Ёмғир ёққанда ўқиладиган дуо

16:15 25.04.2019 436

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам осмон уфқида булутни кўрсалар, ишни тарк қилар эдилар. Агар намоз ўқиётган бўлсалар ҳам. Сўнгра «Аллоҳим! Мен сендан унинг шарридан паноҳ сўрайман», дер эдилар. Агар ёмғир ёғса: «Аллоҳим! Фойдали ва нафли қилгин», дер эдилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Ҳар бир мўмин-мусулмон ёғингарчилик  пайтида Аллоҳдан уни манфаатини ва фойдасини сўраб, ёмонлигидан эса паноҳ сўраб дуо қилиши лозим.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Устимиздан ёмғир ёғди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. У Зот чиқиб, кийимларини шимардилар. У Зотга ёмғир тегди. Биз сўраган эдик, У Зот: “У Роббиси ҳузуридан ҳозиргина тушди», дедилар».

Абу Довуд ва Муслим  ривоят қилишган.

Демак, ёмғирнинг ҳар бир томчиси ва қорнинг ҳар бир парчаси Аллоҳ ҳузуридан экан. Уламоларнинг айтишларича, қор, ёмғир ёғаётганда осмон эшиклари очилар экан. Ва шу вақтдаги дуолар ижобат бўларкан. Шундай экан, вақтни ғанимат билиб, дуога қўл очайлик.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!