Яна нима қилайлик?

14:00 13.03.2018 4680

Сайтимизда Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Муҳаммадбобур Йўлдошевнинг ёш болаларни масжидга бориши ҳақидаги саволга берган жавобини эълон қилганимиздан сўнг, турли фикрлар янгради. Хусусан Тошкент Ислом университетида фаолият кўрсатувчи Азиз Жўраев сайтимизга нисбатан танқидий руҳда фикр билдирди. Биз унинг гапларини имловий хатоларини тўғирлаган ҳолда келтириб ўтамиз:

“Ҳурматли Azon.uz таҳририяти. Сизларнинг тутаётган йўлингизга эътирозим бор. Озодлик радиосидан фарқингиз қолмай қоляпти. Диний қўмита ходими Муҳаммадбобур акага нисбатан одамларда нотўғри фикр уйғотиб қўйяпсизлар. Муҳаммадбобур ака аввал ким эканини, динимиз йўлида қандай хизматлар қилганини нега айтмайсизлар? Юқорида жоҳилларча фикр билдираётган одамларнинг эътибори учун айтишим мумкинки, бу инсоннинг диний илми етарлича. Ўзингиз яхши билмаган инсон устидан мағзава ағдариб гуноҳга ботманг. Azon.uz сайти сизлар мана шундай гуноҳга бош бўлиб қолмаяпсизларми? Муҳаммадбобур акадай йиллаб дин йўлида хизмат қилган инсонни икки оғиз гапига ботқоққа ботираяпсизми? Нега фақат бир томонлама ўйлайсиз? Нега ўз томирингизга болта урасиз? Сизларга эркинликни ким берди, нима учун берди? Масъулиятингиз нима? Халққа соф динимзнинг асл моҳиятини кўрсатишми? Ҳукуматимиз шу йўлдан кетаяпти. Нима учун сизлар қўллаб-қувватлаш, ёрдам бериш ўрнига тирноқдан кир қидириб аҳли илмларни камчилигини кўрсатиб, омманинг оёғи остига отаяпсизлар. Муҳаммадбобур домла омма томонидан ноҳақ ҳақоратланаётган бўлсалар билиб қўйинг, бунга сизлар айбдорсизлар. Гапим тугади”.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Бизнинг юқорида номи келтирилган радиодан фарқимиз бор. Бўлганда ҳам, анчагина. Бизнинг мақсадимиз одамларга тезкор ва сифатли хабарлар етказиб бериш. Туҳмат ва иғво қилиш каби юмушларда узоқроқ юрамиз.

Шахсан бизда Муҳаммадбобур Йўлдошевга нисбатан ҳеч қандай ғараз йўқ. Биз у кишининг айтган гапларига ҳеч қандай қўшимча қилмадик. Айтмаган гапини тиркаб қўйганимиз йўқ. Айтган гаплари натижасида одамларда негатив фикрлар пайдо бўлаётган бўлса, сайтимизда нима айб? Биз минбар вазифасини ўтадик ва муштарийларга масъул ходимнинг гапларини етказдик. 

Бўлиб ўтган Пресс-клубда қатнашганлардан нафақат Муҳаммадбобур Йўлдошевнинг, балки бошқа инсонларнинг ҳам дин йўлида қилган хизматларига тўхталиб ўтмадик. Биз кимдир ҳақида автобиографик мақола тайёрлаганимиз йўқ. Маълум бир воқеа юзасидан билдирилган фикрни эълон қилдик. У кишининг илми қай даражада эканидан рости хабаримиз йўқ. Сайтимиз ўқувчилари заиф ҳадисни ушлаб олгани, бўлиб ҳам нари борса 2-3 ёшли болаларга тегишли қилиб айтилган сўзни 18 ёшга бурмоқчи бўлганидан хулоса қилиб юборишган шекилли...

Сайтимиз ҳеч кимнинг устидан мағзава ағдармади. Тўла ишонч билан айтаманки, биз ҳеч қачон бунақа позицияни тутмаймиз. Қандайдир гуноҳга бош бўлиб қолиш ҳақидаги гап умуман ортиқча. 

1. Биз бирор инсонга туҳмат қилмадик;

2. Фейсбукда оммавий эълон қилинган видеодан болаларнинг масжидга кириши масаласида айтилган гапни эълон қилдик. 

Шу ҳолатда қандай гуноҳ қилган бўламиз? Нимага бош бўлиб қолдик? Холислик қилмадикми? Кимнидир ботқоққа ботириш ҳақидаги гап тамоман ортиқча. Юқоридаги гапга модомики ботқоққа ботиради деб қаралар экан, унда Муҳаммадбобур Йўлдошев ўзини ботқоққа ботирибди. Бунга бизнинг алоқамиз йўқ. Бир томонлама ўйлаб нима қилганимизни эса тушуниш қийин бўляпти, рости.

Энг қизиғи, бизга бўлган ушбу мурожаатномада бирозгина таҳдидга ўхшаш хитоб ҳам бор. Азиз Жўраев ўз фикрини давом эттирар экан “Нега ўз томирингизга болта урасиз? Сизларга эркинликни ким берди, нима учун берди? Масъулиятингиз нима?” дея мурожаат қилади. Ўз томиримизга болтани қай тарзда урганимизни очиғи тушуна олмадик. Аниқроқ қилиб айтганда Муҳаммадбобур Йўлдошевнинг ЎЗИ АЙТГАН гапларини эълон қилиш орқали томиримизга, яъни келажагимизга болта урдикми?

Бизга эркинликни аввало конституция берди. Унинг моддаларидан бирида Оммавий ахборот воситалари эркин фаолият кўрсатиши ва цензурага йўл қўйилмаслиги аниқ-тиниқ қилиб белгиланган. Анча вақт давомида бу моддага амал қилинмаган бўлса-да, Шавкат Мирзиёевнинг давлат бошқарувига келиши ортидан биз журналистларнинг конституцион ҳуқуқи росмана тикланди. Бизнинг масъулиятимиз нима? Зиммамиздаги вазифа халқимизга ҳаққоний ва сифатли ахборот етказиш, бу ҳақда юқорида ҳам тўхталдик.

Давлатимиз ҳам, ҳукуматимиз ҳам халққа динимизни соф ҳолда кўрсатиш йўлидан кетаётганидан барчамиз хурсандмиз ва бу йўлда раҳбарларимизни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Биз тирноқ остидан кир қидирганимиз йўқ, бундай қилмаймиз ҳам. Пресс-клубда сиз айтаётган аҳли илм айтган гапни ҳеч қандай ўзгариш киритмаган ҳолда эълон қилдик. Бунинг учун одамларда норозилик уйғонган бўлса, ўша фикрни билдирган одам бунга жавоб бериши керак.

Муҳаммадбобур Йўлдошев халқ томонидан ноҳақ ҳақоратланаётган бўлса, биз айбдор бўларканмиз. Яхши фалсафа, умуман олганда. Агар барчаси сиз айтаётгандай бўлса, майли, биз айбни зиммамизга оламиз. Бўлди, бизнинг ҳам гапимиз тугади.

Абу Муҳаммад СОДИҚ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!