Ислом

Яна рўза борми? (давоми)

4025

Масжиддан уйига келар экан, профессор Файзулла Зариповнинг қалбини ажиб ҳаслар қамраб олган эди. Гўё олам кўзига доимгидан бошқача кўринар, гарчи ярим кечаси бўлса-да, хаёлида чор-атроф чороғондек туюларди. Бир неча соатда у тубдан ўзгариб, бутунлай бош¬қа одамга айланиб қолгандек эди. Профессор енгил қадам ташлаб борар экан, руҳида ҳам латиф бир енгилликни ҳис қилар, икки-уч ойдан бери кўнглини тарк этмаётган ғашлик, муттасил қилаётган ишларидан қониқмаслик кайфияти бутунлай йўқолган эди. Ҳамма уни кўрганда олдингидан бошқачароқ тавозеъ билан салом бераётгандек эди гуё. Бир-бирларига «Ҳа, ана, профессор ҳам аҳли солиҳлардан экан, қара, масжиддан келаяпти», дейишаётгандек ичида бир фахрланишми, намоз ўқиганидан ғурурланишми, шунга ўхшаш ҳислар жунбушга келаётган эди. 

Профессор худди ёш боладек қувониб уйига кириб борди. Хотинининг ҳам бошқача бўлиб қолганини кўриб, энди ростдан ҳайратга тушди.

— Муборак бўлсин, дадаси, ўқиган намозларингиз қабул бўлсин, — деб хуш кайфият билан кутиб олган хотини профессорнинг тўнини олиб илди, ёнбошлаган профессорнинг оёқларини уқалаб қўйди.

— Бироз китоб қарай, — деб Файзулла Зарипов кутубхонасига кирди ва кундузи мутолаа қилган китобини қайта қўлига олиб, Қуръондан олинган ўнта кичик сураларни ўқий бошлади. 

«Қул йа айюҳал кафирун…», «Қул ҳу валлоҳи аҳад…», Қул аъузу бироббил фалақ…», «Қул аъузу бироббин нас…» деб бошланувчи сураларни бир-икки ўқигандан уларни ёддан билиши эсига тушди. Кўзларини юмиб, ўша сураларни бир-бир такрорлаб чиққач, ўзининг хотирасига қойил қолди. У бу сураларни ҳали мактабга бормасдан туриб ёдлаган эди.

Худо раҳматли отаси намозхон одам эди. Беш вақт намозини канда қилмас, рўзани муттасил тутар, ҳар йили Қурбон ҳайити куни битта қўчқорни сўйиб, қурбонлик қиларди. Аммо замоннинг зайлига қараб, болаларига намоз ўқитмади. Лекин профессор бугун билди, отаси ўшанда болаларига бир намозлик нарсани, бир мўъмин киши билиши лозим бўлган нарсаларни ёдлатиб кетган экан. 

«Ла илоҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ»ни кўп айтиб юринглар, шунда у дунёда ҳам бирга бўламиз, — дерди отаси. — Кечаси ёлғиз юрганларингда, бир жойга кираётганларингда албатта «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим, бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим», денглар, у ердан шайтон қочади. Мана бу тўртта сурани ёдлаб олинглар, кечаси шуларни ўқиб ётсангизлар, ёмон тушлар кўрмайсизлар, ҳар хил инсу жинлар зиён бермайди. Бу сураларни «Чор қул» дейишади, Пайғамбаримиз севган суралар булар.

Отаси раҳматли шу тўрт сурани ёддан айтган опаларига ҳар куни йигирма тийиндан пул берарди. Муштдеккина Файзулла ҳам балки йигирма тийин илинжида шу сураларни ёдлагандир, аммо ҳар куни отаси ўргатган калималарни ва ўша тўрт сурани такрор-такрор ўқирди. Биринчи синфга борганида муаллима «Ким нимани ёдлаб келган бўлса айтсин», деганда чиқиб, «Қул ҳу валлоҳу аҳад»ни айтиб балога қолиб, директор қулоғини чўзиб, «Бунақа нарсаларни оғзингга олма», деганидан сўнггина отаси ўргатган нарсаларни овоз чиқариб айтишни бас қилган эди. Аммо то мактабни битиргунча ҳам ҳар тунда уйқуга кетишдан олдин тўртала сурани такрорлаб қўярди. Университетда худосизлик фани — атеизмни ўрганди-ю, билганларини ичида айтишни ҳам бас қилди. «Гўл бўлган эканмиз-да», деди. 

Гўллик эшигини ўшанда очганини билмай қолди.

* * *

— Дадаси, туринг, саҳарлик қиламиз!

Файзулла Зарипов чаққон туриб таҳорат олди ва саҳарлик дастурхонини тайёрлаб, унинг келишини кутиб ўтирган хотини ва келинининг ёнидан жой олди.

— Келин сиз ҳам ният қилибсиз-да, — деб қўйди келинининг саломига алик олиб.

— Келинингиз келин бўлиб келганидан бери бирор йил рўзани қолдиргани йўқ, дадаси, — деди хотини. — Етти ёшидан бери рўза тутар экан. Сиз билмайсиз-да, намозларни ҳам биз қайнона-келин бирга ўқиймиз.

— Ҳа, қайнона билан келиннинг лойини бир жойдан олиши рост экан, — деди профессор.

Саҳарликдан сўнг жойнамоз сўраган эди, хотини деди:

— Сиз энди масжидга чиқинг. Беш вақт боролмайсиз, аммо Бомдод ва Таробеҳ намозларини ўқиш учун масжидга чиқмасангиз айб бўлади. Икки юз қадамда масжид туриб, уйда ўқисангиз дуруст эмас. Эркак намозини жамоат билан ўқиса савоби йигирма етти марта, Рамазон ойида эса етти юз марта зиёда савоб оларкан. Хотинларга бу савоб уйда ўқиса бериларкан.

Профессор тўнини кийиб, масжидга йўл оларкан, хотинига ҳазил қилди:

— Бир кунда отангга ўхшатиб мулла қилдинг-қўйдинг!

Шу-шу профессор ҳар куни cаҳарлаб масжидга чиқадиган бўлди. Таробеҳни ҳам жамоат билан ўқир, маҳалладагилар таклиф қилишганда ишдан эртароқ қайтиб, бобойларга қўшилиб, ифторликларга ҳам борадиган бўлди.

* * *

Файзулла Зарипов бир ой Рамазонда руҳиятида катта ўзгаришлар бўлаётганини англаб борди. У ўзини шу бир ой ичида худди анча улғайгандек ҳис қила бошлади. Кўпгина воқеа-ҳодисалар тўғрисида бошқачароқ мушоҳада қила бошлади. Аввваллари иш дебди, илм дебди, билгани уйи ва университет бўлибди. У энди элга қўшилиб, элнинг, маҳалла-кўйнинг ўй -ташвишлари билан ҳам ошно бўлди. Атрофдагилар нима билан нафас олаётганларини англади. Энг муҳими, Пайғамбаримиз саллаллоҳи алайҳи вассалламнинг «Ножоиз жойларга қараманг, кўзингизнинг рўзаси бузилади, ғийбат, фасод гапларни эшитманг, қулоғингизнинг рўзаси бузилади, ношаръий гапларни гапирманг, оғзингизнинг рўзаси бузилади», деган муборак ҳадисларига риоя қилиб, ўқитувчилар орасида ҳам бўлиб турадиган иғво, ғийбатлардан, майда-чуйда баҳслардан ўзини четга олди.

Ой давомида жангдаги ўқини тежаган аскар мисоли айтадиган сўзларини тежади. Пайғамбаримизнинг «Кам енг, кам денг, кам ухланг», деган ҳадисларини ўзига шиор қилиб олиб, иложи борича кам гапиришга ҳаракат қилди. Саҳарлик ва Бомдод намозидан кейин қайтиб ўринга кирмади ва ҳадисларни мутолаа қилди. Бир неча кичик сураларни ёдлади. Айниқса, Шайх Ҳазратларининг «Сизга шу ой ичида умуман ёлғон гапир масликни вазифа қилиб юклайман», деган гаплари деярли ҳар куни қулоғида жаранглаб турди ва бир ой ичида бир неча марта ёлғон гапиришга тўғри келган жойда, ёлғон гапирса иши битиб кетадиган жойда, ёлғон гапирса наф топадиган жойда ёлғон гапирмади. Рост гапиргани учун маломатларга қолса-да, ёлғон гапирмади.

* * *

Профессор Файзулла Зарипов университет қабул комиссияси раиси эди. Ҳуқуқшунослик факультетига имтиҳон топширган бир абитуриентнинг отаси қабулига кирди. Профессор уни яхши танир, кўпгина катта лавозимларда ишлаган бу кишининг ҳозир бир неча хусусий ресторанлари, меҳмонхонаси бор эди.

— Домлажон, жиянчангиз шу десангиз… прокурор бўлишни ният қилувди, — ўзининг «олтин заҳираси»ни кўрсатиб табассум қилди ресторан соҳиби. — Шу, шарт¬нома асосида ўқийдиганлар қаторидан жой олишга бир балмикин, ярим балмикин етмай қолибди-да. Шунга озгина ёрдам қилсангизу, биз камбағалларнинг боласи ҳам талаба бўлиб қолса, деган илтимос билан келувдим. Бу ёғига ҳар қандай хизматга мана, биз шаймиз, Файзулла ака.

— Ўғлингизнинг «Абитуриент гувоҳномаси»ни беринг¬чи, Ҳамид ака, — деди профессор ва Ҳамид ака узатган гувоҳномадаги рақамларга қараб, ҳуқуқшунослик факультетига имтиҳон топширган абитуриентларнинг рўйхатидан унинг ўғлига тегишли маълумотларни топди.

— Анча яхши балл тўплаган экан, — деди профессор қоғозлардан кўз узмай. Йиқилганларнинг ичида тепадан иккинчи ўринда турибди. Имконият бўлади, агар шартнома асосида қабул қилинганлардан икки киши ўқишни истамаса, ўғлингизни албатта чақирамиз, ҳозир битта ариза ёзиб ташлаб кетсин.
Ҳамид ака пишиқ одам, шартта чиқариб аризани узатди.

— Бўлди, — деди Файзулла Зарипов. — Энди бирор ҳафта кутасиз, қайси талабалар шартнома пулини белгиланган вақтда тўламаса ўрнига ўғлингизни чақирамиз, келиб шартнома пулини тўлаб ўқийверади, ака.

— Ҳамма нарсани тушунаман, — деди Ҳамид ака эшикка бир қараб олиб, овозини пасайтираркан. — Икки талабангиз ўқишни истамади ҳам дейлик. Кейин бу икки ўринга казо-казоларнинг нечтаси боласини тиқиштириш учун пойлаб ўтирганини ҳам биламан. Ҳозир шундай дейсиз-у, эрта ўғлим қолиб кетиб, ҳов, юз балл ҳам ололмаган Палончиевларнинг боласи ўқиб кетади.

— Ундай эмас, битта ўрин бўшаса ҳам аввал сизнинг ўғлингиздан тепада турган боладан, кейин сизнинг ўғлингиздан, кейин учинчисидан сўраймиз. Улар ўқийман деб турганда биз тўртинчи ўринда турган болани чақириб ўқитмаймиз.

— Майли, бу гаплар ўз йўлига, — деди Ҳамид ака эшикка яна бир марта қараб олиб ва ёнидан беш боғлам пул чиқарди. — Бўладиган гапдан гаплашайлик. Мана бу беш минг доллар пул. Азимжон жиянингиз талаба бўлса бас, шу пул ҳаққи-ҳалол сизники. Камига яна биз хизматдамиз. Азимжон ўқишни битиргунча сизнинг меҳмонларингиз менинг меҳмонларим бўлади. Зиёфати, меҳмонхонаси менинг бўйнимда. Азимжон прокурор бўлиб олса қолган хизматни ўзи қилади.

— Нима қилаяпсиз, Ҳамид ака, олинг пулингизни, айт¬дим-ку, иккита ўрин бўшаса Азимжонингиз ўқийди деб. Пул-мулсиз, ўзи тўплаган балл билан ўқийди.

— Майли, Файзулла ака, ўзи кирсаям майли, шу пулни олинг, илтимос, қайтарманг, менинг кўнглим тўқ бўлсин!

— Кўнглингиз тўқ бўлаверсин, Азимжоннинг ўрнига бошқа бола кириб ўқий олмайди.

Ҳамид ака такрор-такрор пулни ташлаб кетиш ҳаракатини қилди, аммо Файзулла Зарипов пулни олиб қолмади. 

Кечқурун, ифторликдан сўнг хотини ва ўғли билан қолганида бу воқеани уларга айтиб берди.

— Икки йилдан бери йиққан пулимиз машинага етмай турувди, олсангиз эртагаёқ яп-янги «Нексия» олардик-да, дада, — деди ўғли.

— Худо кўрсатмасин, кейин ўша машинада бирор фалокатга учрасак, айбни ким-кимлардан ахтариб юрардик, олмай тўғри қилибсиз, дадаси, — деди хотини. — Ҳаром нарса барибир буюрмайди. Ҳаромдан ҳазар қилмаган одам тез бойидим деб ўйлайди. Аммо ундан ҳам тез хор бўлишини билмайди. Бу дунёда хор бўлмаса охиратда албатта хор бўлади.

Орадан беш кун ўтиб ҳуқуқшунослик факультетидан учта ўрин бўш қолгани аниқ бўлди. Файзулла Зарипов Ҳамид ака қолдирган телефон рақамини ахтариб турганда унинг хонасига факультет декани кириб келди. Салом аликдан сўнг бўшаган уч ўринга кимларни чақириш мумкинлиги ҳақида гап бошлади.

Уч кишининг исми шарифи ёзилган қоғозни узатди. Профессор унга кўз югуртириб Азимжоннинг исмини кўрмади. Кейин декан тавсия қилаётган абитуриентларнинг тўплаган балларига кўз югуртирди.

— Буларнинг бали анча паст-ку, Фаррух Фирдавсович? Мана бу Шуҳратов деганиники юзга ҳам етгани йўқ.

Давоми бор

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Уламо эътирофи: Шайх ҳазратларининг қадрларига етмабмиз...

1937 02:00 23.05.2020

Ўтганларнинг қазоси учун фидя бериладими?

749 23:00 21.05.2020

Яна рўза борми? (2-қисм)

1550 02:16 19.05.2020

Шайх ҳазратларининг китоблари асосида савол-жавоб дастури тузилди

879 15:30 18.05.2020

Яна рўза борми?

6661 05:30 12.05.2020
« Орқага