Кеча Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2021 йилнинг 22 декабрдан бошлаб янги кўринишдаги номинал қиймати 50 000 сўм ва 100 000 сўм бўлган банкнот шаклидаги пул белгиларини муомалага чиқарилиши ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Мазкур банкнотлар мавзуси «Буюк Ипак йўли» ҳамда мамлакатимиз ҳудудидаги Сурхондарё ва Хоразм вилоятларининг қадимий тарихига бағишлангани маълум қилинган.
Бироқ 50000 сўмлик банкнота дизайнида чалкашлик, хато кетиб қолганлиги аниқланди. Маълум бўлишича, қоғоз пулда акс эттирилган мақбара ёзилганидек Абу Исо Термизий эмас, Ҳаким Термизий мақбарасидир.
Буни пул чиқмасидан олдин тўғирлаб қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки тарихимизга бу қадар беписандлик, бепарволик қилиш тўғри иш эмас. Энди нима бўлади? 50000 сўмлик пул босиб қўйилган бўлиши мумкин, хатоси билан кетаверадими? Ёки бошқатдан чиқариладими?
Биз масалага ойдинлик киритиш мақсадида Марказий банк матбуот хизмати билан боғланишга ҳаракат қилдик. Бироқ иш вақти бўлишига қарамасдан сайтда кўрсатилган бирорта телефон рақами қўнғироқларимизга жавоб бермади.
Балки банк ходимлари банкнотадаги хатони тўғирлаш билан машғул бўлаётгандирлар...
Ёқуб Умар