Ислом

Яна рўза борми? (3-қисм)

2043

— Тўғри, Файзулла Шарипович, аммо… Шуҳратов деганимиз… Шавкат аканинг ўғиллари…

— Нима бўпти Шавкат Шуҳратовнинг ўғли бўлса? Шавкат акангиз ўғлини ўқитсин эди вақтида. Энди шу бали билан у талаба бўлса, салкам икки юз балл тўплаб оғзимизни пойлаб ўтирган болаларга нима деймиз?

— Файзулла Шарипович, ўзингиздан қолар гап йўқ, Шуҳратов ўн минг «кўк»идан ташлаб кетган, олмайман десам ҳам мажбурлаб ташлаб кетган… Менга бир сўми ҳам керак эмас. Шуни олинг-да, ўғлини чақиринг. Мен ўша одамнинг олдида ер чизиб қолмасам бўлди. У одам билан ўйнашиб бўлмайди.

Кейин мен тинч юролмайман.

— Ўн минг «кўк» денг, — деди Файзулла Зарипов ўғлининг «Яп-янги «Нексия» олардик», деган гапини эслаб. — Шуҳратов билан ўйнашиб бўлмайди, денг. Майли, сиз бораверинг, ўйлашиб кўрамиз.

Декан чиқиб кетгач, Файзулла Зарипов Ҳамид акага қўнғироқ қилди. Ҳамид ака эшик тагида пойлаб ўтирган экан, шекилли, профессорнинг бўлаётган ишлар ҳақидаги мушоҳадалари тугамасданоқ кириб келди.

— Керакли ҳужжатларни девондан олинг, шартнома тўловларини тўланг ва эртадан Азимжонни ўқишга юборинг, табриклайман.

Ҳамид ака шошиб қолди. Урнидан туриб профессорни қучоқлаб олди. Ёнидан ўша, профессорга таниш долларлар тахламини олди. 

— Раҳмат, домлажон, биздан қайтмаса Худодан қайтсин! — Ҳамид ака пулларни профессорнинг чўнтагига солмоқчи бўлди.

— Қани, жойингизга ўтиринг-чи, — деди Файзулла Зарипов ва Ҳамид ака жойига ўтиргач, давом этди: — Пулингизни олиб қўйинг, яхши кунларга ишлатинг. Азимжон ўз кучи, ўз билими билан талаба бўлди. Бориб униям, онасиниям табриклаб, хурсанд қилиб қўйинг!

— Аммо биламан-ку, домлажон, унга сиз ёрдам қилдингиз. Казо-казоларнинг қанча пулни кўтариб эшикма-эшик юрганиниям биламан. Мабодо кам деётган бўлсангиз, айтинг, етса молим, етмаса жоним.

— Қизиқ одам экансиз-ку, Ҳамид ака, — деди профессор. — Бўлди, энди кетинг, бўлмаса мелиса чақираман. «Худодан қайтсин», дедингиз-ку, ана шунинг ўзи етади. Аллоҳ барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин, ҳаромдан сақласин, ҳалол ризқ берсин!

— Э, яшанг, Файзулла ака, — деди Ҳамид ака эшикка қараб юраркан. — Ўлай агар, «Университетда шунақа домла бор экан», десам биров ишонмайди.

— Ишонишади, ишонишади, — деди профессор. — Бундан кейин ишонишади. Ҳалол домлалар кўп экан десангиз ҳам ишонишади, ҳадемай…

* * *

Файзулла Зариповнинг ҳаётида кўп ўзгаришлар ясаган муборак Рамазон ойи ҳам ўтди. Профессор бирданига бир нимасини йўқотган одамга ўхшаб қолди. Бир ой рўзасини бузиб қўймаслик учун ҳушёр бўлган, оғзига бир нарса солишдан эҳтиёт бўлиб юрган одам бирданига хоҳлаган пайти, хоҳлаган нарсани оғзига солиши мумкинлиги унга эриш туюлиб юрди бир-икки кун. Аммо энди саҳарликларга туриш масъулияти бўлмаганидан ора-сира Бомдод намозига ухлаб қоладиган кунлари ҳам бўлди. Шундай кунлар кун бўйи профессорнинг таъби хира бўлиб юрарди. Айниқса, кечқурунлари байрамга боргандек, тайёргарлик кўриб таробеҳ намозларига бориш йўқ бўлгач, кундалик ҳаётидан қандайдир файз кетиб қолгандай туюлди. Ўз устидан бир ой ўрнатган назорати сусайиб, ишхонада бўладиган айрим гап-сўзларга аралашадиган бўла бошлади. Авваллари бундай суҳбатлардан сўнг айрича таассуротга берилмаган Файзулла Зарипов энди бундай гап-сўзлардан сўнг, пушаймонлик ҳиссини, ўзини айблаш ҳиссини туя бошлади.

Ана шундай ўзи билан ўзи курашиб юрган кунларидан бирида қўшни маҳаллага маърифатга таклиф қилишди. Саҳарлаб Абдураҳим домла билан қўшни маҳаллага кириб келган профессор овоз кучайтиргичлардан таниш, жонига малҳам бўлгувчи овозни таниди-ю, қадамини тезлатди. Бу овоз профессорнинг Ҳақни танишига, унинг иймон эшикларини қоқишига воситачи бўлган, эътиқоди мустаҳкам бўлишига сабабчи бўлган Шайх Ҳазратларининг овози эди.

— Мана, муборак Рамазон ортда қолди, энди Рамазондаги шу савоблар, шу фараҳбахш туйғулар, шу кўтаринки кайфият, шу Ҳаққа яқинлик бардавом бўлишлиги учун нима қилишимиз керак? — дедилар Шайх Ҳазратлари. — Ўзимизни худди Рамазондагидек тутиб, Рамазонда қутилишга ҳаракат қилган салбий одатларимизни бутунлай тарк этишимиз керак. Азизлар, рўзанинг уч босқичи, уч даражаси бор. Биз шу пайтгача тутган рўзамиз, яъни кундузлари емай-ичмай, нафсимиз ва фаржимизни тийиб юриш билан чекланиладиган рўзамизни уламолар «Омманинг рўзаси» дейишади. Омманинг рўзаси — ҳамманинг рўзаси. Рўзанинг даражаси улуғроқ, иккинчи босқичдагисини уламолар «Хосларнинг рўзаси» дейишади. Бунда нафси ва фаржини тийишдан ташқари тана аъзоларининг ҳам рўзасига эҳтиёт бўлинади. Яъни, кўзлар намаҳрамга қарашдан, қулоқлар ношаръий гапларни эшитишдан, тил ножоиз гапларни айтишдан, қўллар сизники бўлмаган нарсага узатилишдан, оёқлар нораво жойларга бориш, нопок жойга қадам босишдан тийилади.

Даражаси энг юқори бўлган учинчи босқичдаги рўза ҳам борки, у рўзани хосларнинг хоси тутади. Ундай рўзани тутган одам нафсини, фаржини, тана аъзоларини тийишдан ташқари, қалбини ҳам рўза туттиради. Ўзини шундай тутадики, унинг қалбида Аллоҳ таолодан ўзга, унинг зикридан, унинг дийдорини кўриш орзусидан бошқа ўй, фикр, ният қолмайди. Энди бундай рўзани саноқли одамларгина тутадики, улар етишган зотлар. Аммо сиз билан биз биринчи босқичдаги рўзани тутиш машқини олдик, энди секин-секин иккинчи босқичга ўтсак ҳам бўлади. Бу унчалик қийин ҳам эмас. Ўрганган рўзамиздан озгина фарқи тана аъзоларимизни ҳам эҳтиёт қилсак, уларни ҳам рўза туттирсак бўлди. Ана шунда қалбларимиз покланиб боради, ахлоқимиз сайқалланиб боради ва яқин йилларда севимли Пайғамбаримиз бизга мерос қолдирган, мукаммал эгаллашимизни васият қилган хулқ соҳиби бўлишимиз мумкин бўлади. 

Файзулла Зарипов Шайх Ҳазратлари холи қолишларини пойлаб, у кишининг дуоларини олишни ният қилди. Шайх Ҳазратлари кетар маҳали барча ихлосмандларга қўл бериб сўрашган, дуо қилган маҳали ниятига етди ва дилидаги саволини ҳам берди:

— Шайх Ҳазратлари, Рамазон ойининг рўзасидан бош¬қа рўзалар ҳам борми? Йил бўйи тутишимиз мумкин бўлган рўзалар ҳам борми?

— Бор. Ҳар турлик нафл рўзалар бор, — дедилар Шайх Ҳазратлари. — Пайғамбаримиз ҳар ойнинг аввалида, ўртасида, охирида уч кундан рўза тутганлари, ҳафта кунларидан эса ҳар душанба ва пайшанба кунлари рўзадор бўлиб юрганлари маълум ва машҳур. Кимки «Амалларим севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳи алайҳи вассалламнинг амалларига пайровлик бўлишини истайман, жаннатда у киши билан бирга бўлишни истайман», деса унга ана шу рўзаларни тавсия қиламан. Аммо йил бўйи узлуксиз рўзадор бўлишдан, ҳафта кунларидан эса алоҳида ажратиб олиб, жума кунининг ўзида рўза тутишдан саллаллоҳи алайҳи вассаллам қайтарганлар. Аммо пайшанбага ёки шанбага қўшиб тутилса, жума куни ҳам рўза тутса бўлади.

— Аллоҳга шукур, — енгил нафас олди профессор. — Мен энди шу билан келаси Рамазонгача рўза йўқмикан, деб қўрққан эдим.

— Нима учун нафл рўзаларга қизиқиб қолдингиз? — деб сўрадилар Шайх Ҳазратлари профессордан. — Рамазон ойида рўза тутиб, рўзанинг алоҳида бирор фазилатини англаб қолибсиз, чоғи?

— Кўп фазилатини англадим, — деди профессор. — Аммо бир алоҳида хислатига гувоҳ бўлдимки, бу нарса менинг ҳаётимда катта бурилиш ясади. Аммо батафсил сўзлаб берай десам вақтингизни олиб қўйишдан истиҳола қиаяпман.

— Қани, қани? — қизиқиб қолдилар Шайх Ҳазратлари ва профессорнинг билагидан тутиб яқинларида турган стулга ўтиришга таклиф қилдилар. 

Файзулла Зарипов Шайх Ҳазратлари билан ёнма-ён ўтиришган заҳоти уларниг атрофини одамлар ўраб олишди. 

— Қани, сўзлаб берингчи? — дедилар Шайх Ҳазратлари. — Истиҳола қилманг, аввало биз шошаётганимиз йўқ, вақтимиз бемалол. Қолаверса, бу нарса одамларга ҳам қизиқ ва фойдали бўлиши мумкин. Сиз айтиб бермоқчи бўлаётган гаплар балки бошқаларга ибрат бўлар? Марҳамат, бемалол сўзланг!

Яна рўза борми? (давоми)

Яна рўза борми? (давоми)

— Очиғини айтсам, сизнинг даъватингиздан кейин бу йил умримда биринчи марта рўза тутдим, — деб гап бошлади профессор. — Эсингизда бўлса, бизнинг маҳалламиздаги масжидда Рамазоннинг илк кунида барчамизга бир нарсани вазифа қилиб юклаган эдингиз. Ҳар Рамазонда биттадан хулқимизда бўлган иллатдан қутулиб боришимизни тавсия қилиб, «Сизга шу ой ичида умуман ёлғон гапирмасликни вазифа қилиб юклайман», деган эдингиз. Сиз бу гапни айнан менга айтмадингиз, ҳаммага айтдингиз, аммо мен тарафга қараб туриб айтгандингиз. Рамазон ичида сиз бизга юклаган шу вазифани ўзимга шиор қилиб олдим. Бошида тарки одат амри маҳол бўлиб, бироз қийналдим. Аммо бора-бора баъзан билиб-билмай, баъзан иш юзасидан мажбур бўлиб, баъзан шунчаки, беэътиборлик қилиб гапирадиган ёлғон гапларимиздан ҳазар қиладиган даражага келдим. Кўп идораларга ишим тушиб борганимда биргина ёлғон сўз ишлатсам ишим битиб кетарди, аммо «Рўзам бузилмасин», деб ўзимни тийдим. Текширувчилар келишди, биргина ёлғон гап айтсам, ўзимнинг айбим очилмас, кейин ҳамкасбларимдан маломатга қолмас эдим. Аммо «Рўзам бузилмасин», деб ўзимни тийдим, рост гапириб, ташвиш орттириб олдим.

Яқингинада ўғли ўқишга кирганида мени ёрдам берди, деб ўйлаб беш минг доллар пулни таклиф қилган одамга бир оғизгина «Ҳа, мен ёрдам қилдим», десам ўша пуллар меники бўларди. Аммо «Рўзам бузилмасин», деб ёлғон гапиролмадим. Хуллас, кўп бора ёлғондан рўзам боисгина ўзимни тийдим. Аммо энди рўза йўқ. Рўза бўлмаса, «Рўзам бузилмасин», деган қўрқув бўлмаса, баъзан мажбур бўлиб, баъзан нафсим устун келиб, ёлғон гапириб қўймасмиканман, деган шубҳам бор эди. «Қани эди ўн икки ойнинг барчаси Рамазон бўлса-ю, биз рўзадор бўлиб, рўзанинг ҳурматидан гуноҳларимиздан тийилиб юрсак», деб орзу қилувдим. Аммо мана, муҳтарам Шайх Ҳазратлари, нафл рўзаларни санаб бердингиз, энди мен Пайғамбаримиз тутган рўзаларни муттасил тутишга аҳд қилдим. Зора, хулқимдаги бошқа иллатлардан ҳам бутунлай қутулсам.

— Барча нарсага қодир зот бўлган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! — деб Шайх Ҳазратлари ўрниларидан туриб кетдилар ва профессор Файзулла Зариповни маҳкам бағрларига босиб дедилар: — Меҳрибон Аллоҳим қалбингизга ҳақиқий иймон нурини жойлабди. Сизни покиза ҳидоятга мушарраф қилибди, муборак бўлсин!

Шайх Ҳазратлари атрофда турган одамларга мурожаат қилдилар:

— Бу айтилганлар сизларга ҳам ибрат бўлсин! Ибодатни англаб қилишни, қилган ибодатингиздан роҳат қилиб ибодат қилишни ўрганинг. Келинглар, азизлар, биродаримизнинг ҳаққига дуо қилайлик: Аллоҳ таоло бу биродаримизга ҳақиқий иймонни бергани рост бўлсин, ўзлари аҳд қилганларидек ибодатлари бардавом бўлиб, ахлоқлари сайқалланиб боришларини, қалблари, руҳлари покланиб, Аллоҳ суйган бандалардан бўлишлигини, Пайғамбаримиз саллаллоҳи алайҳи вассалам билан бирга Кавсар ҳовузи атрофида бирга бўладиган умматлардан бўлишлигини Аллоҳ бу кишига ҳамда сизу бизларга ҳам насиб қилсин! Омин, Аллоҳу Акбар!

Каримберди Тўрамурод

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Рамазон рўзасини тутмаслик

422 15:30 06.08.2020

Яна рўза борми? (2-қисм)

1787 02:16 19.05.2020

Рўзанинг тиббий фойдалари

905 04:00 17.05.2020

Рўза мўъжизаси

1143 18:31 15.05.2020

Рим папаси барчани рўза тутишга чақирди 

4231 12:27 12.05.2020
« Орқага