Янги зеландиялик аёллар мусулмонларни қўллаб-қувватлаш учун рўмол ўрадилар

08:00 25.03.2019 1774

Янги зеландиялик аёллар бўлиб ўтган воқеалардан сўнг мусулмонларни қўллаб-қувватлаш учун рўмол ўрадилар

Крайстчерчдаги воқеадан бир ҳафта ўтиб, жума куни бутун Янги Зеландия бўйлаб аёллар мусулмонларга ҳамдардликларини изҳор қилиш ниятида бошларига рўмол ўрадилар. 

Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн ўтган ҳафта отишмалардан сўнг мусулмон жамияти билан учрашганда бошига рўмол ўраб, кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлган эди. Бугун у жума намозига ташриф буюриб, қисқа нутқ қилди. У ўз нутқини мусулмонларнинг бирдамлиги тўғрисидаги ҳадисдан бошлаб, бутун мамлакатнинг мусулмонларга ҳамдарлигини изҳор қилди.

Крайсчерчликлар ўтган ҳафта мудҳиш ҳодисага гувоҳ бўлган "Ал-Нур" масжиди олдидаги майдонга намоз учун йиғилар эканлар, Оукленд, Веллингтон ва Крайстчерч аёллари, ҳатто баъзи болалар ҳам бoшларида рўмол билан келдилар.

“Нима учун мен бугун рўмол ўрадим? Чунки яна қурол кўтарган кимдир кўринса, мен у қурол ўқталган киши билан ёнма-ён туришни, унинг бизни фарқлолмаслигини хоҳлайман. Аслида ҳам фарқимиз йўқ”, дейди крайстчерчлик Белл Сибли.

“Мен бошимда рўмол билан иш жойимга кирганимда менга тикилаётган инсонлар олдида рўмол сабабли ноқулайликни ҳис қилдим.  Мен умримда биринчи марта мусулмон озчиликдан бири бўлиш қандай бўлишини ҳис қилдим”, деди оукланлик Рачел Мак Грегор.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!