Ёшлар ва масжид

10:00 20.03.2018 1718

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 

“Албатта улар Роббиларига иймон келтирган йигитладир. Ва Биз уларга янада зиёда ҳидоят бердик” (Каҳф  сураси 13-оят).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: 

(Янa) aйтинг: "Рaббим aдoлaтли бўлишгa буюргaн. Ҳaр бирмaсжид (нaмoз) oлдидaн юзлaрингиз (диллaрингиз)ни тўғри қилинг! Унгa (Aллoҳгa) динни xoлис қилгaн ҳoллaрингиздa дуo қилингизлaр”(Аъроф сураси 29-оят).

Бошқа оятда эса шундай дейилади: “Aллoҳнинг мaсжидлaридa унинг нoми зикр этилишигa қaршилик қилaдигaн вa улaрни xaрoб қилишгa уринувчилaрдaн ким ҳaм зoлимрoқдир?! Axир, бу (кaби) кимсaлaр учун у Ерлaр (Кaъбa ёки Бaйтул-мaқдис)гa фaқaт қўрққaн ҳoллaридaгинa киришлaри мумкин эди. Улaр учун бу дунёдa рaсвoлик, oxирaтдa эсa, буюк aзoб (бoрдир) (Бақара сураси 114-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: 

“Ким масжидга кундузи ёки тунда борса, ҳар борганида Аллоҳ у учун жаннатда зиёфат тайёрлаб қўяди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Роббиларидан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло шундай дейди: 

“Еримдаги уйларим масжидлардир. Албатта, Ер (юзи)да мени зиёрат қилувчилар масжидларни обод этувчилардир. Уйида покланиб, сўнгра уйимда Мени зиёрат қилган бандага жаннат бўлсин. Зеро, зиёрат қилинувчига зиёрат қилувчисини икром этмоқлик  ҳақдир” (Абу Нуайм ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага келган пайтларидаги биринчи қилган ишлари масжид қурдиришлари бўлди. Бу масжид Ислом давлати барпо этилиши, араблар дунёда ўша даврда етакчи халққа айланишлари ва бу умматнинг юксалиб, тараққий этишининг пойдевори бўлди.

Масжид фаришталар қўним топадиган, ердаги Аллоҳнинг солиҳ бандалари ибодат қиладиган муқаддас макондир. Масжид ҳар бир тақводорнинг уйи, ҳар бир қалби пок инсоннинг манзилгоҳидир. Масжидларимиз динимиз буюрган ибодатларни адо этадиган намозгоҳларимиздир.

Масжидларимиз дунё-охиратимизга манфаат етказадиган ваъз-насиҳат масканларидир. Мўмин-мусулмонлар бу муқаддас маконда яхшилик йўлида ўзаро ёрдамлашиб, бир-бирларини қўллаб-қувватлайдилар. Масжид Ислом динида мусулмонларни ва уларнинг манфаатларини жамловчи муқаддас маскандир.

Ҳар бир кишининг бошпанага ва тирикчилик учун бирон касб-ҳунарга эҳтиёжи бўлгани каби, Яратувчига яқин бўлишига кўмак берадиган масжидга ҳам эҳтиёжи бор. Уй, бошпана инсон жисмининг роҳати учун зарур бўлса, масжид руҳимиз таскини учун зарур.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, масжидни тозалаб юрадиган бир ёш йигит вафот этганида саҳобалар Пайғамбар алайҳиссаломга ҳабар бермай уни дафн қилишади. Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан хабар топгач, ўша йигитнинг қабри олдига келиб жаноза намозини ўқиган эканлар. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг бу йигитга қилган марҳаматларидан масжидга хизмат қилишнинг нечоғлик буюк амал эканини билиб олишимиз мумкин.

Қиёмат куни ҳеч қандай соя бўлмаган пайтда етти тоифа кишилар Аллоҳ таоло аршининг сояси билан соялантирилиши, қалби масжидга боғланган кишилар ана ўша етти тоифанинг бири бўлишлари ҳақида ҳадиси шарифларда айтилган.

Албатта, ёшларимиз ҳақиқий маънода солиҳ, иймонли ва ватанига садоқатли, чинакамига тарбияли ва баркамол инсонлар бўлиб улғайишида масжидлар катта аҳамиятга эга. Негаки, масжидда инсон ҳалол ва ҳаромни, оқу-қорани танийди, ўзининг беҳудага яратилмаганини англаб етади. Масжидларда илиқ ва самимий биродарлик туйғусини ҳис қилади.

Инсоннинг ёмонликлардан қайтиб, ҳидоят ва солиҳлик йўлига ўтишида унинг иродаси қанчалик мустаҳкамлиги муҳим ҳисобланади. Аммо ҳар кимда ҳам мустаҳкам ирода топилмаслиги мумкин. Табиийки, ана шундай вақтда кишига уни ўраб турган муҳит қаттиқ таъсир қилади. Яхши муҳит эса аввало зикр ва ибодат масканлари бўлган масжидларда бўлади. Масжидга мунтазам борадиган ўсмирлар хулқида жуда кўп ижобий ўзгаришларни кўрамиз.

Масжидга борган кишида ўзгаларга нисбатан ҳурмат, одоб ва илм-маърифат ўрганишга қизиқиш туйғулари юзага чиқади. Масжидга қатнаган киши бошқаларга холис ва жавоб кутмасдан яхшилик қилишни ўрганади. Ота-онага, дўстларга ҳамда жамиятдаги унга яқин бошқа кишиларга эътиборли бўлиш қандай хайрли амаллар эканини тушуниб етади. Негаки, хайрли амалларнинг яхши эканлигини ҳамма ҳам бирдай тушуниб олмайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, масжид ҳар бир мўмин-мусулмонга дунё ва охират саодатига эришишда зарур бўладиган билимларни бера оладиган ҳақиқий илм ва зиё даргоҳларидир.

Муҳаммад Хойр Шаъолнинг “Ёшлар масалалари” номли туркум маърузалари асосида 

“Кўкалдош” ўрта махсус Ислом билим юрти мударриси 

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ ва 3-курс талабалари томонидан тайёрланди.

Манба: Kukaldosh.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!