«Муфлис ким, биласизларми?»

16:00 15.05.2019 705

Иймон инсонни ёмонликлардан қайтарувчи ва яхшиликларга ундовчи бўлган илоҳий бир қувватдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ бандаларини яхшиликка чақиришини ва ёмонликдан қайтаришини уларнинг қалбларида жойлашган иймонниг тақозосидир, Аллоҳ, Каломи шарифида: ”Эй мўминлар”, деб мурожаат қилиб, сўнг уларга амр этади. Масалан: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз”. Пайғамбаримиз алайҳиссалом гўзал хулқ кучли иймонга, ёмон хулқ эса иймон заифлигига далолат қилишини изоҳлаб бундай деганлар: «Ҳаё ва иймон бир-бирларига яқиндир. Агар уларнинг бири кетса, иккинчиси ҳам кетади”. Қўшниларига зулмкор бўлган кимсаларни назарда тутиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, у мўмин эмас, Аллоҳга қасамки, у мўмин эмас”, деганларида саҳобалар: «У ким ё Расулуллоҳ?», дея сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёмонликлари билан қўшниларини хотиржам қилмаган кимсадир”, дея жавоб бердилар. Ўзларининг мўмин ҳисоблаб разил ниятларига етиш учун инсонларни хотиржамлигини йўқотаётган кимсалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу кўрсатмаларига нима дер, эканлар. Баъзи бир ўзларини диндор ҳисоблаб юрганлар ҳам фарз ибодатларни тарк этади. Ҳамда иймон ва гўзал хулққа зид ишларни қила туриб, яна жамият орасида ўзларини ҳақиқий диндор қилиб кўрсатишга уринади. Ҳолбуки, ёш-гудак бола ҳам намознинг амалларини кўрсатиб, унинг зикрларини ёддан айтиб бера олади. Ёки бир актёр одам ҳам инсондаги камтарликни ва диннинг муҳим рукнларини қойил мақом қилиб намойиш қилиб бера олади. Лекин иккала ҳолатда ҳам чин иймон ва буюк мақсаддан нишона йўқ. Шундай экан, инсонлардаги фазилат миқдори ва юраётган йўли қанчалар ёрқинлиги унинг хулқига боғлиқдир. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Бир аёл менга ўқиётган нафл намозлари, тутаётган нафл рўзалари ва бераётган садақалари кўплигини ва лекин у қўшниларига тили билан озор бериб қўйишини айтди”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У аёл дўзахда бўлади”, дедилар. Сўнг ҳалиги киши яна шундай деди: “Эй Расулуллоҳ, бир аёл ўқиётган нафл намози ва тутаётган нафл рўзаси озлигини ва бераётган садақаси фақат пишлоқлигини, лекин қўшниларига умуман озор бермаслигини айтди,” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У аёл жаннатда бўлади”, дедилар. Бошқа бир ҳадисларида: «Сув музни эритиб юборгани каби гўзал хулқ ҳам хатоларни йўқ қилиб юборади. Шунингдек сирка асални фосид қилгани каби, ёмон хулқ ҳам амални фосид қилади».

Бир аёлнинг тили билан қўшнисига озор бериши уни дўзахга етаклар экан, ўзларини мўмин деб инсонларнинг моли ва жонига тажовуз қиладиган кимсаларнинг ҳоли не кечишини тасаввур қилинг! Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муфлис ким, уни биласизларми?” деб саҳобалардан сўрадилар. Улар: “Муфлис, чўнтагида ҳемириси ҳам йўқ одамдир,” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Муфлис шундай кишики, қиёматга намоз ўқиган, рўза тутган, закот берган бўлиб, кимнидир сўккан, молини ноҳақ еган, урган, ҳақорат қилган ҳамда қонини тўккан бўлиб боради. Аллоҳ ўша муфлис ва мазлумлар ораларида ҳисобот қилганида, уларга муфлиснинг яхши амалларидан олиб беради. Унинг яхши амаллари тугаганида, энди мазлумларнинг гуноҳларини муфлисга юклаб қўяди. Ниҳоят муфлиснинг савоб амаллари тугаб, у дўзахга улоқтирилади”, дедилар.

 

Қарши шаҳар бош имом-хатиби Аҳмад Бойқобилов

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!