Ислом

Яна рўза борми?

6659

— Маҳалла масжидига Шайх Ҳазратлари келармишлар! Маърифат қилармишлар! Сиз ҳам чиқинг, дадаси, кўнглингизга нур киради!

— Бир умр чиқмаган масжидга нима деб чиқаман, — деди профессор Файзулла Зарипов. — Одамлар «Шайхни кўргани келибди», дейишмайдими?

— Одамларнинг гапига нима ишингиз бор? — хафа бўлди хотини. — Майли, сиз Шайх Ҳазратларини кўргани бораверинг. У кишининг суҳбатларидан баҳраманд бўлганингиз фойдалироқ.

— Ўзингга ўхшатиб намозхон қилмасанг қўймайсан чоғи, мулланинг қизи, — деди Файзулла Зарипов. — Кўрамиз, ишдан барвақтроқ қайтсам чиқарман.

Профессор университетга боргунча Ислом дини, унинг мавқеъи, жамиятдаги ва дунёдаги ўрни, ўзининг динга муносабати ҳақида ўйлаб борди. Нима қилсин, бир умр «Дин афюндир», «Дин зарарлидир», «Дин тараққиёт кушандаси», «Дин хотин-қизларни камситади, таҳқирлайди» каби шиорлар байроқ қилинган жамиятда, коммунистик руҳда тарбияланган бўлса? Нима қилсин намоз ўқийдиган ёшга етмасдан пионер бўлиб, кейин комсомол бўлиб, талабалигиданоқ коммунст бўлиб, устозларига эргашиб динга қарши курашиб келган бўлса? Нима қилсин, бир умр «Ислом динини Муҳаммад деган бир саҳройи, босқинчи араб ўз манфаати учун ўйлаб топган», деган ақидага ишониб улғайган бўлса (Астағфируллоҳ!)?

Нима қилсин, динга ишонганлар доимо камбағал ва фақир бўлиб, зўрға кун кўрганини, доимо тазйиқларга учраб, камситилиб, қувилиб яшагани ва дин йўқ деганларнинг ошиғи олчи бўлиб, тўқ ва фаровон яшаганини, уларнинг турли лавозим ва мансабларга эга бўлганини кўриб яшаган бўлса? Хотини айтаверади-да. Унинг отаси мулла бўлган. Қишлоқдаги масжидида бир умр даъват қилиб, ўн иккита бобой намозхонини ўн учта қилолмай ўтиб кетган. Қайтанга мулла Умар ўлгач, қолган ўн битта бобой ҳам камайиб-камайиб, масжидга ҳеч ким бормай қўйган. 

Мустақилликдан кейин ўн беш-йигирмата тенгдошларини йиғиб, профессорнинг қайноғаси отасидан қолган масжидни обод қилиб, беш вақт намозни ўқиб туришибди. Мулла Умар қизи Озодани ҳам намозхон қилиб тарбиялаган. Ҳар замон хотини профессорга тарбия бермоқчи бўлиб, уни ўзининг сафига қўшишга ҳаракат қилиб кўради. «Ўқимишлини ўқитма, оқу қорани сендан яхши ажратиб оламан», дейди профессор хотинига. «Тўғри йўлга киринг, адашманг», деганда эса «Мен-ку фан доктори, профессорман, сен кимсан, нега менга ақл ўргатасан?» деб овозини сал кўтаради, шу билан хотини «Ўзингиз биласиз», деб ишига машғул бўлади.

* * *

Файзулла Зарипов уч дарс маъруза ўқиди. «Эртароқ қайтсам ўтарман», деган ваъдаси эсига тушиб, уйига қараб йўл олди. Келгунча яна мушоҳадаларга берилди. «Дин тумандир, у албатта тарқаб кетади», деган эди устозлари, аммо профессор гувоҳки, дин тарқаб кетмади. Қайтанга мустақилликдан кейин юртда минглаб янги-янги масжидлар қурилди. Йиллаб берк ётганлари очилиб, таъмирланиб, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб намозга кираяпти. Унинг тенгдошлари ҳам ҳаммаси аллақачон масжидга қатнашаяпти. Ўйлаб кўрса, фақат Файзулла Зарипов билан доим ичиб юрадиган Шоди пиён масжидга бормас экан. Бу нарсани ўйлади-ю, ўзини Шоди пиён билан бир хил мавқеъда, у билангина ҳамроҳ бўлиши мумкиндай ҳис қилиб, дилига ғашлик тушди. «Шоди пиёндан нарироқ бўлиш учунгина бўлса ҳам масжидга боришим керак, шекилли?» деган хаёл ўтди миясидан. 

Файзулла Зарипов уйга келиб, хотини билан тушлик қилди.

— Масжидга соат нечада чиқиш керак экан? — сўради хотинидан.

— Худога шукур, — суюнди хотини. — Боришга аҳд қилибсиз-да? Ҳазрат кечки олтига келар эканлар. То хуфтон намозигача маърифат қилар эканлар. Кейин илк таробеҳ намозини ўзлари ўқиб берар эканлар. Маҳалламиздагилар учун бу катта бахт. Эртароқ чиқаверинг, ҳамма байрамга тайёргарлик кўргандек, шайланиб ётибди. Бир гуруҳ аёллар ҳам чиқмоқчи бўлиб турибмиз, биз ҳам Ҳазратнинг маърифатларидан бебаҳра қолмайлик, дедик.

— Яхши, ҳали соат иккидан энди ўтибди, мен икки соатча дам олай, кетаётганингда чақирарсан, — деди профессор ва бир чойнак чойни кўтариб, кутубхонасига кириб кетди. 

Қайси куни хотини берган «Мен ҳам намоз ўқийман» деган китобчани варақлаб, таҳорат қилиш, намозга кириш тартибларини ўрганган бўлди. Кўзлари китоб¬да-ю, хаёлида ўз-ўзи билан баҳси давом этарди. 

Аллоҳнинг борлигига ишониб-ишонмай шу ёшга етди. Аммо шундай мўъжизаларни кўрди, эшитдики, узил кесил «Худо йўқ», деёлмайди. Бир вақтлар «Одам маймундан тарқалган»лигига ўзи ҳам ишонарди. Қайси йили биринчи курсдаги бир талаба шу сўзларни айтган домласига «Балки сиз маймундан тарқагандирсиз, менинг отам одам, отамнинг отаси ҳам одам. Энг катта отам эса Одам алайҳиссалом. У отамни эса Аллоҳ одам қилиб яратган», деб дарсини ташлаб чиқиб кетганидан бери шу сўзларни эшитса ўзининг ҳам кулгуси қистайди. 

Ўшанда ҳалиги домла талабани университетдан ҳайдашни талаб қилувди. Ректор эса ўша домланинг ўзини қайсидир бошқа ишга ўтказиб юборди.

— Э, таваккал, — деди профессор ва ҳаммомга бориб ҳалиги китобга қараб таҳорат қилди ва бунга ҳам кўнгли тўлмай доимгидек чўмилиб ҳам олди.

Хотини яхши ният билан олиб қўйган чопон ва дўппини сандиқдан олиб, эрига тутди.

— Бир йўла саллаям олмапсан-да, — деди профессор ва тарки одат амримаҳол, галстугини ҳам боғлаб, тўн ва дўппиларни кийиб, «Йўл бошла», дегандек хотинига қаради.

— Кўз тегмасин, дуппа-дуруст мулла бўлдингиз-қўйдингиз, — деди астойдил қувониб хотини.

* * *

Шайх Ҳазратларини юксак эҳтиром билан кутиб олишди. Ҳазрат шундай улуғ кунларга соғ-саломат етказганлиги, иймон аҳллари билан дийдорлаштиргани учун Аллоҳга ҳамду сано айтиб, анжуманга ташриф буюрганларнинг ҳаққига дуо қилдилар. Шундан сўнг Рамазон ойининг рўзаси ҳақида сўзладилар. 

— Рўза баъзилар ўзлари тўқиб, ўзлари ишониб, бошқаларни ҳам ишонтиришга ҳаракат қилиб юрганларидек, Пайғамбаримиз саллаллоҳи алайҳи васаллам ўйлаб топган нарса эмас, — дедилар Шайх Ҳазратлари. — Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Бақара» сурасида «Мен сизларга сизлардан олдин ўтган қавмларга буюрганимдек, бир ой рўза тутишни фарз қилдим. Бу ой Рамазон ойидирки, бу ой одамлар учун ҳидоят ойи, унда Қуръон нозил қилинди, ким бу ойга етса рўзани мукаммал ўттиз кун қилиб тутсин, шоядки, шукур қилсангизлар», деб марҳамат қилади. «Барча амалингиз ўзингиз учундир, биргина тутган рўзангиз мен учун, унинг савобини, ажрини ўзим бераман», дейди Аллоҳ таоло. Бу ойда қилинган савобли амалларнинг ажри бир неча юз маротаба зиёда қилиб берилади. Кечалари қилинган ибодатларнинг савоби мислсиз зиёда бўлиб, биргина Қадр кечасида қилинган ибодатнинг ажрига «Минг ойда қилинган ибодатнинг савобини бераман», дейди Аллоҳ таоло. Шунинг учун севимли Пайғамбаримиз бу ойда кечалари ибодатни кўпроқ килишимиз лозимлигини васият қилганлар.

Тўпланганлар кимлар рўза тутмаса бўлишлиги, нималар рўзани бузишлиги каби масалаларда кўплаб саволлар бердилар. Шайх Ҳазратлари барча саволларга мулойимлик билан батафсил жавоб бердилар. У зотнинг айтган барча гаплари профессор Файзулла Зариповнинг қалбида муҳрланаётгандек эди гуё.

«Ажабо, мен бу одамни бир мулла деб юрсам, бу одам кучли нотиқ, фавқулодда бой илмга эга катта олим ҳам экан-ку? — деб ўйларди профессор. — Агар университетимизнинг ўқитувчилари ҳам маърузаларини шу кишидай ўқиганларида эди, юз фоиз талаба аълочи бўлиб, тўртинчи курсдаёқ диссертация ишларини бошлаб юборган бўлишарди». 

Шайх Ҳазратлари анжуман сўнгида у кишидан дуо умидида бўлганлар ҳаққига узундан-узоқ дуо қилдилар, ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилдилар.

Профессор маърифат анжуманидан хотини айтганидек, кўнглига нур олди. Ҳатто бир-икки марта кўзи ҳам намланди. Эртароқ масжидга чиқмагани учун ичида ўзини койиди ҳам. 

Хуфтон намозига азон айтилди. Ҳалиги гаплардан кейин профессор бурилиб уйига кетолмасди. Секингина туриб, сафдан жой олди. Хуфтон намозини ҳам, таробеҳ намозини ҳам Шайх Ҳазратларининг ўзлари ўқиб бердилар. Намоздан кейин ҳам бир-икки нарсаларни насиҳат қилиб тайинладилар.

— Бу йилги Рамазон ойини «Қалбларни поклаш, ахлоқни сайқаллаш ойи», деб эълон қилдик, — дедилар Шайх Ҳазрат. — Ҳар Рамазонда биттадан ўзингизда бўлган иллатдан қутулиб бораверсангиз, яқин орада хул¬қингиз Расули акрам саллоллоҳи алайҳи вассалламнинг хулқларига яқин бориб қолади, иншааллоҳ. Бу йил бизни тинглаб турганлардан биргина нарсани илтимос қиламан. Инсоннинг энг ёмон душмани, ўз ичидаги ғаними — ёлғончилик. Менинг сўзларим кўнглига озгина яхшилик уруғини ташлаган биродаримга шу ой ичида умуман ёлғон гапирмасликни вазифа қилиб юклайман. Зора, муборак Рамазон шарофати билан шу иллатдан қутулсангиз. Ёлғон гапиришдан қутулиб олсангиз қолгани жуда осон кечади.

Файзулла Зариповнинг тенгдош дўсти, маҳалла имоми ҳожи Абдураҳим домла худди профессорни назарда тутгандек, у томонга ишора қилиб деди:

— Муҳтарам Шайх Ҳазратлари, бугун сизнинг ташрифингиз шарофати билан масжидимизга илк бора келган биродарларимиз бор, уларнинг ҳаққига ҳам бир дуо қилсангиз!

Шайх Ҳазратлари ҳам худди масжидга янги келган биргина Файзулла Зариповдек, унга қараб қўлларини дуога очдилар:

— Аллоҳнинг уйига қадам қўйдингизми, ортга қайтишга йўл йўқ. «Мўъминни бир кавакдан икки марта чаён чақмайди», деганлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам. Энди сиз билан биз битта халқадамиз, масжидга келмай қўйсангиз халқамизнинг битта занжири узилади ва бутун халқа заифлашади. Бунга йўл қўйманг! Ибодатда полвон бўлинг! Аллоҳим барчангизга икки дунё саодатини берсин, Аллоҳи таолонинг уйига қўйган қадамларингиз қутлуғ бўлиб, ҳар бир қадамингизга Аллоҳ беҳисоб ажру савобларни ёзсин!

давоми бор

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Уламо эътирофи: Шайх ҳазратларининг қадрларига етмабмиз...

1937 02:00 23.05.2020

Ўтганларнинг қазоси учун фидя бериладими?

749 23:00 21.05.2020

Яна рўза борми? (2-қисм)

1550 02:16 19.05.2020

Шайх ҳазратларининг китоблари асосида савол-жавоб дастури тузилди

879 15:30 18.05.2020

Яна рўза борми? (давоми)

4025 07:30 12.05.2020
« Орқага