Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Яқин Шарқда Эроннинг таъсири ортмоқда. Араблар АҚШсиз бирлаша оладими?

2446

АҚШ маъмуриятининг минтақадаги иттифоқчиларига нисбатан муносабати сезиларли ўзгаргани ва Эрон ядровий маълумотлари бўйича ён беришга тайёрлиги Яқин Шарқда Вашингтонсиз янги иттифоқ қуриш эҳтиёжини кун тартибига чиқармоқда.

Хабарларга кўра, Вашингтон маъмурияти Украина-Россия уруши туфайли иттифоқдош ва ҳамкорларини қўллаб-қувватлашни камайтиргани етмагандай, Венада давом этаётган ядровий келишув борасида ҳам Эронга ён беришга тайёр бўлиб турибди. Бу ҳолат Эроннинг минтақадаги таъсири кучайиб бораётганидан азият чекаётган Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларини хавотирга солмоқда. 

Минтақадаги дипломатик фаолият шу даражага етдики, БАА бир неча ҳафтадан бери Вашингтонга таяниб қолмаслик учун бутунлай янги иттифоқ яратиш мақсадида Миср ва Исроил билан дипломатик келишувларга тайёр. Шу мақсадда Миср томонидан 22 март куни Шарм аш-Шайхда саммит ташкил этилди. Саммитда  президент Абдулфаттоҳ Сисий Исроил Бош вазири Нафтали Беннет ва Абу Даби валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Зайд учрашди.

Орадан уч кун ўтиб, 25 март куни Қизил денгиз соҳилидаги Ақаба шаҳрида Иордания қироли Абдулла II, Миср президенти Сисий, Ироқ Бош вазири Мустафо ал-Козимий ва Абу Даби валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Зайд иштирокида тўрт томонлама маслаҳат саммити бўлиб ўтди.  

Мутахассисларнинг фикрича, АҚШнинг минтақадаги иттифоқчиларини ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш мажбуриятини бажармаяпти. Камига Эроннинг Яқин Шарққа нисбатан олиб бораётган сиёсати Вашингтон ва иттифоқчиларининг ишончи ҳамда манфаатларига таҳдид солмоқда.

Украина урушидан кейин Вашингтоннинг муносабатидан хавотирланган Исроил 27-28 март кунлари АҚШ, Миср, Марокаш, БАА ва Баҳрайн ташқи ишлар вазирлари иштирокида Нажаф саммитини ўтказди. Мутахассисларга кўра, Нажафда Шарм аш-Шайх ва Ақаба шаҳридаги саммитларда қабул қилинган қарорлар АҚШ Давлат котиби Антони Блинкэнга таништирилди. Бироқ Вена музокараларида АҚШ томони Эроннинг ўжарлигига ён бериши бошқаларни умидсизликка туширди.

Ироқ ва Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган қуролли гуруҳларнинг БАА ва Саудия Арабистони ҳудудларига таҳдид солаётганини инобатга олсак, бу ҳолат Абу Дабининг минтақада Миср ва Исроил билан янги иттифоқ тузишда энг муҳим омил бўлаётганини англаб етиш қийин бўлмайди. Эрон томонидан қўллаб-қувватланиши айтиладиган Ямандаги ҳусийлар бу йилдан бошлаб Саудия Арабистони ва БААдаги аэропортлар ва нефт иншоотларини баллистик ракеталар ва учувчисиз ҳаво воситалари (дрон) билан нишонга олмоқда. 

Эрон ядровий келишув жараёни

Жо Байден бошчилигидаги АҚШ маъмурияти 2015 йили Эрон билан ядровий келишув имзолаган Барак Обама сиёсатига содиқ қоляпти. АҚШнинг собиқ президенти Обама даврида Теҳрон билан имзоланган ядровий келишув Эронга халқаро санкциялар таъсиридан қутилиш ва “музлатилган” ҳисобларни ишлатиш имконини берди. 

Араб давлатлари назарида ядро келишуви билан қайтарилган пуллар Эроннинг минтақадаги таъсирини оширишга сарфланмоқда. Натижада минтақада Эрон молиялаштираётган гуруҳлар Вашингтон ҳамда унинг иттифоқчилари ишончи ва манфаатларига ҳам, АҚШнинг Яқин Шарқдаги манфаатларига ҳам таҳдид солиши тахмин қилиняпти.

Мутахассисларнинг фикрича, АҚШнинг минтақадаги иттифоқчиларини ҳимоя қилиш мажбуриятини бажармагани, Эроннинг Яқин Шарққа нисбатан олиб бораётган сиёсати Вашингтон иттифоқчиларининг хавотирларига сабаб бўляпти. Шу сабабдан Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасидаги давлатлар ҳукуматлари Россия ва Эроннинг Сурияга аралашувига қарши АҚШсиз янги иттифоқлар тузишга интилмоқда.

АҚШнинг Ямандаги ноаниқ позицияси

Байден террорчилар рўйхатидан олиб ташлаган Ямандаги ҳусийларга нисбатан АҚШ ўзининг аниқ позициясини бирдирмаяпти. Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийларнинг Саудия Арабистони ва БАА объектларига ҳужумлари эса тўхтамай давом этмоқда. 

Яманнинг шимолий ҳудуди Эронда ишлаб чиқарилган ракеталар ва Кўрфаз мамлакатларини нишонга олувчи дронлар учириладиган базага айланган. Бу ҳужумлар глобал энергия оқими ва Қизил денгиздаги навигация хавфсизлигига ҳам таҳдид солмоқда.

БАА, Миср, Саудия Арабистони, Иордания, Марокаш, Баҳрайн, Ироқ ва Исроил минтақадаги янги иттифоқни қайта шакллантиришда ташаббус кўрсатяпти.

Сурия ва Ливаннинг Эронга нисбатан муносабати

Башар Асад Сурияда фуқаролар уруши бошланган 2011 йилдан буён илк хорижий сафарини амалга оширди. У Шарм ал-Шайх уч томонлама саммитидан бир неча кун олдин БААга борганди. 

Кузатувчилар бу ҳаракатни БАА томони Сурия режимини Эрон таъсиридан секин-аста халос этиб, араблар доирасига қайта интеграция қилишга уринмоқда, деб баҳолаяпти.

Қолаверса, Қувайт ва Саудия Арабистони Ливан бош вазири Нажиб Микатининг баъзи Форс кўрфази давлатлари билан дипломатик алоқаларни тиклаш истагидаги баёнотини олқишлади. Ливан собиқ Ахборот вазири Жорж Кардахининг тахминан беш ой олдин Ямандаги уруш ҳақида берган баёнотлари кўрфаздаги баъзи давлатлар билан Ливан ўртасида кескинликни келтириб чиқарганди. 

Ливан ва Сурия бевосита ёки билвосита Эрон таъсирининг таъсири остида. Мазкур икки давлатларнинг араб доираларига мурожаат қилиб, аста-секин Эрон орбитасидан узоқлашиши Теҳроннинг минтақадаги таҳдидларига чек қўйиши мумкин. 

Бу қадамлар ядровий маълумотлари бўйича имзоланадиган келишув Эроннинг минтақадаги таъсирини қанчалик ошириши мумкинлигини араб давлатлари яхши англаб етаётганидан дарак беради.  

Абдулазиз Муборак тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мубашшир Аҳмад: «Ҳаж — фарзи айндир»

79 15:15 01.10.2022

«У кишининг хулқлари Қуръон эди...»

214 11:25 01.10.2022

Украинага 12 миллиард долларлик ёрдам берилади

267 10:40 01.10.2022

Қозоғистон: тунги клубда муштлашган маст россияликларни полиция қўлга олди

435 10:20 01.10.2022

Украина ҳудудларининг аннексияси: сабаблар ва оқибатлар

502 09:55 01.10.2022

Уколсиз инсулин синовдан ўтмоқда

312 09:30 01.10.2022
« Орқага