Япония Ўзбекистонда мактаб ўқитувчиларининг малакасини ва таълим сифатини ошириш учун катта маблағ ажратди

20:30 01.06.2019 269

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (ХТВ), Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Digital Knowledge Co. Ltd компанияси (Япония) таълимни бошқариш тизимини жорий этиш бўйича қўшма лойиҳага старт берди.

2019 йилнинг 31 май куни ХТВ, JICA ва Digital Knowledge Co. Ltd вакиллари мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича баённомани имзолади.

Лойиҳа таълимни бошқариш тизимини жорий этиш орқали мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириш, юртимизнинг барча вилоятларида ягона таълим сифатини таъминлаш ҳамда давлат ва нодавлат мактабларида таълим сифатини оширишга қаратилган.

Нархи $1 млн. бўлган мазкур лойиҳа давлат-хусусий шерикчилик шаклида амалга оширилади. Лойиҳа JICA томонидан ажратилган грант ҳисобига молиялаштирилади.

Digital Knowledge Co. Ltd компанияси мутахассислари янги лойиҳани амалга оширишда иштирок этади. Жумладан, лойиҳа доирасида мамлакатимизнинг барча вилоятларида жойлашган 14 та пилот мактабларида таълимни бошқариш тизимини жорий этилади. (ҳар бир вилоятда биттадан мактаб).

Лойиҳа доирасида япониялик мутахассислар пилот мактаблари фаолияти ва ўқитиш методларини ўрганади. Ҳамкорликда амалга оширилган иш натижаларига кўра ўқитувчилар Ichishin Holdings Group, Meiko Network Japan, Gakusho ва бошқа Япониянинг етакчи компанияларининг ўқув дастурлари ва материаллари бўйича масофавий таълимдан ўтади. Мазкур дастур ва материаллар таржима қилиниши ва Ўзбекистон стандартларига мослаштирилиши ҳам режалаштирилган.

Компьютер тест тизимини маҳаллийлаштириш мазкур лойиҳанинг асосий қисмларидан бири бўлади. Маҳаллийлаштирилгандан сўнг мазкур тизим орқали пилот мактаблардаги ўкувчилар имтиҳондан ўтказилади, бу эса ўқувчиларнинг билим олиш даражасини аниқлашга кўмак беради.

Лойиҳа доирасида япониялик мутахассислар нодавлат таълим муассасалари вакиллари учун ҳам таълим тизимини бошқаришнинг афзалликлари ва электрон ўқув материалларини яратиш бўйича бир қатор тадбирлар ташкил этишни режалаштирган. Яратилган ўқув материаллари давлат мактабларида синовдан ўтказилади.

Халқ таълими вазирининг ўринбосари Сарвар Бабаходжаевнинг таъкидлашича, ХТВ ривожланган мамлакатларининг таълим тизимидаги энг яхши тажрибасини ўрганиш учун хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатмоқда. Бу лойиҳа мазкур ишларнинг натижаларидан биридир. Лойиҳа бир йил давомида амалга оширилади. Ушбу ташаббус натижасига кўра лойиҳа иштирокчилари таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш бўйича каттароқ лойиҳани амалга оширишни ўрганиб чиқишлари мумкин.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!