(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм)
Мутолаа
Аёлларни аёллар ҳам эзади
Вақт тушга яқинлашган, аммо машинадан хабар йўқ эди. Маликбейнинг рақамини излаётган Фазилат унга қўнғироқ қилиб, нима бўлганини сўрашни ўйларди. Ниҳоят топди. Инжу хоним билан саломлашиб, бироз суҳбатлашгандан сўнг сўради:
– Малик укамдан машинам ҳақида сўрамоқчи эдим. Мумкин бўлса, билиб берасизми?
– Ярим тунда менга қўнғироқ қилди. Уста топиб, эрталабгача машинангизни тузатиб беришини сўрабди. Улгуролмайман деса-да, укангизнинг илтимосини қайтара олмабди. Ўзи ҳам устахонада қолиб, туни билан машинангизнинг барча камчиликларини тузатишибди. Тез орада келиб қолса керак. Хавотир олманг.
Фазилат жуда хижолат тортди.
– Малик укамдан Аллоҳ рози бўлсин! Мени деб шунча машаққат чекибди. Ростини айтсам, жуда хижолат бўлдим.
– Сираям хижолат бўлманг. Ҳечқиси йўқ. У сизга тегишли бўлган ишни чин дилдан зиммасига олади ва юракдан бажаради. Сиз ҳақингизда доим: “Янгам ўзига хос аёл”, дейди. Бу гапингизни эшитса, хафа бўлади.
– Инжу синглим, эрингиз мени ҳайрон қолдиряпти. Унга роман совға қилишдан бошқа ҳеч нарса қилмаган бўлсам-да, менга жуда юқори баҳо беряпти. Ростини айтсам, бунчалик мақтовга лойиқ эмасман.
– Сиз ўйлашингизча иккита роман бергансиз. Лекин у “Ўша романлар ҳаётимни ўзгартириб юборди, Фазилат хоним менга китоб эмас, дунё берди, лекин ўзи бундан бехабар. Унга бир умр миннатдорчилик билдирсам ҳам, яна қарздорман”, дейди.
– Нима дейишни билмай қолдим. Тўғриси, қилган яхшилигим бундай мукофотланишини истамасдим. Лекин Малик укам мендан бирор хизмат бўлса, унга айтишимни, ишларимда ёрдам беришини қатъий сўрайди.
Телефон гўшагини қўйгандан кейин Фазилат чуқур ўйга толди: “Эй Худойим! Ёки руҳларни жуфт қилиб яратдингми? Малик Алининг олдинги ҳолига қанчалар ўхшайди! Бир пайтлар у ҳам менга шундай ғамхўрлик қиларди...”
Ўйлари чуқурлашгани сари титраб кетди.
“Аллоҳим! Мен нималар деяпман? Бу одам билан кўришмаслигим керак. Кундан-кун уни яқин кишимдек ҳис қила бошладим. Бу яқинлик туйғуси менга ёқмаяпти”.
Тоғлар устида тоғ бўладигандек,
Кўнглимни пойига оладигандек,
Сўнг бехабарларча қарайдигандек
Қаршимда бундайин турмангиз, тоғлар...
Фазилат ва Маликнинг оиласи орасида қисқа вақт ичида жуда самимий дўстлик ҳосил бўлиб, энди тез-тез кўришиб туришарди. Малик ишдан келгач, Фазилатга учрамасдан кетмас, бирор нарса керакми-йўқми, деб сўрарди. У худди бу оиланинг аъзоларидан бирига ўхшарди. Фазилатни эса бу муносабат ниҳоятда ноқулай аҳволга солар, лекин ҳеч кимга айтолмасди.
* * *
Ота-онаси келиб, мароқли суҳбат қуришди. Аммо Фазилат баъзида чуқур хаёлга чўмар, бу унинг атрофидаги яқинларини безовта қиларди. Онаси ҳар сафар қизига бошда қилган ёмон муомаласини тузатишга уринар экан, тушунтирмоқчи бўларди:
– Мана шу шафқатсиз отанг мени жуда қўрқитганди, қизим. Агар сизни уйга киритсам, аниқ мени ўлдиради деб ўйлагандим, аммо акси бўлди. Сизларни олиб қолмаганим учун неча кунлар гаплашмади ҳам. Унинг қалбида нима борлигини қаёқдан билай? У менга ўзини тўғри таништирганида эди, буларнинг ҳеч бири бўлмасди! Фазилатнинг онаси бу сўзларни балки ўнинчи марта айтаётган эди. Такрор-такрор гапирар, айниқса, невараси Нурга эшиттирмоқчи бўларди.
Фазилатнинг “ароқхўр” лақабли акаси гоҳида синглисиникига келиб, унинг руҳини кўтаришга уринарди:
– Синглим, умуман қўрқма. Мен борман. Ҳеч ким тола сочингга зарар беролмайди. Ҳаммолчилик қилиб бўлсаям, сизларни оч қолдирмайман. Мастликда айтяпти-да, дема. Сенга бўлган муҳаббатимни ичкилик йўқотолмайди. Зотан, яқинда ичишни ташламоқчиман.
Йиллар давомида “Яқинда ичишни ташлайман”, деб келган акаси инсонийлик кўрсатишга уринарди. Маст бўлса ҳам, акасининг “Ортингда мен борман, қўрқма!” дейиши Фазилатни қувонтирарди.
Амина Шенликўғли
(давоми бор)