Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳақида маълумот берилди

11:00 15.05.2019 1822

Аввал хабар бериб ўтганимиздек, 2019 йил 14 майда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижросини мониторинг қилиш бўйича Ишчи гуруҳнинг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари Акбар Тошқулов янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни ҳақида маълумот берди.

Ушбу қонун лойиҳасининг мақсади қонун нормаларини 1966 йил 16 декабрдаги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга мувофиқлаштириш, диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини соддалаштириш, давлат рўйхатидан ўтишни рад этишнинг муайян асосларини аниқлаш, ушбу соҳадаги ваколатли давлат органларининг ваколатларини, суд тартибида диний ташкилот фаолиятини тўхтатишни, диний ташкилотларнинг режалаштирилган фаолияти тўғрисида хабардор қилиш тартибини, диний адабиётларни тайёрлаш ва тарқатиш тартибини белгилашдир.

Қонун лойиҳаси диний ташкилотларни рўйхатга олиш тартиби диний ташкилотларни ташкил этиш учун ташаббускорлар сонининг 100 кишидан 50 кишигача қисқаришини, шунингдек, диний таълим муассасаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилишини кўзда тутади.

Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб келиш ва тарқатиш соҳасидаги тартибни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг тегишли қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатга олиш, тугатиш тартибини янада мақбуллаштириш ва соддалаштириш бўйича халқаро эксперт тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш уларнинг марказий органлари учун давлат божи беш марта – ЭКОИҲ нинг 100 бараваридан 20 бараваригача ва диний ташкилотларнинг ўзи учун 50 дан 10 гача қисқартирилди. Рўйхатга олувчи органга ҳисобот бериш тартиби ва муддати йилига бир марта ҳисобот тақдим этиш талабларини белгилаш йўли билан соддалаштирилди. Рўйхатдан ўтказувчи органнинг ваколатларидан диний ташкилотларни тугатиш ҳуқуқи чиқариб ташланди, диний ташкилот фаолиятини суд тартибида тўхтатиш белгиланди.

2019 йилда “Йўл харитаси”да белгиланган тадбирларини амалга ошириш бўйича Ишчи гуруҳнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ишчи гуруҳнинг кенгайтирилган йиғилишида депутатлар, сенаторлар, вазирликлар, идоралар, таълим муассасалари раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари, диний ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!