Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Ярамас келгиндилар, йўқолинглар бу ердан» ёхуд шведларга ҳам ёқмаган «одатларимиз»

5157

Урф, урф, урф... Бу сўзни такроран ёзганимизнинг сабаби бирор амални урфга айлантириб олсак, уни тўла-тўкис, ортиғи билан бажаришга одатланганмиз. Кимгадир фойдамиз тегса, бундан ўзимиз ҳам мамнун бўламиз ва бу каби амалларни қайта-қайта бажаришга ҳаракат қиламиз. Орзу-ҳавас деб турли урф-одатларни ўйлаб топамиз. Афсуски, уларнинг ҳаммаси ҳам инсонийликка, одоб-ахлоққа, баъзилари эса умуман мантиққа тўғри келмайди. Аввалги мақолаларимизнинг бирида ҳам ўзбек тўйларидаги «нон синдириш»дан тортиб «қуда чақириқ»қача бўлган бир қатор одатлар ҳақида ёзган эдик.

Бугун эса фейсбук ижтимоий тармоғида ўзбек куёвнавкарларининг Швецияда «қовун туширгани» ва маҳаллий аҳолининг ғазабига учрагани ҳақидаги пост диққатимизни тортди.

Azon.uz’га ўн йилдан бери Швецияда истиқомат қилишини айтган муаллиф Алишер Маҳмуд ушбу ҳолатнинг бевосита иштирокчиси сифатида қаттиқ ранжиганини маълум қилган.

Энди эса вазиятни қисқача баён этсак.

Айтилишича, Стокгольмдаги ўзбеклар тўйларни миллий урф-одатларимизга биноан ўтказишга ҳаракат қилишади. Постда келтирилган воқеада ҳам «куёвнавкар» учун борган меҳмонлар келиннинг қўшниларидан бирига ноқулайлик туғдирган. Бизда ЗАГС ва куёвнавкар вақтида машиналарнинг қаторлашиб юриши одат тусига айланган. Катта йўлларда узундан-узоқ карвон ҳосил қилиб юриш ҳам майли, лекин уларни тўйхона атрофига жойлаштириш, яъни «парковка» маданияти ҳам унчалик шаклланмаган. Швецияда эса бунга «санъат» даражасида қаралар экан. Буни билмаган ёки билса ҳам «зарари йўқ» деб ҳисоблаган воқеа қаҳрамонлари аслида кириш мумкин бўлмаган, фақатгина фавқулодда ҳолатлар учун мўлжалланган ҳудудга киргани етмаганидек, машиналарни кўп қаватли уй олдида қолдириб, ўзлари тўйни нишонлашга кириб кетишган. Бу орада эса шу уйда яшовчи имконияти чекланган бир фуқаро таксида ўз уйига қайтган. Бироқ фавқулодда ҳолат учун ажратилган ҳудуд ҳам машиналар билан тўлгани учун такси тугул, ногиронлик аравачаси ҳам йўлга сиғмаган. Бундан хабар топган қўшнилардан бири эса тўйдагиларга қарата швед тилида «ярамас келгиндилар, йўқолинглар бу ердан», дея бақирган.

Одатларимиз, анъаналаримиз, миллийлигимиз деб кўкрак керамиз. Лекин миллий урф деб атайдиган айрим ишларни халқаро майдонда кулгу ва қарғишга учрашини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Аслида шу одатдан, ортиқча дабдабадан кимга нима фойда? Бир кунлик шов-шувдан бўлак ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини ҳамма тасдиқласа керак. Чунки урф-одат, анъана, миллийлик деганда асрлар давомида шаклланган, аждодлардан мерос қолган ва асосийси миллатнинг, халқнинг ўзлигини ифода этадиган амаллар тушунилади. Агар қилинаётган иш миллатни «келгинди»га чиқарадиган, ўзгалар олдида мулзам қиладиган бўлса, уни халқнинг одати деб аташ керак эмас. Ва имкон қадар улардан воз кечиш лозим.

Юқоридаги вазиятда урф-одат ўз йўлига, бироқ ўзга юртда бўлатуриб, қоидаларни менсимаган кишиларнинг ибрат оладиган иш қилмагани маълум, албатта. Ачинарлиси эса, шу каби ҳолатлар сабаб хорижда ўзбекистонликлар, ўзбек миллати ҳақида салбий тушунчалар шаклланиб қолишидир. Шунинг учун ҳар қандай хурсандчилик вақтида ҳам мантиқан ўйлаб иш тутган афзал бўлади. «Ҳамма шундай қилади», «ана, фалончи ҳам шундай қилди» каби сабаблар билан бўлар-бўлмас одатлар ва ортиқча дабдабага берилиш керак эмас. Зеро, ҳар биримиз миллатимизнинг, халқимизнинг юзи ҳисобланамиз. Одамлар бизга қараб миллатимизга баҳо бериши мумкин. Сиз, мен ёки умуман айни бир шахс ёхуд жамоа сабаб бутун миллатнинг ёмонотлиққа айланишига йўл қўймаслигимиз лозим.

Шу ўринда айтмоқчимизки, ҳар ишда меъёр бор. Урф-одат дейиладиган амаллар кўп. Лекин уларнинг ҳаммасига ҳам кўр-кўрона амал қилавериш керак эмас. Бу ишлар ростдан ҳам миллатнинг маданиятини, ахлоқини акс эттирадими, жилла қурса мантиқий асосга эгами, ўрганиш лозим. 

Ҳамидуллоҳ Али

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Инглиз тилини билиш даражаси ҳақида: Уруш билан хароб бўлганлар ҳам биздан олдинда!

992 17:05 05.12.2021

Талабалар турар жойи фаҳш ўчоғи бўлмасин!

18927 21:35 18.11.2021

Туркия ҳам, биз ҳам иттифоқчиларга муҳтожмиз – Камолиддин Раббимов

1314 20:26 15.11.2021

Қадимги даврларда ҳам рибо бўлганми?

593 21:16 03.10.2021

Суннийлар ва шиаларни бирлаштирган масжид

1840 23:15 29.09.2021
« Орқага