“Янги тинчлик режаси на Исроилга, на Фаластинга ёқади”

21:30 16.08.2018 767

АҚШ томонидан тайёрланаётган тинчлик режаси Исроилга ҳам, Фаластинга ҳам ёқмайди, бироқ барқарорликка эришиш учун айнан шундай йўл тутиш керак. АҚШнинг халқаро музокаралар бўйича вакили Жейсон Гринблатт Твиттердаги саҳифасида ана шундай ёзди.

Инглиз, иврит ва араб тилларидаги ушбу матн остида АҚШ маъмуриятининг Фаластин – Исроил тинчлик лойиҳасига бош-қош бўлаётган тўрт нафар юқори мартабали мулозимининг исмлари ёзилган. Булар – Гринблаттдан ташқари президент Трампнинг куёви Жаред Кушнер, АҚШнинг Исроилдаги элчиси Дэвид Фридман ва БМТдаги вакили Никки Хейли.

“Ҳеч ким тамомила мамнун бўлмайди, бироқ ҳақиқий тинчликка эришиш учун шундай бўлиши керак. Воқеликларга асослангандагина тинчликка эришиш мумкин”, – дейилади қайдда.

АҚШ вакиллари тинчлик режаси ниҳоясига етаётгани ҳақида бир неча бор айтган, бироқ тафсилотлар шу пайтгача ошкор этилмаган. Исроил АҚШнинг режаси бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр. Фаластинликлар эса Дональд Трамп Қуддусни Исроил пойтахти деб эълон қилганидан кейин АҚШнинг воситачилигидан воз кечган. 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!