Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Яқин Шарқ ва Хитой: АҚШ хатоси, Эрдоғаннинг сукути ва валиаҳднинг ташрифи  

3297

“Foreign Policy” журналида Оксфорд университетининг хитойшунос мутахассиси Эйк Фрееманнинг мақоласи чоп этилди. Унга кўра: “АҚШ 12 йилдан буён Яқин Шарқдан чиқиб кетишга уринмоқда. Шу сабабдан Эрон, Исроил, Россия, Туркия, Саудия Арабистони каби минтақадаги кучлар ўзларига янги иттифоқдош излашга ва ўзаро шиддатлироқ рақобатга киришди”, деб ёзилади. “Хитой АҚШдан кейин минтақадаги энг катта куч бўлади”, дейди Фрееман. 

Пекин минтақадаги нефтнинг энг йирик харидори эди. Бугунги кунга келиб эса ўша ҳудуддаги барча йирик давлат билан кучли сиёсий ва савдо алоқаларига эга бўлган ягона ташқи куч ҳисобланади. Вашингтон учун бу Яқин Шарқ буюк давлатларнинг рақобат майдонига айланиб бораётганини англатади. 

Яқин Шарқда Хитойнинг таъсири ошиб бориши АҚШнинг ҳаётий манфаатларига таҳдид солмайди. Бироқ Хитойнинг Эрон билан иттифоқи, ҳамда анти-АҚШчи шиаларнинг қуролли кучлари билан дўстона алоқаларининг чуқурлашуви расмий Вашингтонни жиддий хавотирга солмоқда. Бу эса АҚШ кучлари, ширкатлар ва савдо алоқаларига узоқ муддатли хавф туғдиради.  

Шунинг учун Фрееман айтадики: “Байден ҳукумати Хитой ва Эроннинг стратегик шериклик алоқаларига йўл қўймаслик учун маблағ ажратиши керак. Шунингдек, АҚШнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчилари, жумладан, Исроил ва Форс корфази давлатлари, Хитой ва Эронга геосиёсий рақобатда ён бермасликка қарор қилишлари лозим”.

Фрееманнинг таъкидлашича, Обама ҳукумати 2011 йил “Осиё томон силжиш” ҳақида эълон қилганидан кўп ўтмай Хитой Яқин Шарққа таъсир ўтказиш учун стратегик концепция излашни бошлаган эди. 

2012 йили Хитойнинг ташқи сиёсат бўйича таниқли шарҳловчиси Ванг Жесси “Ғарб томон интилиш” деб номланган концепцияни таклиф қилди. Концепцияда жумладан шундай ёзилган: “Модомики Вашингтон Осиёдаги мувозанатга таъсир ўтказар экан, АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар зиддиятли тус олиб, нолга тенг бўлиб қолади”. Вангнинг тахмин қилишича, Осиёда денгиз рақобатининг кучайиб борар экан, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ давлатлари Хитой билан алоқаларда янада очиқроқ бўлади.  “Яқин Шарқдан АҚШнинг чиқиб кетиши иккала томоннинг (АҚШ ва Хитойнинг) ҳам манфаатларига олиб келиши мумкин. Чунки АҚШ Афғонистон ва Покистонда барқарорликни ўрнатишда Хитойнинг ёрдамига муҳтож”, дейди Ванг. 

Вангнинг мақоласи Хитой коммунистик партияси 18-кенгашидан  олдин, Си Цзян олий мартабага кўтарилганда эълон қилинди. Си Цзян “One Belt One Road” (Бир дастак Бир йўл) номи остида ижроси махсус идоралар зиммасига юклатилган молиявий концепциялар, стратегик мантиқ ва шиорларни илгари сурар эди. 

Шунга қарамай Вангнинг Яқин Шарққа очиқчасига эътибор қаратиши кескин эътирозларга олиб келди. Ана шундай эътирозларнинг бирида олим Сян Сяо “Хитой биринчи ўринда қўшниларига аҳамият бериши, ўз ресурсларини катта ҳудудга ёйиб юборишдан сақланиши керак”, дея таъкидлади. Вангга нисбатан бир неча сатрлик мақтовдан кейин танқидда давом этди: “Ғарбни душман сифатида шакллантиришдан мақсад нима? Масофа нуқтаи назаридан қаралганда, аввало ғарбий қўшнилар, кейин Яқин Шарқ мамлакатлари, кейин эса узоқ Африка мамлакатлари”. Сян Сяонинг сўзларига кўра, Ванг Хитойни ҳаддан ташқари кенгайиб, стратегик марказга айланишга ундамоқда. Зеро, АҚШ Афғонистон ва Ироқда бевосита шундай қилган эди.  

Сян Сяонинг кейинги эътирози қуйидагича, Вангнинг “Ғарб томон силжиш” концепсияси буюк кучларга қарама-қаршилик келтириб чиқаради. Хитой бу борада катта қадам ташламаслиги керак, аксинча стратегик хавф-хатарларни тўғри баҳолаши ва “Ғарб томон силжиш” борасида тадрижий режа ишлаб чиқиши керак. 

Хулоса қилиб айтганда, Хитойнинг ташқи сиёсат бўйича мутахассислари Яқин Шарқдаги “One Belt One Road” (Бир дастак Бир йўл) ташаббуси Хитойнинг умумий лойиҳаларига салбий таъсир қилишидан жуда хавотирда эдилар. Хитой стратегик олимлари мамлакатнинг иқтисодий қудратидан сиёсий устунлик учун фойдаланиш кераклигини тушуниб етдилар. Лекин улар минтақадаги миллий ва мазҳаблараро хусуматга аралашиб қолишдан қўрқишмоқда. Аммо тарих шуни кўрсатадики, бундай натижадан қочиш осон иш эмас.

Яқин Шарқ ўтган асрлар давомида АҚШ, Буюк Британия, Россия, Франция каби кўплаб хорижий империялар учун муаммоли ҳудуд бўлиб келган. Ушбу мулоҳазалар Хитой “Belt and Road Initiative” лойиҳасига бошқа минтақаларга нисбатан Яқин Шарққа бошқача муносабатда бўлиши сабабини очиқлаб беради.  

Африка, Марказий Осиё, жануби-шарқий Осиё ва Жанубий АҚШда Хитой кўпинча битимларни оммавий ахборот воситаларининг шов-шувлари, фотосуратлари орқали амалга оширарди. Яқин Шарқда эса, аксинча, Пекин ўз шартномаларини эътибордан четда сақлашга ҳаракат қилмоқда. Масалан, Хитойнинг юзни аниқлаш дастури билан машҳур сунъий интелект компанияси Абу Дабининг суверен бойлик жамғармасига қандай сармоя киритгани ҳақида жуда кам ёзилган. Ёки Хитой ва Яқин Шарқ мамлакатлари ўртасидаги “Belt and Road Initiative” шартномаларининг аксар қисми инглиз ёки маҳаллий тилларда нашр қилинмаган. Қиймати 400 миллиард долларга тенг Хитой-Эрон стратегик шериклиги жамоатчиликка маълум бўлганлиги сабаблигина тарқалди, холос. Агар Хитойнинг мақсади Яқин Шарқ ишларига аралашмасдан таъсирга эришиш бўлса, унда “Belt and Road Initiative” ташббуси жуда яхши натижаларга эришмоқда. 

Миср, Эрон, Ироқ, Қатар, Саудия Арабистони, Туркия ва БАА “Belt and Road Initiative” ташаббусини қўллаб-қувватлайдиган, у ёки бу тарзда шериклик қилишга тайёр бўлган мамлакатлар сирасига киради. Мана шунинг ўзи Вашингтон учун огоҳлантирувчи қўнғироқ бўлиши керак. Ушбу мамлакатлар деярли ҳеч нарсада келишмасалар ҳам, уларнинг барчаси Хитой билан яқин муносабатда бўлишни истайди. Хитой ва Эрон ўртасидаги стратегик шериклик АҚШ миллий манфаатлари олдида турган энг муаммоли масаладир. 

Эроннинг ички сиёсати ҳам икки гуруҳга бўлиниб қолган: мўътадил хитойпараст ислоҳотчи гуруҳ ҳамда “Belt and Road Initiative” ташаббусини мамнуният билан қабул қилган ашаддий хитойпараст гуруҳ. Трамп маъмуриятининг Эронга нисбатан “максимал босим” сиёсати ашаддий хитойпараст гуруҳни кучайтирди. Хитой-Эрон муносабатлари ўнлаб йиллар давомида дўстона бўлиб келган, аммо Доналд Трамп президентлиги даврида улар янада яхшиладни. Масалан, Хитой санкцияларни бузган ҳолда катта миқдордаги Эрон нефтини сотиб олди ва эронга телекоммуникация таъминотини сотди. Ҳозирда эса Ҳормуз бўғози ташқарисидаги Жаск порти бўйича келишувни муҳакама қилмоқда. Минтақадаги шиа гуруҳлари шу каби сабабларга кўра хитойга жалб қилинмоқда, улар буни АҚШга қарши стратегик босим, деб билишади. 

Ироқда энергетика вазири 2019 йил октабр ойида “Хитой узоқ муддатли стратегик шерик сифатида бизнинг асосий танловимиз”, деб ёзган эди. Худди шу каби Ироқ ва Суриядан Ливанга қадар мавжуд бўлган ҳарбийлашган шиа гуруҳлари ҳам бир неча бор Хитойни мақтаб, АҚШга танбеҳ сифатида Хитой сармояларини талаб қилмоқда. Ажабланарлиси шундаки, минтақадаги йирик сунний давлатлар ҳам Хитойга қарши реакция билдирмади. Саудия Арабистони Барча мактаб ва университетларда хитой тилини учинчи тил сифатида ўргатиш дастурини бошлади. Саудия Арабистони, БАА ва Қувайт АҚШ босимига қарамай “Huawei” компаниясини G5 алоқа инфтарузилмасини қуриш учун ёлладилар. БАА Хитойнинг синофармидан Cовид-19 вакцинасига фавқулодда рухсат берган биринчи давлат бўлиб, Дубай мэри Шайх Муҳаммад ибн Рашид ал-Мактум ўзининг Tвиттердаги саҳифасига ушбу ваксинани қабул қилаётгани тасвирланган суратни жойлади. 

Диққатга молик жиҳати шуки, Хитой Яқин Шарқда мусулмонларга қарши инсон ҳуқуқларининг бузилганлиги учун жуда кам миқдорда дипламатик товон тўлади. 2019 йили Саудия валиаҳди Муҳаммад ибн Салмон Пекинга ташриф буюрди. У ерда икки давлат вакиллари бир неча йиллик йирик савдо битимларини имзолади ва шаҳзода Хитойнинг  “терроризмга қарши курашиш” ички сиёсатини юқори баҳолади. Бу эса уйғурларга қарши тазйиқни бевосита тасдиқлаш эди. Фақатгина бир неча йиллар олдин Туркия уйғурларнинг асосий ҳимоячиси эди.

Аммо ўтган йили Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған бу масалада сукут сақлади. Таъкидланишича, турк полицияси Хитой буйруғи билан юзлаб уйғур қочқинларни ҳибсга олган, чунки Туркия иқтисодиёти инқирозга чуқурроқ кириб борар экан, Эрдоған ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ хитой сармоясига таянади.

Ҳатто Исроил ҳам АҚШнинг Хитой билан тижорат муомилаларини чеклаш ҳақидаги босимига қаршилик кўрсатмоқда. Чунки Хайфа порти Хитойнинг давлат компанияси билан 25 йиллик муддатга ижара шартномасини амалга оширди. Ушбу ойда Исроил ҳукумати АҚШнинг ана шу иншоотни текшириш ҳақидаги талабини рад этди. Шунингдек, Трамп ҳукуматининг Исроилга бир неча ой давомида қилган босимига қарамай Хитой ҳар йили Исроил технологиялар соҳасига юзлаб миллион доллар сармоя киритди. 

Ҳозирча Хитойнинг Яқин Шарқдаги таъсирининг кучайиши АҚШнинг бирор бир асосий манфаатига бевосита таъсир қилмайди. Бу қайсидир маънода АҚШнинг бугунги кунда Яқин Шарқда миллий манфаатлари бундан ўн ёки йигирма йил аввалгига қараганда камроқ эканини тасдиқлайди. Бироқ Хитойнинг фаолияти билвосита АҚШ манфаатларига таъсир қилиб, ўрганиш ва муносиб жавоб беришни талаб қилади.

Эроннинг ядро қуролини қўлга киритишга уруниши ана шу таъсирларнинг энг муҳими ҳисобланади. АҚШ миллий хавфсизлиги ва АҚШ иттифоқчиларининг тинчлиги учун Эронни қўшма ҳаракатлар режаси ёки янги амалий ядровий  келишувга мувофиқлаштириш жуда муҳимдир. АҚШ Эрон билан Хитойнинг ривожланиб бораётган сармоявий шериклик музокараларида мувозанатга таъсир кўрсатадиган даражада ёки Хитойнинг Эрон нефтини сотиб олиши, ядро ёқилғисини бойитиш рақобатида вақтни тежайдиган даражада қаршилик қилиши керак. Бунга ноқонуний юкларни ташийдиган кемаларни ушлаб қолиш ва иккинчи даражали жазо чораларини қўллаш билан эришиш мумкин. 

Ёзувчи айтганидек, АҚШ Хитойнинг якка ҳокимиятчиликка асосланган (истибдодий) геосиёсий блок барпо этишига ёки техник воситаларнинг ягона экспортчисига айланишига тўсқинлик қилишда ўзи учун жуда муҳим манфаат бор. Вашингтон Пекин, Москва ва Теҳрон билан орадаги кескинликни аста-секин юмшатиш борасида жуда кам имконият мавжуд. Аммо бу имконият худди АҚШ Туркияга Россиядан S-400 тизимини сотиб олгани учун санкция берганидек, Хитойдан қурол ёки кузатув қобилиятини сотиб олган давлатларга ҳаражатларни келтириб чиқариши мумкин.  

Ва ниҳоят, ёзувчи Фрееман шундай дейди, Хитойнинг Ҳизбуллоҳ ва шиа гуруҳларини қўллаб-қувватлашига йўл қўймасликдан АҚШ манфаатдор. Чунки бу гуруҳлар АҚШнинг минтақадаги иттифоқдошларига таҳдид солади. Ўтган йили ёзда Ҳизбуллоҳ талаб қилганидек, Ливанда сармоялар оқимини бошламади. Лекин АҚШ Пекинга, агар Ҳизбуллоҳни қўллаб-қувватласа, товон тўлаши ҳақида огоҳлантириш бериши лозим. Ливандаги каби геосиёсий жиҳатдан таъсирчан ҳолатларда Вашингтон Халқаро валюта жамғармасига кредит бўйича чекловларни юмшатиши учун босим ўтказишга эҳтиёж сезиши мумкин. 

Хитой эса минтақадаги мураккаб миллий рақобат ва мазҳаблараро можаролардан узоқда турган ҳолда таъсир ўтказишга уриниб, нозик чизиқдан юраётганини яхши англаб турибди. 

Яқин Шарқдаги вазият асосан Хитой фойдасига ишлайди. АҚШ экстремистик гуруҳларга қарши кураш учун катта маблағ сарфлайди. Хитой эса нефт нархининг барқарорлигидан фойда кўради. 

Хитойнинг мақсади – ўзига ён бермаган мамлакатларга босим қилиб, аста-секин қутратга эга бўлиш билан тартибни сақлаб қолишдир. Гарчи бу ерда АҚШ манфаатларига тўғридан-тўғри таҳдид йўқ бўлса-да, Хитойнинг Яқин Шарқда аста-секин кўплаб шерикларга эга бўлиши ҳайратланарли ва эътиборга молик. Агар Пекин минтақадаги асосий фойда кўрувчи сифатида давом этса, АҚШ минтақадаги хавфсизликни таъминлаш билан чекланмаслиги керак.  
 
Муҳаммадсодиқ Абдуолимов тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Хитой тан олди: “Вакциналаримизнинг самарадорлиги паст...”

506 09:30 12.04.2021

«Мьянма ҳарбий хунтасига чора кўрилишига Россия ва Хитой халал беряпти»

654 09:05 12.04.2021

Хитой: юқори лавозимда ишлаган икки уйғурга ўлим жазоси берилди

1715 16:00 07.04.2021

Хитойнинг Анқарадаги элчихонаси турк сиёсатчиларига пўписа қилди

4571 09:30 07.04.2021

"Эрон сотилмайди!": мамлакатда Хитой билан келишувга қарши норозилик кучаймоқда

1216 17:30 06.04.2021

“Хитой уйғурларни қоралаш учун сохта журналистлардан фойдаланяпти”

770 12:00 03.04.2021
« Орқага