Яман жанубидаги Абян вилоятида портлаш содир бўлди. Портлаш туфайли БАА томонидан қўллаб-қувватланган Жанубий ўтиш кенгашининг бўлгинчиларга алоқадор олти нафар хавфсизлик ходими ҳалок бўлди.
Бу ҳақда Жанубий ўтиш кенгаши расмий вакили Муҳаммад ан-Нақиб маълум қилди.
Муҳаммад ан-Нақибга кўра, бомба йўл яқинига “Ал-Қоида” террорчилик ташкилоти жангарилари томонидан ўрнатилган. Ҳарбийлар билан машина ўтиб кетаётган вақтда портловчи қурилма ишга туширилган. Натижада 6 нафар хавфсизлик ходими ҳалок бўлган, икки нафари яраланган.
Кенгаш 22 август куни Абянда террор ташкилотларига қарши “Шарқ ўқлари” операцияси бошланганини эълон қилганди.
Мамлакат жанубидаги Абян вилояти Яман армияси ва Жанубий ўтиш кенгаши кучлари назоратида.