Янги Зеландия: терактдан кейинги илк жума

14:36 22.03.2019 2980

Янги Зеландияда икки масжидда амалга оширилган терактлардан кейин илк бор жума намози адо этилди. Жума азони Янги Зеландия давлат телевидениеси ва радиоси орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди.

Крайстчерт шаҳридаги Хаглей паркида ўқилган жума намозига мамлакат бош вазири Жасинда Ардерн ҳам келди. У намоздан олдин қисқа нутқ ўқиди ва нутқини ҳадис билан бошлади: “Муҳаммад пайғамбар айтадиларки, “Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундаги бир аъзо хаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди”. Янги Зеландия сизлар билан. Мотамдамиз, биз бирмиз”.

Теракт содир бўлган “Ал-Нур” масжиди имом Жамол Фуда бош вазирга ва янги зеландияликларга мусулмонларни қўллаб-қувватлашгани учун миннатдорчилик билдирди. У террорнинг ранги, дини ва ирқи йўқлигини таъкидлади:

“Янги Зеландияни енгиб бўлмаслигини кўрсатдик. Дунё бизда меҳр ва бирликнинг намунасини кириши мумкин. Юрагимиз парчаланди, лекин ўзимиз парчаланмадик (енгилмадик)”.

Мамлакат бўйлаб ўтказилган хотира маросимларида бош вазирнинг чақириғига биноан мусулмон бўлмаган аёллар ҳам бугун рўмол ўради.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!