Янги Зелландиядаги террор хужуми: Қаҳрамон Абдулазиз террористни чалғитмаганида  яна нималар бўлар эди...

10:00 18.03.2019 6546

48 ёшли Абдулазиз жума нaмози вақтида ўқ овозларини эшитди. Ўзи билан турган 4 та боласини Линвуд Исломий маркази масжиди ичида қолдириб ташқарига, террористга қаршилик кўрсатишга югурди.

Унинг болалари “Илтимос дада, ичкарига келинг” деб ёлворишди. У эса “сизлар ичкарига яшириниб туринглар, ҳаммаси яхши бўлади” деди.

У йўлида давом этиб, кичик пул ечадиган терминални қурол сифатида фойдаланиш учун оларкан, йўлакда 2 нафар кишиниг жасадини кўрди.

Абдулазиз ташқарига яқинлашар экан, террористнинг ўз машинасига қараб, ўқи тугаган автоматини ташлаб бошқасини олишга кетаётганини кўрди ва унга қараб бор кучи билан терминални улоқтирди. Шу даврда янги автоматини олишга улгурган қотил Абдулазизга қараб 4-5 марта ўқ узди. Абдулазиз машиналарга паналаб ўқ тегишидан ўзини ҳимоялади.

Айни шу вақтда Абдулазиз қотил томонидан ерда ётган бўш милтиқни олиб, яна 2-марта қўшимча қурол олиш учун машинасига қайтиб кирган террористга ҳужум қилди.

Абдулазиз айтади: “Мен у болага қараб: “Кел бу ёққа, мана мен, бу ердаман“ деб бақирардим. Унинг масжид ичига қайтиб киришидан хавотирланиб, менга эътибор қаратишини  истардим.”

“У менинг қўлимда турган милтиқни кўриб, қўлидагисини ташлаб югурди. Мен унинг орқасидан қувиб бориб, 2 чи милтиқни  олганимда, унинг ҳам бўшлигига гувоҳ бўлдим” (Ўйлайманки, террорист 2 чи милтиғини олганида, унинг ўқдонини олишни унитган).

Террорист машинадалигида, Абдулазиз қўлидаги бўш қуролини бор кучи билан у томонга улоқтирди. Оқибатда, машинанинг ойнаси синиб тушди.

“Қурол машина ойнасига урилиб қаттиқ товуш чиқариб ойна синиб кетганини кўрган қотил бироз шокка тушди” дейди у!

Абдулазизнинг айтишича, террорист унга қараб сўкинган ва масжидга қайтиб киришдан чўчиб, машинасини юрғизган. Абдулазиз унинг ортидан югурган, аммо кўча бошидаги светофорнинг қизил чироғи ёниб, йўлнинг бўшаши террористга қўл келган ва қочиб, дақиқа ичида ғойиб бўлган.

Абдулазиз масжидга қайтганида, жуда кўпчилик дўстларининг яраланганини кўрди.

У ҳозирги пайтда, террористга қаршилик кўрсата олгани учун ҳам қаҳрамон дея эътироф қилинмоқда.

Масжидда имомлик қилиб турган Латиф Алаби: “Абдулазиз, бу террористнинг орқасидан қувиши натижасида биз сақланиб қолдик. Акс ҳолда,  у масжидга қайтиб кела олганида, ҳаммамиз вафот этган бўлардик”, дейди

Абдулазиз эса камтарона: “Мен ўзимни қаҳрамон деб ўйламайман. Мендан бошқаси бўлганида ҳам айни шу ишни қилган бўларди. Одамларга ёрдам бериш инсонийлик бурчимдир”, деди.

Линвуд масжидида 7 нафар мусулмон шаҳид бўлди. Агар Абдулазизнинг ҳаракатлари бўлмаганида қурбонлар сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин эди. Бошқа масжидда эса 41 нафар намозхон  отиб ташлаган.

Шаҳром Рустамов таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!