Янгиерда болаларни масжидга киритмаётган ҳокимият ходими: “Сизни деб масжид ёпиб юборилишини хоҳлаяпсизми?”

03:00 21.05.2018 6396

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар жомеъ масжидига 18 ёшга етмаган болаларнинг киритилмаётгани хабар қилинди.

Янгиер шаҳар жомеъ масжиди олдида 18 га тўлмаган болаларни ўзини ҳокимият вакили деб таништираётган Алижон Соҳибов, шаҳар жиноят қидирув бўлими капитани Ғолиб Кўчимов ва Равшан исмли кишилар болаларни масжидга киришига қаршилик кўрсатишган.

Azon.uz'га етиб келган аудиохабарга кўра, ўзини ҳокимият вакилиман деб таништираётган Алижон Соҳибов "Ўқувчи кирмасин дейилган, сизни деб масжидни ёпиб юборишини хоҳлаяпсизми? Мумкин эмас дейилгандан кейин мумкин эмас!”, деб айтади.

Қариндош укасини масжидга олиб келган Шаҳзод Султонов «Ёмон нарса ўрганмаяпти-ку, терроризмни ўрганмаяпти, ўғирликни ўргатмаса, компьютерда ўтирмаса, ёнимда ўтиради. Ўз кафиллигимдаги бола. Бу ерга келиб одобни ўрганса, катталарга ҳурматини ўрганса, бунинг нимаси ёмон?» деб масжидга киритмаслик бўйича ҳуқуқий асос ёки бирор қонун борлиги ҳақида сўрайди.

Ҳокимият вакили савол эгасини давлатга қаршиликда айблаб, «Тушунмадим, сиз нима деяпсиз? Сиз давлатга қарши бормоқчисиз?», деб бу масала бўйича исталган жойга мурожаат қилишлиги мукинлигини айтади.

Ҳақли бир савол туғилади. 1998 йил қайта таҳрир қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига кўра, вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб қилиш боланинг ўз ихтиёри, уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига кўра бўлиши мумкинлиги айтилган. Шундай экан қайси қарорга кўра болалар масжиддан тўсилмоқда. Агар болаларнинг масжидга кириши тақиқланган бўлса, нега қарор халққа ошкора айтилмаяпти?

Унинг устига мутасадди ташкилотлар, жумладан Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу каби масалаларда ўз фикрини айта олмаяпти? Бу каби муаммолар Рамазон ойи бошлангандан буён юртимизнинг турли ҳудудларидан келиб турибди. Лекин расмийларимиз ҳали ҳам сукут сақлашмоқда.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!