Янги Зеландиядаги фожиа: масжидларга қилинган ҳужум тафсилотлари маълум бўлди

11:46 15.03.2019 6004

Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн миллий телевидение орқали чиқиш қилиб, Крайстчерч шаҳридаги икки масжидга қилинган ҳужум “кўплаб қурбонларга” олиб келганини тасдиқлади. Бу ҳақда Stuff порталига таяниб Kun.uz хабар бермоқда.

Бош вазир неча нафар киши ҳалок бўлганига аниқлик киритмади.

Ардерннинг қайд этишича, масжидларга қилинган ҳужум мамлакат тарихидаги энг “қоронғу” кунлардан бирига айланади. Шунингдек, у ҳужумни “шафқатсизликнинг ўта даҳшатли мисоли”, деб атаган.

New Zealand Herald хабарига кўра, Крайстчерч шаҳридаги масжидларга ҳужум қилганлардан бири австралиялик 28 ёшли Брентон Таррантдир. Билдирилишича, у ультра ўнг қарашларга эга.

Таъкидланишича, Таррант Ал-Нур масжидига ҳужумни ижтимоий тармоқларда жонли трансляция қилган, у 17 дақиқа давом этган. Шунингдек, хабар қилинишича, у ўзининг фикрларини баён этган манифест ёзган.

Нашрдан қўшимча қилинишича, ҳужумдан бироз олдин Таррант ижтимоий тармоқларда Германия канцлери Ангела Меркель ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғанни ўлдиришга чақирган.

Аввалроқ, ОАВ манбаларга таянган ҳолда ҳужум оқибатида 27 киши қурбон бўлганини хабар берди. Кейинчалик, жиноятчилардан бири Ал-Нур масжидига ҳужумни онлайн трансляция қилгани маълум бўлди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!