Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида ағдарилиб кетган юк машинаси тасвирланган видео тарқалган.
Маълум бўлишича, Шўрчи туман ҳудудида жойлашган “Чавандоз” савдо мажмуаси яқинида, Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими Ж.Нормуродов “Шўрчи-Денов” йўналишида юк ташиш қоидаларини бузиб ҳаракатланиб келган “Газ-53” русумли юк автомобилини тўхтатган.
ЙПХ ходими белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштириб, транспорт воситасини вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига бошқариб олиб кетаётган вақтда, Шўрчи тумани, А.Темур ва Мустақиллик кўчалари кесишган чорраҳада “Нексия” русумли автомобиль билан тўқнашмаслик учун рулни ўнг томонга буриб юборганлиги сабабли юк автомобили ағдарилган. Ағдарилиш вақтида "Нексия" русумли автомобилнинг олд қисмига шикаст етган.
ЙТҲ натижасида тан жароҳати олганлар йўқ.
Мазкур ҳолат юзасидан Шўрчи тумани прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.