Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Саволим бор...

Ёш болаларни масжидга олиб чиқишнинг ҳукми қандай?

1972

Савол:

Катталар ёш болаларни ўзи билан масжидга олиб чиқишнинг ҳукми нима?


Жавоб:

Ёш болаларни масжидга олиб чиқишга шаръан монелик йўқ. Балки бу иш уларни намозга одатлантиришга ва масжиддаги иймоний муҳитдан баҳра олишларига сабаб бўлгани учун мустаҳаб амалдир. Фақат болалар ақлли-тамизли бўлиши керак. Шу билан бирга намозхонларга халақит бермасликни мулойимлик ва босиқлик билан тушунтириш лозим. Айримлар томонидан уларни жеркиб бериш мурғак қалбга жуда ёмон таъсир қилади. Бундан эҳтиёт бўлиш даркор. Аксинча боланинг қалбини масжидга муҳаббатли қилиш керак. Зеро, севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қиёмат куни Аршнинг соясида бўладиган етти тоифа ичида "Қалби масжидга боғлиқ киши"ни ҳам зикр қилганлар.

Уламолар ёш болани масжидга олиб бориш жоизлигига бир неча ҳадисни далил қиладилар. Жумладан, Абу Қатода розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умома бинти Зайнаб розияллоҳу анҳони кўтариб намоз ўқигандилар". Ҳофиз Ибн Ҳажар: "Бу ҳадисни болаларни масжидга киргизиш жоизлигига далил қилинади", дейдилар. (Фатҳул-Борий, 1/592).

Бурайда розияллоҳу анҳо айтадилар: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилаётгандилар. Бир вақт Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумолар келиб қолишди, улар қизил кўйлак кийиб олишганди. Икковлон юрар ва йиқилиб тушишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбардан тушдилар. Уларнинг бирини ўнг қўллари билан, бирларини эса чапи билан кўтариб олдилар. Сўнг минбарга кўтарилиб дедилар: "Аллоҳ: "Албатта молк-мулкларингиз ва фарзандларингиз синовдан бошқа нарса эмас", деган. Мен бу икки боланинг юриб, йиқилаётганини кўриб, сабр қилолмадим. Гапимни тўхтатиб, олдиларига бордим", дедилар. (Бешовлон, Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривоят қилишган).

Қолаверса, мазҳабимиз фиқҳидаги жамоат сафлари тўғрисидаги мавзулар ҳам бунинг жоизлигини кўрсатади. Уларга кўра, биринчи эркаклар саф тортади, кейин ёш болалар ва кейин аёллар саф тортади.

Айтганларимиз болаларнинг масжидга олиб чиқиш мақбул амал эканини билдиради.

Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад

УЛАШИНГ:

Teglar
« Орқага