Йиғлаш даво эмас, балки вайронани бинога айлантириш даводир

21:04 06.09.2019 1286

Мен сизларга ўтган ҳафта янги ҳижрий сананинг бошланиши ва унинг аввалида ўзимизга ўрнак қилишимиз керак бўлган дарслик ва ибратли маънолар ҳақида гапириб берган эдим. Бугун мен янги ҳижрий санага ёки ушбу сананинг биринчи ойига таъллуқли бўлган бошқа нарса ҳақида гапириб бермоқчиман. Сизлар бугун уруш ҳаром қилинган Муҳаррам ойининг саккизинчи ёки тўққизинчи кунида турибсизлар.

Саҳиҳ ривоятга кўра Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб шу ерга жойлашганларида яҳудийларни Муҳаррам ойининг тўққизинчи кунида рўза тутаётганлари ҳақида эшитиб қолдилар. Мустафо алайҳиссалом бунинг сабабини сўрадилар. Бу кун Аллоҳ Мусо ва унинг дўстларини Фиръавндан қутқарган кун, – дейилди.У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам; ˝Биз улардан кўра Мусога ҳақлироқмиз˝, дедилар ва одамлар орасида эълон қилиш учун жарчи юбориб; ˝Ким рўза тутган бўлса, рўзасини охирига етказсин, ким бу кунда рўза тутмаган бўлса, куннинг қолганини таом емай ўзини тутиб турсин˝, деб жар солишга буюрдилар.

Шундай қилиб исломнинг аввалида Ашуро кунининг  яъни Муҳаррам ойининг тўққизинчи кунинг – рўзасини тутиш вожиб бўлган эди. Бу рўза анча вақт вожиб бўлиб турди. Аллоҳ субханаҳу ва таоло Рамазон рўзасини фарз қилганидан кейин Рамазон рўзаси Ашуро рўзасининг вожиблигини мансух қилиб бу куннинг рўзаси мустаҳаб бўлиб қолди. Бу ҳолат то қиёмат кунигача шундай давом этадиган бўлди. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўзаси мандуб иш, балки бу тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ривоят ҳам келган. У зот: ˝Келаси йил яшасам, (иншаАллоҳ) албатта тўққизинчи кун ҳам рўза тутаман˝ – яъни келаси йил бу кунга Муҳаррам ойининг тўққизинчи кунини ҳам қўшиб тутаман, дедилар. Бу биз биладиган ушбу ойнинг фазилатидир.

Бу Муҳаррам ойининг ўнинчи кунида инсонлар рўза тутишларини Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрлари тақозо этган бир муносабатдир. Бу Исломнинг аввалида фарз бўлгани каби фарз рўза бўладими ёки ундан кейин давом этиб келаётган суннат бўладими, унинг фарқи йўқ, бу бизга фақат ушбу куннинг фазилатли кун эканини англатади. Бу куннинг фазилатига доир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган ушбу саҳиҳ ривоятдан бошқа нарса борлигини биз билмаймиз. Биз эргашувчилармиз, янгилик киритувчи бидъатчилар эмасмиз. Биз Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга у кишининг қилган ишларида шунингдек айтган сўзларида қодир бўлганимизча эргашамиз. Аммо динга янги қўшилиши мумкин бўлган ва динда бўлмаган нарсаларга бизнинг ҳеч қандай алоқамиз йўқ.

Бу ерда Ашуро кунига мусулмонлар тарихида содир бўлган қайғули кунни боғлайдиганлар бор. У ҳақиқатда қайғули иш бўлган, буни ҳаммамиз яхши биламиз ва унга барчамиз ғам чекамиз. Бу ерда Ашуро куни билан имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ўлдирилган кун ўртасини боғлайдиган кишилар ҳам бор. Бу боғланиш унутилмайдиган тарихий робита, имом Ҳусайининг ўлдирилиши ҳақиқатда ҳар бир мусулмон қалбида қайғуни тоширадиган ва унутиб бўлмайдиган алам, кимнинг қалби бу аламни ҳис қилмаса эҳтимол бу унинг Аллоҳга бўлган ишончини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда у кишининг оиласига бўлган муҳаббатининг камлигига далил бўлар, лекин билишимиз лозим бўлган нарса шуки эй дўстларим, йилнинг ҳар қайси куни бўлмасин унинг барчасида мусулмонларнинг ҳаётига тарихий мусибатлар экиб қолдирилган. Агар бу кунларни санаб уларни мусулмонларнинг устунлари ва аввалги авлоднинг буюк шахслари тотган мусибатларга боғламоқчи бўлсак ҳар куни мусулмонлар бошида ҳадлар урилганини кўрамиз.

Албатта имом Ҳусайн ўлдирилган кун оғир мусибатли кун, албатта имом Ҳасан ўлдирилган кун аламли кун, албатта саййидимиз ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўлдирилган кун қайғули кун, албатта Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилган кун мусибатли кун, албатта Умар розияллоҳу анҳу ўлдирилган кун аянчли кун, албатта саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган кунлари ҳам оғир мусибатли кун. Агар мусулмонлар тотган мусибатларни ва Аллоҳ азза ва жалла дини йўлида тўкилган қурбонларни санамоқчи ва гапирмоқчи бўлсак ҳисоби йўқ нарсани кўрамиз. Йилларнинг ҳаммаси ўша қурбонлар қони билан бўялганини кўрамиз. (Иккинчи ҳижрийда бўлган) Ражиъ куни ҳақида айтайинми? Ёки мадад қудуғи куни (бўлган воқеани) айтайинми? Ёки озод шаҳидлар куни (Аҳли Мадина билан Язид ибн Муъовия ва Умавийлар ўртасида бўлган воқеа) ҳақида гапирайми? Қайси бирини айтай? Лекин мўмин киши мусулмонлар тотган тарихий мусибатлар учун қайғуриб ғамга ботиб аччиқлана бошлаганида бажариши лозим бўлган вазифа нима? Оқил одам золимнинг қўли баланд келиб талофат етказгани, ҳамма ёқни бузиб вайрон қилгани ва мўминнинг қалбига қайғу ва алам солиши мумкин бўлган иш қилганини кўрган вақтида нима қилиши лозим? Оқилнинг ақли бунга нима дейди? Жоҳилият даврида ўтган бир араб шоир Имрул Қайснинг гапини айтади – мен бу сўзим билан ҳалолни ҳаром қилиш ёки ҳаромни ҳалол санаш учун мисол қилиб келтираётганим йўқ, лекин мен бу сўзим билан ақлга таяниш ва тадбирни излаш учун мисол тариқасида келтирмоқдаман – бир куни Имрул Қайс деди; ˝Бугун маст (бўлсам) эртага иш˝. Яъни агар душман воситасида тақдир қисмати тутган яқиним учун қайғу аламимни ошкор этишни ирода этсам йиғлаш менга даво бўлолмайди, бетоқат бўлиб ҳўнграш менга шифо бўлолмайди.

Албатта малҳам бўлувчи даво лойиҳа режасини тузишимдир. Бузилган вайронани қайта бино қилишим ва фасодни тузатишимдир. Ана шунда кўнглимдаги ғашлик тузалади. Мана шу – ким бўлишидан қатъий назар – мантиқ айтаётган нарсадир. Мусулмон инсон қандай муолажа билан мусулмонлар тарихидаги мусибатларни тузатиши мумкин? Унинг давоси бақир чақир қилиб намойиш ўтказишимизми? Унинг муолажаси қиёматгача уввос солиб йиғлашимизми? Ичқораларнинг яйрашига ва дин душманларининг қувончи кўпайишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ишлар билан ўзимизга озор етказишимизми? Ишонаманки ҳар бир оқил киши ушбу саволим жавобини билади. Унинг иложи; Биз мусулмонлар шу ишларни қилаётганларга эьтиборимизни қаратишимиздир. Унинг иложи; Бу дин учун яхши устун бўлишимиздир. Унинг иложи; Ўша одамлар бузишни хоҳлаган ва бугунги кунда ҳам бузишни истаётган нарсани ислоҳ қилишимиздир. Унинг иложи; Тарқалиб парчаланган бу умматнинг ҳолига эьтибор қаратиб, уларни илгариги бирдамлигига, ўтган қудратли қўрғонига ва Аллоҳ субханаҳу ва таоло берган кечаги буюклигига қайтаришимиздир. Мана шу унинг муолажаси, мана шу ўша душманлар жигарини парчалайдиган нарса.

Қаранг, агар душман менинг уйимга бостириб келиб у ерни харобазорга айлантирса ва мени очиқ саҳрода қолганимни кўриб чанқоғини қондирса, харобага айланган ушбу уй ўртасида мени бақириб ҳўнграб йиғлаётган ҳолимда кўриши унга қандай зарар бериши мумкин? Аксинча унинг хурсандчилигини зиёда қилади. Лекин унинг қувончини қайғуга айлантириб уни ташвишга соладиган нарса мени жим туришим ва ҳовлим биносини аввалгидан ҳам чиройли қилиб тез кунда қайта қуриш учун лойиҳа режасини чизишим ҳамда бу ишга дўстларим, яқинларим ва қариндошларимни жамлашимдир. Мана шу иш ўша душманга ташвиш уйғотадиган нарсадир. Бу иш ўша душманни заифлаштириб ҳийласи ўзининг бошига етганини англатадиган нарсадир. Лекин эй дўстларим, келинглар бугунги кун мусулмонларининг воқелигига эьтибор беринглар! Уларни ўраб олган тарихий мусибатларни санаш кифоя қилмайди. Бу мусибатларнинг барчасидан ҳам энг ёмони уларни ҳамон бу мусибат ботқоғига ботиб юришларидир. Гўёки улар ана шу ботқоқдан униб чиқмоқчилар.

Энг катта мусибат уларни бу харобаларнинг деворига суянанишлари, гўёки улар унга орқа қилиб роҳат оладилар. Туриб уларни чақирадиган ва уларга ˝туринглар мусибатингизни амал билан муолажа қилинглар, ўзингизни ислоҳ қилиш билан тузатинглар˝ – дейдиган одамни топа олмайсиз. ˝Душман ҳаётингизни бузиб ташлади уни тузатинглар, душман уйингизни вайрон қилди уни янгитдан қайта қуринглар, душман сизга ёвузлик қилиб сизларни хор қилди, қайтинглар мислсиз қудратингизни жамланглар˝ – дейдиган кишини учратмайсиз. Энг катта мусибат шуки ислом олами ўз мусибатларини ҳузур билан ҳамон судраб келмоқда, шундай эмасми эй одамлар?

Бу уммат қаҳрамонларидан бирининг ўлдирилгани учун фарёд қилишим менга нима фойда бериши мумкин, уларнинг ҳар бирлари чеккан азоблар мусулмонлар ич этини кемиради? Бажаришимиз керак бўлган ишни дод-войга айлантириб ташлаб қўйишимиз бизга нима манфаат беради? Бу нодонлар қиладиган иш эмасми! Бу душманлар қалбини қувонтирадиган асосли сабаб эмасми! Биз билан яшаб бу умматнинг аҳволини тасвирга олиб устимиздан кулиб ўзларини хурсанд қиладиган душманлар ёзган қанча қанча сўзларни кўп марта ўқидим. Нодон кишилар вақтларини кетказмасдан бинони қайта қуриш ва ҳолини ислоҳ қилиш ўрнига тарихда ўтган мусибатлари билан ҳамон яшамоқдалар. Агар биз ҳамон ўша ўтган мусибатлар зулматида яшайдиган бўлсак эй дўстларим, бугунги кунда янги мусибатларни бунёд қилувчилар бўлиб қоламиз. Эҳтимол гапларим енгил ва мулойим кўринаётгандир, лекин бугунги кунда бошимизга тушаётган бу мусибатларимиз кечаги биз ўзгартириб юборган мусибатлардан ҳам ёмонроқдир. Кечаги ўтган мусибатлар қурбонлардир. Қурбонларнинг кўп бўлиши буюклик шохсупасига қўйилган зиналардир.

Аллоҳ шундай эълон қилган: ˝Агар сизга жароҳат етган бўлса, у қавмга ҳам шунга ўхшаш жароҳат етган. Бундай кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз. Токи Аллоҳ иймон келтирганларни билиши учун ва улардан шаҳидларни чиқариб олиши учун. Ва Аллоҳ золимларни севмайди˝ ("Оли Имрон" сураси 140-141 оят). (Яъни, бир ундай, бир бундай бўлиб туради. Агар иш бир хилда тураверса, дунёнинг қизиғи қолмайди. Доимо мусулмонлар ғолиб келаверса, ҳамма ўзини мусулмон деб эълон қилиб юборади. Оқибатда ҳамма аралашиб кетиб, ким ҳақиқий мўмин-мусулмон, ким юзаки эканини одамлар била олмай қоладилар. Қийинчилик, оғир ҳолатларда мўминлар мунофиқлардан ажраб чиқадилар.Тафсир ҳилол.)

Бу гаплардан мурод ўтмишимизни Аллоҳга топширишимиз ва тез кунда бу ишлар ечими учун маҳкама ўрнатилишини билишимиздир. Еру осмоннинг дайёни қиёмат кунида унга Ўзи ҳукм қилувчидир. Келинглар ўтмишни ўтмишнинг, бугун ва келажакнинг Роббига топширайлик. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга таклиф этган нарсага эътибор қилайлик. Аллоҳ айтади: ˝Улар бир уммат эдилар, ўтиб кетдилар. Уларга ўзлари касб қилганлари бўлади. Сизларга ўзингиз касб қилганингиз бўлади. Уларнинг қилган амалларидан сизлар сўралмайсизлар˝. ("Бақара" сураси, 141-оят.)

Келинглар ўзингиз бошингиздан ўтказаётган мусибатларга эьтибор берайлик. Келинг соат тасмаси билагини қисгани каби сизларни қуршаб турган бу миллатларга эьтибор қилинглар. Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўхшатганлари каби ўхшатиш бўлмаса керак. ˝Очкўз ўз товоғига ташлангани каби сизларга миллатлар ҳужум қилади˝. Мана шу мусибатдир. Ўтмишни ўтмишнинг Роббига қўйиб беринглар. Бу ерда бизларни ўраб турган миллатлар бор. Уларнинг ҳар бир гуруҳи бизларни осон ютилатиган мазали таомга айлантиришга уриниб ётибди. Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган сўз нақадар буюкдир. Ўйлаб кўриб баҳо беринглар эй дўстларим! Сочилиб ётган ишларингизни йиғиштириб, тартибга солинглар. Бу умматни Аллоҳ азза ва жалла кўрсатиб берганидек янгидан барпо қилинглар. Диёнат қалбимизга яширинган, атрофимизда кўриниб намоён бўлаётган бу ишлар диёнат эмас. Аллоҳ таолонинг ушбу оятини кечагинда шарҳлаб берган эдим яна баён қилишда давом этаман: ˝Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас˝. ("Раъд" сураси, 11-оят.)

Ушбу сўзимни айтиб буюк Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан.

17 июн 1994 йил.

Абдуллоҳ ҒУЛОМОВ таржимаси.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!