Ёшлар илм уммонига шўнғиши лозим

19:30 21.02.2019 531

Машҳур имом Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хатиб Ғаззий Темиртоший Ҳанафий Хоразмдаги Темиртош қишлоғидан бўлишган экан. Кейинчалик Ғазога бориб муқим қолганлар. Авлодларидан жуда кўп олимлар чиққан.

Ҳозир ўқиётганим "Фатовои Темиртоший" муқаддимасида жуда кўп юртдош имомларнинг илмий фаолиятлари ҳақида ёзилган. Умуман Ислом оламидаги етук уламоларнинг аксар қисми бизнинг Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан.

Ўтган аср охирларида Тошкентда меҳмон бўлган мисрлик олим, доктор Абдуллоҳ Саъд "Мовароуннаҳр уламолари" деб номланган бебаҳо асар ёзганди. Фанлар академиясида бўлган учрашувда у: "Ислом оламида устоз бўлган уламоларнинг ярмидан кўпи Хуросон ва Мовароуннаҳрдан етишиб чиққананини аниқладим", деган эди.

Мен нимага буларни ёзяпман. Диёримиз биз таниган Бухорий, Термизий ва Насафийлардан ҳам бошқа жуда кўплаб олимлар замини бўлган. Кейин, кузатишларимга кўра, ҳозир ҳам диёримиз халқлари илмга салоҳиятли ва қобил кўринади. Агар илмга кенг ва тўғри йўл очилса, ёшларимизнинг ҳамма соҳада пешқадам бўлишга истеъдодлари бор.

Мен буларни фахрланиш-ғурурланиш учун ёзганим йўқ. Ёшларни ҳиммат камарини боғлаш ва вақтни бой бермай илм уммонига шўнғишга ундамоқчиман. Бизгача жуда қийинчилик билан етиб келган эстафета таёқчасини маҳкам ушлаб, кейинги авлодга дадил тутингки, ер ва осмонда зикрингиз қолсин!

Сиз бунга қодирсиз ва лойиқсиз!

Мубашшир АҲМАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!