Таҳлил

Японлар мусулмон эмас, аммо...

3556

Японияга сафар давомида бир шеригимиз iPhone 6S телефонини йўқотиб қўйди. Қаерда тушириб қўйганини аниқ билмайди, эҳтимол охирги кирган 6 қаватли савдо марказида қолдирган бўлсам керак, деб тахмин қилди. Қайтиб борганди, савдо маркази ёпилибди (Японияда деярли барча дўкон ва муассасалар 21:00 гача тақа-тақ ёпилади).

Эртаси куни савдо марказига борганди, телефони қўриқлаш хизматида турганмиш. Кимдир телефонни топиб олиб, security’га бериб кетибди.

Худди шунга ўхшаш воқеани жуда кўпчиликдан эшитдим. Айтишларича, Японияда йўқотилган буюмларнинг тахминан 95%и топиларкан. Чунки япон халқи бировнинг ҳаққига хиёнат қилишдан жуда қўрқади. Бировнинг ҳаққи деганда фақат моддий мулк (пул ёки буюм) эмас, балки ўзганинг вақти, ўзганинг меҳнати, ўзганинг навбати, ўзганинг кайфияти ва ҳоказолар ҳам тушунилади.

Шу сабабли ҳам японлар коррупция, пора деган нарсаларни ҳазм қила олишмайди. Университетда ўқитувчисига Ўзбекистондан келган меваларни совға сифатида бериб, талабаликдан ҳайдалиб кетишига сал қолгани ҳақида гапириб берди бир дўстимиз.

Бизнинг жамиятда ҳам ана шундай одат шаклланишини чин дилдан истар эдим.

@iqtiboslar каналида айни шу мавзуда куни-кеча яхши пост қолдирилганди, Сизга ҳам илиндим:

— Ёзда Японияга бориб келган бир танишимиз ушбу давлат ҳақида ҳикоя қилганди: «Бирор жойга нарсангизни қўйсангиз, ҳеч қачон йўқолмайди. Бировни ҳаққидан жуда қўрқишади». Бу рост, аввал ҳам эшитгандим, янги чиққан бир кинонинг ўзи обуна бўлган контентда чиқишини сабрсизлик билан кутиб юрган бир япондан «мана флешкамда турибди шу кино, ташлаб берайми?» деб сўраган ўзбек дўстим рад жавобини эшитиб, ҳайрон қолган. «Йўқ, бу муаллифлик ҳуқуқига зид, яхшиси яна озгина сабр қиламан, чиқиб қолади ўзимизда», — деган жавоб янграган.

Шу билан бирга, ҳалиги танишим японларнинг жудаям ичувчи халқ эканини айтди, масалан, бизга ўхшаб фақат уйсиз бомжлар эмас, анча билимли, талаба ёшлар ҳам, умуман ҳар ким, ичиб кўчада думалаб қолиши табиий ҳол экан. Йўловчилар индамай қараб, ўтиб кетаверишаркан – «ҳа бир кайф қилибди-да». Яъни эртасига, «фалончи алкаш бўлиб кетибди, думалаб ётганини кўрдим», деб юришмаса ҳам керак. Аҳлоқсиз миллат.

Биласизми, аҳлоқ инсонни муҳтарам этадиган энг муҳим ўлчовдир. Жамиятдаги ўзаро муносабатлар шу асосда шаклланади. Японлардан ҳайрон бўлаётганимизнинг сабаби шу, аҳлоқни биз улар билан бироз фарқли тушунарканмиз. Масалан, бир япон учун аҳлоқли инсон – аввало, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмайдиган одам. У алкаш бўлиши, зинога берилиши, бошқачароқ кийиниши мумкин, лекин бировнинг ҳаққига (пул, вақт, зулм) хиёнат қилмаса, у аҳлоқли, ўзбекча таъбир билан айтганда, «бемалол қиз берса бўлади».

Аввал ҳам ёзгандим шекилли, исломда икки турли гуноҳлар бўлади. Биринчиси, Аллоҳ билан киши ўртасидаги гуноҳ – намоз ўқимаслик, рўза тутмаслик, ароқ ичиш, зино қилиш каби.

Иккинчиси, ҳам Аллоҳ, ҳам бошқа инсонларнинг ҳаққи – ўғрилик, порахўрлик, ёлғон, зулм. Айнан иккинчи турдаги гуноҳларнинг тавбаси оғир экани, қиёматда мазлум бандаси рози бўлмагунча, Аллоҳ ҳам кечирмаслиги айтилади.

Энди қаранг, биз инсоннинг ўзи учун зулм бўлган масалалардаги айбларини аҳлоқсизлик деб атар эканмиз ва шунга қараб, унга муносабат қилар эканмиз. Лекин порахўр, золим, ҳатто ўғри бўлса-да, уларни уйимизнинг тўрига ўтирғизамиз, маданиятли, аҳлоқли санаймиз.

Биз қачонки, аҳлоқ деганда фақат мулойим гапириш, кийиниш, зарарли одатлардан холи бўлишни эмас, бировни ҳаққига хиёнат қилмасликни ҳам тушунсак, порахўрни аҳлоқсиз деб аташни бошласак, жуда кўп балолардан халос бўлишимиз мумкин. Бу тарбия. Ёш бола ичиб думалаб ётишни нақадар хунук ва ёмон деб билса, порадан ҳам шунчалик хазар қилиб улғайса...»

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг телеграм каналидан олинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Карантиндаги 500 киши кемадан ерга тушди

139 16:40 19.02.2020

Илк россиялик коронавирусга чалинди

782 19:40 17.02.2020

Коронавирусдан энг кўп Япония қўрқяпти

1379 11:20 14.02.2020

Япония олимпиада вақтида ҳалол стандартни жорий этади

477 16:34 05.02.2020

БАА компанияси Ўзбекистон ОТМларининг халқаро рейтингларга кириши учун кўмаклашади

289 19:00 16.01.2020

Тошкентда Япония рақамли университети очилади

527 22:40 08.01.2020
« Орқага