Таҳлил

Яна бир импорт чеклови. Юки яна халқимизга(ми?)

1292

Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ёғоч-қириндили плиталар ҳамда уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, импортни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида“ президент қарори лойиҳаси жойлаштирилибди.

Унга кўра, республикага импорт қилинаётган 1 метр куб ёғоч-қириндили плиталар ва унинг муқобил турларига 2020 йил 1 январдан бошлаб қатьий 25 АҚШ доллари ҳамда 2021 йил 1 январдан бошлаб қатъий 30 АҚШ доллари миқдорида акциз солиғи жорий этиладиган бўляпти.

Бизда тадбиркорлик билан шуғулланувчиларнинг катта қисмини мебелчилар ташкил қилади. Нисбатан кам (зарур ускуналар, ишчи кучи ва ҳк) харажат талаб қиладиган мазкур фаолият аксар кичик бизнес ва тадбиркорларнинг тирикчилиги саналади. Акциз солиғи ортидан яна шу қатлам жабр кўрадиган бўлиб турибди. Оддий тилда тушунтирганда, мебелчининг асосий  тайёр хомашёни сотиб олиш учун ҳар кубига қўшимча 25/30 доллар сарфлаши керак.

Бу нимага олиб келади?

— имконияти етмаган тадбиркор яхшиси бу соҳани йиғиштириб қўяди, яна бир солиқ тўловчининг иши тўхтайди. Янги ишсизлар пайдо бўлади. Бу минглаб ишчи кучи дегани;

— маҳаллий ишлаб чиқарувчи ишлаб чиқарди ҳам дейлик. ДСП маҳсулотининг ғўзапоядан тайёрланган турининг сифати қай даражада бўлади? Бизда сифатли даражада ишлаб чиқара оладиган ускуналар борми?

— соҳада тажрибали мебелчилардан сўрасангиз, улар ҳам айтишади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан бугунги кунда чиқарилаётган ДСП сифатли мебель ишлаб чиқаришга яроқли эмас ва ҳаттоки юқори канцероген сабаб инсон соғлигига қаттиқ зарар туғдирар экан.

— маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкил қилинди, керакли ускуналар олиб келинди ҳам дейлик. У ички бозорни қанчалик тўлдира олади? Маҳаллий ишлаб чиқарувчининг мисол учун 1 куб молига 2 кублик харидор бўлгач, бу яна қўшимча муаммоларни келтириб чиқаради;

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Қарор лойиҳасининг ғалати томонлари кўп. Масалан, унда Қурилиш вазирлиги, “Ўзстандарт” билан биргаликда, икки ой муддатда ғўзапоя, қамиш ва бошқа маҳаллий ўсимликлар асосида ёғоч-қириндили плиталар ишлаб чиқаришга қўйиладиган умумий техник талаблар ишлаб чиқиши белгилаб қўйилган. Аммо импорт маҳсулотлари учун акциз бир ойдан сўнг (муҳокама 8 декабргача, январдан акциз солиғи бошланади. Қарор имзолангандан кейингина икки ойлик муддат бошланади) қўлланилишни бошлайди. Қизиқ. ҳали техник талаби аниқ бўлмаган маҳсулот учун қўшимча тўловларнинг жорий қилиниши қанчалик тўғри? Бу нархнинг спекуляция бўлиб кетишига сабаб бўлмайдими?

Нима бўлади? Натижада ишлаб чиқарувчи қиммат нархда бўлсада импорт қилади ва нархи эса ўша халққа сотилаётган мебель нархи устига «минади». Яна охирги юк халқнинг елкасига тушаверади. Қолганини қарор лойиҳаси бўйича билдирилган изоҳлардан ҳам ўқиб олса бўлади. Буларнинг барчаси ИМҲО, албатта.

Қобил Хидиров,

журналист

Манба: «Davletov.uz»

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Адабий таҳлил: Сув қасидаси

315 22:00 20.01.2020

Диний китоблар нима учун қиммат? Одамларнинг динга бўлган муҳаббатидан фойдаланишмоқдами? (Видео)

1001 19:51 17.01.2020

ЕОИИ ҳақида – “Бизга шу керакми?!”

2087 23:00 14.01.2020

Евросиё Иқтисодий Иттифоқига кириш – ёмон (иккинчи мақола)

2366 16:05 14.01.2020

Бағрикенглик эмас, балки адолатдир! 

1657 08:35 14.01.2020

Муқанна миллий қаҳрамонми?

1504 22:40 10.01.2020
« Орқага