оқибатида нобуд бўляпти», – деди у.
Дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири ҳисобланувчи Яманда уруш туфайли гуманитар инқироз мисли кўрилмаган даражага етди. Мамлакат аҳолисининг 80 фоизи ёрдам ва ҳимояга муҳтож.
Афсуски, ҳозирга келиб низолашаётган томонлар ўртасидаги музокаралар тўхтаб қолган.
Жорий йил мартида Саудия Арабистони Ямандаги урушни тўхтатиш бўйича ташаббус билан чиққан, унда мамлакат бўйлаб ўт очишни тўхтатиш, пойтахт Санодаги аэропортни очиш, Худайда портига қўшимча равишда ёқилғи ва товарлар етказиш ҳамда низони тўхтатишга қаратилган сиёсий жараёнларни қайтадан бошлаш кўзда тутилган эди. Бироқ шу пайтгача бу борада ҳеч қандай силжишга эришилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Яманда 2014 йилнинг августидан бери шиа ҳусийларнинг “Ансаруллоҳ” ҳаракати ва ҳукумат кучлари ўртасида қарама-қаршилик давом этмоқда.