«Ёки ноилож одам дуо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган Зот (яхши)ми?!»

22:00 13.04.2019 785

Биру Бор Аллоҳ қийинчиликка тушиб қолган кишига таянч бўла олади, жабрланган кишига ёрдам беради, Унга борлиқнинг ҳожати тушади, махлуқотлар Ундан сўрайди, тиллар Унинг зикри билан машғул бўлади, қалблар Унга топинади.

Қийинчилик ва фаровонликда, хурсандчилик ва аламли кунларда Унга дуо қилишимиз, бало етганида Унга зорланишимиз, машаққатга тушганимизда Унга боғланишимиз, сўраб, йиғлаб, тазарруъ қилиб, юзланиб эшиги остонасига йиқилишимиз сиз ва бизга вожибдир. Шунда Унинг мадади келади, ёрдами етади, очиқликка чиқиш тезлашади, рўшнолик юзланади. “Ёки ноилож одам дуо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган Зот (яхши)ми?!” (“Намл” сураси 62-оят).

Чўкаётган нажот топади, йўқолган қайтиб келади, балога йўлиққан қутулади, эзилган ютади, адашган йўлини топади, касал тузалиб, қийинчиликдан енгилликка чиқади. “(Улар) кемага минганларида (ғарқ бўлишдан қўрқиб) Аллоҳга чин ихлос билан илтижо қилурлар” (“Анкабут” сураси 65-оят).

Бу ерда сизга ғам-андуҳ, хафалик ва қийинчиликни кетказувчи дуоларни келтириб ўтирмаймиз. Лекин шарафли хитобни эшитиб, удан таълим олайин десангиз суннат китобларига мурожаат қилинг. Сиз муножот, нидо, дуо ва умид қиласиз. Агар уни топсангиз, барча нарсани топган бўласиз. Агар ишонмасангиз, барча нарсани қўлдан чиқарасиз. Раббингизга қилган дуоингиз мақсадга эриштиришдан ташқари алоҳида ибодат ва буюк тоат ҳамдир. Дуони гўзал қилган банда хотиржам бўлиши, майда-чуйдаларга аҳамият бермаслиги, ғам чекмаслиги ва безовталанмаслиги аниқ.

Аллоҳнинг арқонидан бошқа ҳамма арқон узилади. Унинг эшигидан бошқа ҳамма эшик ёпилади. У яқин, эшитувчи ва ижобат қилувчи Зотдир. Чорасиз қолган киши дуо-илтижо қилса, У ижобат этади. У сизни Ўзига дуо қилишга буюради: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!”( “Ғофир” сураси 60-оят). Сиз фақир, заиф, муҳтожсиз. У эса беҳожат, қудратли, ягона ва улуғдир.

Бошингизга балолар ёғилса ёки бахтсиз ҳодиса содир бўлса, мудом Аллоҳни эсланг. Унга нидо қилинг, мадад сўранг, нусратини тиланг. Номини улуғлаш учун пешонангизни ерга қўйинг, шунда ҳуррият тожини қўлга киритасиз. Убудият тупроғига бурунни ишқанг, шунда нажот нишонига эришасиз. Қўлингизни узатинг, кафтингизни очинг, тилингизни ишга солинг, кўп сўранг, сўрайверинг, Унга интилинг, эшиги олдида туриб олинг, лутф кўрсатишини кутинг, фатҳ беришини пойланг, номини тилингиздан қўйманг, У ҳақида яхши хаёлда бўлинг, Унга ўзингизни бағишланг, Унга юз тутинг, шунда бахтли бўлиб нажот топасиз.

"Ўкинма" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!