Бош прокуратура томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Илғор хорижий давлатлар тажрибаси асосида тайёрланган лойиҳада айрим турдаги жиноятлар декриминализация қилинмоқда, яъни жиноят қонунчилигидан чиқарилмоқда:
- рақобатчини обрўсизлантириш;
- рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш;
- савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш;
- сохта тадбиркорлик;
- жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик;
- диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш;
- ҳарбий ёки муқобил хизматдан бўйин товлаш;
- диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш.
Қуйидагилар учун жиноий жавобгарлик ўрнатилмоқда:
- инсонда ноқонуний тажриба ўтказиш;
- ғайриқонуний равишда психиатрия муассасасига жойлаштириш;
- ўзбошимчалик билан жазолаш;
- митинглар, йиғилишлар ёки намойишлар ташкил этиш, ўтказишга ёки уларда иштирок этишга ғайриқонуний қаршилик қилиш;
- шантаж;
- инсайдерлик маълумотлари бўйича ғайриқонуний ҳаракатларни амалга ошириш;
- нодавлат тижорат ташкилоти ёки бошқа нодавлат ташкилоти мансабдор шахсининг мансаб сохтакорлиги;
- ота ёки онанинг ўз чақалоғини сотиши;
- журналистнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш...
Ушбу лойиҳа фуқароларнинг таклифлари асосида янада такомиллаштириш мақсадида жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилди.
Шу сабабли, кенг жамоатчиликдан мазкур лойиҳани кўриб чиқишда ва уни такомиллаштиришда фаол иштирок этишлари сўралади.