Жунайд Суави: «Ёзувчининг бир қўлида қалам, бир қўлида дуо бўлсин»

14:30 11.01.2019 625

Жунайд Суави 1948 йилда Туркиянинг Адапазари шаҳрида дунёга келган. Университет таҳсилига қадар таълимни туғилиб ўсган юртида олган ёзувчи, олий таълимни Истанбулда, Давлат Нафис Санъатлар Академияси (Ҳозирги Меъмор Синан Университети)да олишга муваффақ бўлиб, “Юксак меъмор” (яъни уста санъаткор) унвонига эришди. Таҳсилдан сўнг юртига қайтган ёзувчи Адапазари Университетида ассистенлик лавозимига иш бошлайди. Фаолияти мобайнида профессорлик илмий даражасигача кўтарилган Жунайд Суави ўқитувчилик ва ёзувчиликни бир пайтда олиб боришга муваффақ бўлди.

Жунайд Суавининг энг таниқли асари 3 жилддан иборат “Ҳаёт ҳикоялари” туркумидан ҳикоялар тўпламидир. Ёзувчининг эътирофига кўра, бу асар ўттиз йил мобайнида ёзиб тугатилган. “Ҳаёт ҳикоялари” ўнта хорижий тилга таржима қилинган бўлиб, ўзбек китобхонларига ҳам тақдим этилиш арафасида турибди.

Ёзувчининг “Қирқ грамм табассум” номли асари одобли юморга оид бебаҳо ижод намунаси ҳисобланади. Бу асар ҳам йигирма йил мобайнида ёзилган. “Узилган гитара” асарида ёзувчи болалик ва ёшлик чоғлари ҳақида гапириш билан, ўз юртидаги ва бошқа ўлкалардаги мусулмонлар яшаётган асрга кўзгу тутади. Ўзига хос тарбиявий аҳамиятга эга бу асар Туркия Маданият вазирлиги томонидан барчага бирдек тавсия қилинган. Жунайд Суавининг яна бир ҳаётий романи “Имдод, ошиқ бўлдим!” деб номланган. Бу китобда илгари сурилган Илоҳий ўлчовлар минглаб қиз-аёлларнинг кўнгил ярасига малҳам қўйишга эришди. Шунингдек, ёзувчининг “Ҳозиржавоблар” асарида эса дунё тарихида ўтган машҳур шахсларнинг заковати ва ҳозиржавобликларининг инсонларга таъсири ҳақида гап боради. Бундан ташқари, “Икки дунё қуёши – Пайғамбаримиз”, “Пайғамбаримиз ёшлар нигоҳида”, “Гул ифорли Расулдан мўъжизалар”, “Жаннат элчилари”, “Пайғамбарлар тарихи” ва “Аллоҳни англатган жумбоқлар” номли асрлари ҳам ўқувчилар қалбини забт этиб улгурган.

Ёзувчининг болалар учун ҳикоялари 3 жажжи китобдан иборат бўлиб, “Асалдан ширин ҳикоялар” номи билан нашр қилинган. Ёзувчининг болалар учун ёзган сўнги асари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Диннинг асоси” дея таърифлаган намоз билан боғлиқ. Китоб “Алининг жойнамози” номи билан нашр қилинган бўлиб, айни пайтда болалар ва ёшлар томонидан севиб ўқилмоқда.

Бугун кексалик гаштини сураётган ёзувчи оилали, уч фарзанднинг отаси. Невараларнинг меҳрибон, дуогўй бобожонисидир.

Умида Адизова: – Ўзбекистондан ассалому алайкум, Устоз. Сиз билан суҳбат уюштириш таклифимизни қабул қилганингиз учун миннатдорман! Анчадан бери ижодингиз орқали Сиз муҳтарам хожа афандимизни танийман ва ҳурмат қиламан. Ва шу ўринда, мазмунли, ибратли, ҳаётий ҳикояларингизни ўзбек тилига таржима қилишимга рухсат берганингиз учун ташаккурларимни изҳор этаман. Роббимиз қалбингизга ёғдирган илҳомлар, қаламингиздан инган нурлар кўнгилларни нурафшон этишда давом этсин! Сизга Ҳазрат Навоийдек асрларни қалам билан титратиш саодати мушарраф бўлишини тилайман. Хожа афандим, ўзбек адабиёт ихлосмандлари сизни “Ҳаёт ҳикоялари” ҳикоялар тўпламингиз орқали танийди ва севади. Шунинг учун Сиз муҳтарам устозимизнинг суҳбатлари улар учун аҳамиятли. Хожа афандим,сизнингча ҳикоя қандай ёзилади? Қалбларни фатҳ этадиган ҳикоя ёзиш учун нима қилиш керак?

Жунайд Суави: – Ва алайкум ассалом. Жонимдан севганим ўзбек қардошларим ва албатта сизга адоқсиз дуоларимни йўллаб, суҳбатга муносиб кўрганингиз учун миннатдорлигимни изҳор этаман. Муҳтарама Умидахоним, ўзбек қардошларимиз билан орамизда кўприк вазифасини ўтаётганингиз учун алоҳида ташаккурларимни қабул қилгайсиз. Аллоҳ хайрли ишларингизнинг ажрини мукаммал қилсин!

Кўнгилларни фатҳ этадиган ҳикоялар сиёҳи дуо бўлган қаламлар орқали ёзилади. Бошқача айтганда, ёзувчининг бир қўлида қалам, бир қўлида дуо бўлиши керак. Имонли ёзувчининг энг асосий мақсади – ижоди билан инсонларни ҳаққа, яхшиликка ва ҳақиқий гўзаллик – Роббимизга яқинлаштиришдир. Модомики, мақсад замирида бу ният ётмас экан, асарнинг руҳи ўлади. Қуруқ япроқлар каби қўлга олинган заҳоти титилиб кетади. Қалбга етиб боришни қўйинг, бир қулоқдан кириб, иккинчисидан чиқиб кетади. Аллоҳ таоло Буюк китобимизда “Агар дуоларингиз бўлмаганида, Парвардигор сизларга парво қилмас эди” дея марҳамат қилади. Бу амр ҳаммамизга тааллуқли бўлганидек, ижодкор учун икки ҳисса аҳамиятлидир. Хайрли дуолар натижасида Аллоҳ бизга илҳом беради ва гўзал ҳикоялар дунёга келади. Чунки бутун хайриятлар ва гўзалликлар Роббимиздандир.

Ҳикоя ёзиш учун дуолар муҳим. Аммо икки хил дуо қилишимиз керак. Биринчиси – “ҳаракат дуоси”. Мисол учун, боғингиздан гилос емоқчисиз, кўчат олиб ҳовлингизга қадашингиз керак.Айнан мана шу ишингиз ҳаракат дуосининг илк кўриниши бўлади. Сўнг дуода давомли бўлиб, ўтқазган кўчатингизни парваришлайсиз; суви, ўғитини вақтида берасиз, керак бўлса, ҳашаротларга қарши дори сепасиз. Бу ишларингиз билан “ҳаракат дуоси”ни адо этасиз. Ана шундан кейингина Аллоҳга қўлингизни очиб: “Я Роббим, менинг қўлимдан фақат шулар келади. Ортиғига кучим етмайди. Сен шу кўчатимни ўстириб, барваста жаннат дарахти ҳолига келтир. Ва бу дарахтдан биз учун кўпдан кўп гилос ейишни насиб айла!” дейишингиз керак. Бу энди “қавли дуо” дейилади. Яъни Роббимизга юзланиб, сўз ила дуо қилмоқликдир. Ҳақиқий муваффақият учун бу икки дуо ниҳоятда муҳим саналади. Ҳовлингизга кўчат ўтқазмай туриб тонгдан шомгача “Гилос! Гилос” дея дуо қилсангиз, боғингиздан гилос ея олмайсиз.

Бу дуолар ҳамма ишда зарур бўлади. Ижодда ҳам шунингдек. Ижод оламида меҳнат қиладиган инсон энг аҳамиятли китобларни нинада тутгандай танлаб, қайта-қайта ўқиб, тафаккур, таҳлил билан ўзлаштириши, бу муҳташам Коинотга имон кўзойнаги билан қараб, яралмишдаги ҳар мавжудотда гўзаллик кўриш – ижодкорнинг “ҳаракат дуоси”дир.

Чўнтагингизда пул бўлмаса, бировга пул беролмайсиз. Қўлингизда чироқ бўлмаса на ўзингизга ва на бошқа нур соча олмайсиз. Шундай экан, инсонларга бирор нарса беришни истасангиз аввал ўзингиз уларни қўлга киритишингиз керак. Булар “ҳаракат дуо”ларингиз бўлади. Ундан кейин қўлингизни очиб Аллоҳга юзланиб сўз ила дуо қиласиз. Бу ишларни ихлос билан бажарганингиздан кейин Аллоҳнинг изни билан муваффақ бўласиз. Чунки Парвардигор Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ” ("Нажм" сураси, 39-оят).

Ҳар қандай меҳнат шу икки дуодан иборат. Имонли бўладими, имонсизми бу икки дуо инсонлар учун шарт ҳисобланади. Дунё ҳаётида муваффақият истаган киши ҳам ҳаракат дуосини ва ҳам сўз дуосини кам-кўстсиз бажаришга мажбур.

Умида Адизова: – Муҳтарам хожа афандим, таассуфлар бўлсинки, асримизда фарзанд тарбияси долзарб муаммога айланди. Бу борада ота-оналарга нималар деган бўлардингиз?

Жунайд Суави: – Юқоридаги саволингизга жавобим бу саволга ҳам тааллуқли. Лекин яна аниқроқ изоҳлайман: Барча ота-оналар болалари учун ҳар куни дуо қиладилар: “Аллоҳим! Сен барча болаларни ичкилик, қимор ва ёки гиёҳванд модда дейдиган ўлатдан асрагин! Уларнинг ақлларини ўғирлаб, дўзахга етакловчи ҳар балодан муҳофаза эт!”

Дуолар шу тарзда давом этади. Аммо бу сўз дуоларидир. Буларнинг орасида ҳаракат дуоси йўқ.Катталарнинг дуолари фақат сўз дуолари бўлиб қоляпти. Ота-оналар осон йўлга ўтиб, ҳаракат дуосини бажаришга бепарво бўляптилар. Бу борадаги ҳаракат дуоси – болага вақт ажратиш, у билан яқин муносабатда бўлиш демакдир.

Ўзбек онажонларини билмадим, лекин турк оналарининг аксарияти телевизордан вақт орттириб фарзанди билан жиддиий шуғулланмайди. (Бизнинг “сериалхўр” оналаримиз ҳам турк оналаридан қолишмайди! У.А) Ҳар хил сериаллар билан хаёл дунёсида яшаб, ҳаётда бўлмаган одамларнинг муаммоларига ўралашиб юришади.Фарзандларига сирдош бўлмайдилар. Болалари ёмонларни дўсту сирдош тутишади. Ичкилик, тамаки, қимор ва ҳатто гиёҳвандликка ружуъ қўйган гўдак болаларни кўриб ичинг оғрийди. Оналар бу хатолари жиноятдан фарқ қилмаслигини ҳам яхши билсинлар. Ва Аллоҳнинг ҳузурида бу ишлари учун сўралишдан қаттиқ қўрқсинлар. Ҳолбуки, фарзанд тарбиялаш оналарнинг асл вазифасидир. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадис ривоят қилинади: “Шундай ёмон вақтлар бўладики, болаларнинг бошига ота-оналарининг қўли билан фалокат келади”.

Фарзанд тарбияси инсондан саъй-ҳаракат талаб қилади. Биздан шундай гап бор: “Муваффақиятнинг ортида уч шарт ётади – эътибор, билим ва кузатиш”.
1. Биринчиси – энг муҳим. Хайрли фарзанд тарбиялаш учун оналар боласига эътиборли бўлиши керак. Лекин меҳр-шафқат кўрсатмай туриб, ғамхўрлик қилишнинг аҳамияти бўлмайди.

2. Билим. Яъни донолик. Ота-оналар фарзанд тарбиясига доир адабиётларни мунтазам ўқиб боришлари ва албатта ўқиган, ўрганганларини тарбияда тадбиқ қилишлари керак.

3. Кузатув. Оналар фарзандларининг қаерларда бўлишини, кимлар билан дўстлашишини ва дарсларни ўзлаштириш ҳолатини гўёки детективдай кузатиб боришлари керак.

Афсуслар бўлсинки, аксарият оналар бу муҳим шартлардан бехабарлар. Билганлари ҳам парво қилмайдилар. Бу хатолар оқибатида аввало болалар барбод бўлмоқда. Ота-оналар эътиборсизлигининг жазоси сифатида умр бўйи изтироб чекмоқдалар.

Умида Адизова: – Фарзанд тарбиясига доир китобларингизни ҳам ўқиб боряпман. Аллоҳ қодир қилса, умр ва омонлик берса ўзбек китобхонларига уларни туҳфа этиш ниятим бор. Болаларга оид китобларингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

Жунайд Суави: – Беадад шукрлар бўлсинки, Аллоҳ менга олмослардан қимматли уч фарзанд берди. Икки қиз, бир ўғил. Катта қизим инглиз тили ўқитувчиси, синглиси ва укаси шифокорлик касбини эгаллади. Улар билан ҳар доим фахрланганман. Болаларимни билганлар ҳам улар билан ғурур туядилар. Албатта бунинг учун Роббимга беадад шукрлар бўлсин.

Қирқ йил аввалга қайтиб, ҳар лаҳзамга шукр билан кўрдимки, болаларимга ҳар доим эътиборли бўлган эканман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилганларидек, улар билан ўйнабман, тебранма ўриндиқларда ўтириб улар билан суҳбат қилганман. Ёз фаслида улар билан табиат қўйнига чиққанман, сув бўйига бориб бирга балиқ тутганмиз. Аввал улар билан бола каби ўйнаган бўлсам, ўсмирлигида дўст, улғайганида сирдош бўлганман. Шу онда етмишдан ошган бўлсам-да, невараларим билан ўйин ўйнайман. Нафасим тиқилиб қолса ҳам курашаман. Минг шукрки, бунинг мукофоти ўлароқ Аллоҳ менга шундай фарзандларнинг отаси бўлишни насиб этди.Фарзанд тарбияси борасидаги китобларим шу сабабдан ҳам менга машаққат туғдирмади. У китобларда ҳаётим акс этган. Ва жуфти ҳалолим билан бирга болажонларим...

Умида Адизова: – Хожа афандим, бугун бутун дунёда бўлганидек, бизнинг юртимизда ҳам виртуал қарамлик, техника воситаларига тобелик авж олган. Бу “хаста”ликдан инсонларни фориғ этиб, китоб ўқишга жалб этиш учун биз ижодкорлар нималар қилишимиз керак, деб ўйлайсиз?

Жунайд Суави: – Виртуал қарамлик, техника воситаларига тобеълик катта мусибатдир. Бунинг сабаби меҳрдан маҳрум ота-оналар, дея ўйлайман. Улар фақат ўзларини ўйлайдилар.Чунки виртуал олам аввало ота-оналарнинг ўзини маҳв этган. Ҳар кеча бир неча соат давом этадиган сериалларда актёрлар эмас, бугуннинг ота-оналари ўйнаяптилар. Техника ва виртуал дунёда болаларга жой йўқ. Чунки улар ота-онасининг ёнига келса муаммоларини айтиб, ечим талаб қилади. Бу иш эса сериални бир муддат ўтказиб юборишини тақозо этади. Шунинг учун ҳам оналар сериаллар вақтида болалари билан гаплашмайдилар. Оталар эса шундоғам уйга чарчаб келади. Кела солиб бир коса овқатини еб улгурмай бошқа хонада футбол ёки кино томоша қилади.Оталар ҳам техника дунёсида. Шундай қилиб, болалар ва катталарнинг дунёлари буткул айрилган, ҳар икки томон ҳам алоҳида виртуал дунёга боғланиб қолишган. Техникага қарамликдан қутулиш учун болалар билан бирга табиат қўйнига чиқиш, уларга Борлиқ мўъжизаларини англатиш зарур. Табиатни севган бола ўзини экранга мубтало қилмайди. Бундай асирликка бош эгмайди.

Китоб ўқишга келсак, бу иш ҳам катталарнинг ғайрати билан бўлади.Ота-оналар китоб ўқимаса, бу даҳшатли хасталик болаларга юқади. Қизларим кичкиналигида хуфтон намозидан кейин улар билан бирга китоб ўқирдик. Каттаси 9, кичкинаси 6 ёшда эди.Уларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларига оид китоблар ўқирдим.Бу қизалоқларимга бирам ёқардики... Уйқу вақтлари ўтиб кетса ҳам яна китоб ўқиб беришимни сўрашарди.Менимча, болаларимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини албатта ўқитишимиз керак.

Қизларимда Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга меҳр-муҳаббатни кўрганимда, болалар учун шу мавзуда китоблар ёздим. Аллоҳга шукр, бу китоблар чорак асрдан бери севиб ўқилмоқда.

Баъзи нарсаларда яхши маънода мажбурлаш фойдали. Ҳам ўзимизга ва ҳам болаларимизга куннинг маълум вақтида дарс соати қўйишимиз керак. Масалан, болалар учун кунда ярим соат китоб ўқиш шартини қўйиш керак. Буни бажарганларида уларни тақдирлаш маъқул. Лекин ҳаддан ошмаган яхши.

Ота-оналар шуни унутмасинлар: дунёда энг катта изтироб – фарзанддоғи. Фарзанд доғи деганда хаёлимизга биринчи бўлиб боланинг вафот этиши келади. Аммо бу мусибатдан каттаси – соппа-соғ, чиройли фарзанд туфайли бошнинг қуйи солиниши. Аллоҳ асрасин, болага вақтида меҳр-шафқат, одобу ахлоқ ўргатилмаса, бу бефарқликнинг бадалини ота-она икки дунёда тўлайди.Чунки фарзандига ўз вақтида зарур маънавий ва моддий ғамхўрликни ўтамаган ота- она чин дунёда Аллоҳнинг олдида ҳам ҳисоб-китоб қилинади. Роббимиз барча ота-оналар ва болалар қаторида ўзбек қардошларим ҳамда уларнинг авлодларини ҳам охирзамон балоларию фитналаридан паноҳида асрасин, инша Аллоҳ.

Умида Адизова: Ташаккурлар, муҳтарам хожа афандим! Мазмунли суҳбат учун шахсан ўзим номимдан, таҳририятимиз аъзолари ва ўқувчиларимиз номидан миннатдорчилик билдираман! Аллоҳ Сиз, яқинларингиз ва биродар турк халқига офияту омонлик берсин! Сизни Ўзбекистонда кутиб қоламиз...

Суҳбатдош: Умида АДИЗОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!