Таҳлил

Яқин Шарқда яна бир уруш ўчоғи пайдо бўладими?

1640

Айни пайтда бутун дунё Эрон ва АҚШ ўртасидаги тарангликни хавотир билан кузатиб турибди. Жаҳон афкор оммаси шундоқ ҳам порох бочкасига ўхшайдиган Яқин Шарқда яна бир уруш ўчоғининг пайдо бўлишини истамайди, албатта. Исроил ва Фаластин муаммосига қарийб етмиш йилдан бери ечим топилгани йўқ, Ироқ, Сурия ва Яманнинг аҳволи ҳам ҳаммага маълум, Катар эса бошқа араб давлатлари томонидан яккалаб қўйилган. Энди Эронда ҳам уруш бошлангудек бўлса, “порох бочкаси” портлаб кетиши мумкин.

Трампнинг қалтис қарори

3 январга ўтар кечаси Ироқ пойтахти Бағдодда амалга оширилган авиаҳужумда эронлик генерал, 62 ёшли Қосим Сулаймоний ўлдирилди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, суиқасднинг ортида АҚШ тургани ва генерални ўлдиришга шахсан президент Дональд Трамп буйруқ бергани маълум бўлди.

Трампнинг бу буйруғи жуда қалтис бўлди. Зеро, ўлдирилган одам шунча оддий ҳарбий хизматчи эмас, Эроннинг энг нуфузли шахсларидан бири эди. Аммо АҚШ ва Ғарб мамлакатлари уни террорчи деб ҳисоблаб, «Ал-Қоида» ва ИШИД етакчилари билан бир қаторда кўрган.

Сулаймонийнинг нуфузи шунчалик кучли эдики, тўғридан-тўғри мамлакатнинг олий раҳбарига ҳисоб берар ва Али Ҳаманаининг ўнг қўли, яъни мамлакатдаги иккинчи қудратли шахс эди. У қарийб чорак аср (1997-2020) давомида Эрон инқилоб посбонлари корпусининг чет элларда операциялар ўтказиш билан шуғулланувчи «Қудс» махсус бўлинмасига бошчилик қилди. Генерал Сулаймоний охирги йигирма йилда Ироқ, Сурия, Ливан, Фаластин, Афғонистонда юз берган ҳодисаларга у ёки бу даражада алоқадор бўлган. Бир қатор мамлакатларга, жумладан, Сурияга шиа жангчиларини жўнатган. 

CNN хабарига қараганда, Қосим Сулаймоний Ироққа дипломатик паспорт билан кирган. Агар мазкур маълумот тўғри бўлса, генералнинг ўлдирилиши АҚШ томонидан 1961 йилда қабул қилинган дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясининг қўпол бузилиши ҳисобланади.

Сулаймонийнинг ўлдирилишини америкалик сиёсатчилар ҳам қоралади. Демократик партия вакили, президентликка даъвогар Элизабет Уоррен “гарчанд генерал Сулаймоний қотил бўлса-да, унинг ўлдирилиши ўйланмай ташланган қадам” бўлганини таъкидлади. Собиқ вице-президент Жозеф Байден эса эронлик генерални ўлдириш бўйича операцияни “ўта таранглик келтириб чиқарувчи” деб атади. “Президент Трамп порох бочкасига динамит ташлади. Энди у америкаликларга қўшинларимиз ва элчихоналаримиз ходимларини, одамларимиз ва манфаатларимизни, минтақадаги ва унинг ташқарисидаги ҳамкорларимизни ҳимоялаш учун нима қилмоқчи эканини тушунтириб бериши керак”, – деди у.     

Бундан ташқари, ўтган ҳафтанинг охирида АҚШнинг бир қатор шаҳарларида генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши ва Эрон билан эҳтимолий урушга қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Ироқ раҳбарияти ҳам АҚШнинг Бағдоддаги махсус операциясидан мамнун эмас. Хусусан, Миллий хавфсизлик кенгаши операцияни қоралади ва уни Ироқ суверенитетига ҳурматсизлик деб баҳолади. Якшанба куни эса Ироқ парламенти хорижий давлатлар, хусусан, АҚШ қўшинларини мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилди. Ҳукумат катта эҳтимол билан бу қарорнинг бажарилиши учун ишга киришади, чунки бу таклиф муваққат бош вазир Одил Абдулмаҳдийлнинг ўзидан чиққан. Албатта, беш мингдан ортиқ америкалик ҳарбий қурол-яроғию техникаси билан бирга бир неча кун ичида Ироқни тарк эта олмайди, бунинг учун вақт керак бўлади.    

Бу ҳақда ўқинг:
Трамп Эрондаги 52 нишонга ҳужум қилишга тайёр

Теҳрон қасос олишга қасам ичяпти

Генерал Сулаймонийнинг ўлдирилиши олов олай деб турган АҚШ – Эрон муносабатларига бензин сепгандек бўлди. Эрон раҳбарияти генералнинг ўлими учун ўч олишга қасам ичмоқда. Трамп эса мабодо Теҳрон томонидан Америка фуқаролари ва объектларига ҳужум уюштирилса, Эрондаги 52 та объектга зарба берилишини маълум қилди. Хуллас, икки томон ҳам бир-бирига тиш қайраб турибди.

Гарчанд президент Трамп генерал Сулаймоний уруш бошлаш учун эмас, балки уни тўхтатиш учун ўлдирилганини айтган бўлса-да, икки давлат ўртасидаги қарама-қаршилик янги босқичга ўтгани аниқ. Теҳроннинг бу суиқасдни жавобсиз қолдирмаслигига Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ҳам ишоняпти. “Юқори мартабали қўмондоннинг ўлдирилиши жавобсиз қолмаса керак деб ўйлайман”, – деди у.

Инқилоб посбонлари корпуси генерали Ғуломали Абуҳамза Эрон АҚШдан ўч олиш учун 35 та ҳарбий нишонни белгилаб қўйганини айтди. Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг Форс кўрфазидаги ҳарбий кемаларига ҳам ҳужум уюштирилиши эҳтимоли бор. 

Бироқ Форс кўрфазида АҚШнинг йирик ҳарбий кучи йиғилганини эътиборга олсак, Эрон АҚШ билан тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувга боришдан тийилади.

Эроннинг ўч олиши аниқ. Лекин бу қачон ва қай йўсинда амалга оширилиши номаълум. Миллий хавфсизлик олий кенгаши жума куни ўтказган шошилинч йиғилишида айтилганидек, АҚШдан “зарур вақтда ва зарур жойда” қасос олинади.

Убайдуллоҳ Адҳамов

Бу ҳақда ўқинг:
Эрон “зарур вақтда ва зарур жойда” АҚШдан қасос олади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Россия Трампнинг қайта сайланишини истаяпти”

598 16:30 21.02.2020

Фаластин икки ҳафта ичида тинчлик шартномасини имзолашга тайёр

858 23:20 17.02.2020

Исроил ва АҚШ Ғарбий соҳилнинг харитасини қайтадан тузяпти

433 14:40 17.02.2020

Саудия шаҳзодаси Трампнинг “тинчлик режаси” ҳақида: “Франкенштейннинг ижоди”

1080 15:20 14.02.2020

Маҳмуд Аббос Фаластин харитасини пишлоққа ўхшатди

892 14:20 12.02.2020

Исроил ҳарбийлари 19 ёшли фаластинликни отиб ўлдирди

581 10:20 08.02.2020
« Орқага