Йўл ва йўл ҳаракатига доир ҳукм ва одоблар

18:00 18.10.2018 287

1.Йўл ҳаракати қоидалари тарихига бир назар.

Қадимда одамлар фақат пиёда юришган. Кейин уларнинг ўзаро муносабатлари натижасида йўллар вужудга келган. Сўнгра йўл юришни ва юк ташишни осонлаштириш мақсадида турли уловлар кашф қилинган. Вақт ўтиши билан йўл юришга оид тартиб­интизомлар ҳам пайдо бўлган. Олдинги самовий шариатларда ҳам ўз даврига яраша бу борадаги кўрсатмалар бериб борилганида шубҳа йўқ.

Шаҳар кўчаларидаги ҳаракатни тартибга солишга қаратилган биринчи уринишлар қадимги Римда Гай Юлий Цезар томонидан амалга оширилган деб келинади. Унинг фармони билан, эрамиздан аввалги 50 йилларда баъзи кўчаларда бир томонлама ҳаракат жорий этилган. Ўша вақтда жорий қоидалар риоясини назорат қилиш махсус хизмати ташкил этилган бўлиб, бу хизматга асосан, эски ўт ўчирувчилар олинар эди. Барибир кўп чорраҳалар тартибсиз қолар эди ва амалдор тўралар ўзларидан олдин чорраҳаларга хизматкорларини юбориб, осон ўтиш тадбирини қилар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз ҳаётлари давомида ўша вақт ва шароитига керак бўлган йўл тартибларини жорий қилганлар. Сафарлар асносида бирор жойга қўнилганда ҳам бошқа йўловчиларга халақит бермаслик чора-тадбирлари кўрилган.

Ислом фиқҳи ‒ ҳуқуқшунослигида йўл ҳаракатига доир масалалар қадимдан муолажа қилиб келинган. Йўлнинг кенглиги қанча бўлиши кераклиги, улов ва кема минган кишининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уловлар ёки кемалар тўқнашуви натижасида юзага келган муаммолар ‒ барча-барчаси Қуръон оятлари ва ҳадиси шариф маънолари асосида, уларда келган хусусий ва умумий қоидалардан келиб чиққан ҳолда батафсил ёритиб келинган.

Ҳозирги йўл қоидалари тарихи Лондондан бошланади. 1868 йил 10 декабрда Лондон Парламенти олдидаги майдонда рангли гардишли механик темир йўл семафори қўйилган. Семафорни бир хизматчи қўлда бошқарар эди. Аммо, қурилманинг техник ечими жуда ноқулай бўлиб, айланаётган занжирнинг шовқинидан отлар ҳуркиб кетиб, ҳаракатни издан чиқариб юборар эди. Икки ой ҳам ишламасдан, 1869 йил, 2 январда семафор портлаб кетади ва хизматчи яраланади.

Йўл белгилари дастлаб аҳоли яшаш жойларига йўналишларни ва уларгача масофани акс эттирган тунукалардан иборат бўлган. Йўл ҳаракатининг ягона Европа қоидаларини тузиш ҳақидаги қарор 1909 йилда Парижда, бутун дунё конференциясида қабул қилинган. Бунга сабаб, шу вақтга келиб шаҳар кўчаларида автомобиллар сони ортган, тезлик ва тиғизлик ошган эди. Кейинги муҳим қадам деб 1931 йилда Женевада, Йўл ҳаракати бўйича ҳалқаро Конференцияда қабул қилинган “Йўллардаги белгиларга уйғунлик киритиш ҳақидаги Конвенция” ҳисобланади.

1. 2. Исломда йўл ҳаракати ҳақида; йўл ҳаракати қоидаларига муносабат.

Ислом динининг йўл ҳаракатига бўлган муносабатини ўрганиш учун ушбу мавзуга доир айрим оят ва ҳадислар билан қисқача танишиб ўтамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида Ерни инсонлар учун ёйиб қўйганини, унда йўллар барпо қилганини алоҳида эслатади. Дарҳақиқат, агар Аллоҳ ерни юришга мос қилиб тўшамасдан, фақат тоғу-тошлардан, жарлик ва дарёлардан иборат қилиб қўйганида, биз ожиз бандалар нима ҳам қила олардик?!

У Зот Зухруф сурасида шундай марҳамат қилади:

“У сизга ерни бешик қилиб берган ва шоядки, ҳидоят топсангиз, деб сизга унда йўллар қилиб қўйган Зотдир”. (10 оят).

Нуҳ сурасида ҳам худди шу маъно таъкидланган:

“Ва Аллоҳ сизларга ерни гиламдек тўшаб қўйди, унда сиз кенг йўллардан юришингиз учун”. (19-20 оят).

Аллоҳ таоло Ўз каломида ушбу неъматдан унумли фойдаланишга, йўл юриб, сайр қилишга тарғиб ҳам қилган:

“У сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир. Бас, анинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг. Тирилиш ҳам Унинг саридир”. (Мулк: 15 оят).

“Ер юзида сайр қилинг, сўнгра ёлғонга чиқарувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг”, деб айт”. (Анъом: 11 оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида йўлнинг ҳам инсонлар зиммасида ҳақи борлигини айтганлар ва: “Йўлга ўз ҳақини беринглар”, дея амр қилганлар. Йўл четида уй қурмоқчи бўлганларга йўл учун керакли бўлган миқдорда оралиқни сақлашни тавсия берганлар. Йўловчиларнинг ҳақини эътиборга олиб, йўл ўртасида намоз ўқишдан қайтарганлар. Ҳадисларда йўлнинг одоб ва аҳкомлари, пиёда ва уловда юришга доир таълимотлар шунчалар мукаммал баён қилинганки, улар орадан ўн тўрт аср ўтиб ҳам ўз қийматини заррача йўқотгани йўқ, балки борган сари уларнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Уларнинг ёғдуси билан бугунги куннинг йўловчиси учун ҳам етарли кўрсатмалар бериш мумкин.

Исломда яхшилик, илм маърифат учун йўл юришнинг фазилатлари баён этилган ва улкан яхшилик ва савоблар ваъда қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда жумладан шундай дейилган: “Ким илм излаб йўл юрса, Аллоҳ бу билан унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди”.

Ислом шариати инсонларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш учун келган бўлиб, бунинг учун жамиятнинг саломатлигини тўлиқ таъминловчи керакли ҳукмларни жорий қилгандир. Шунинг учун ҳам, фуқаҳолар томонидан Қуръон ва ҳадис маънолари асосида ишлаб чиқилган фиҳҳий қоидаларнинг барчаси инсонга, жамиятга манфаат келтиришга қаратилганини кўрамиз. Уларнинг айримлари билан юқорида танишиб ўтилди.

Ўша фиқҳий негиз қоидаларни баъзи уламолар ўн еттита деса, бошқалари уни тўрттага қисқартирган. Изз ибн Абдуссалом уларни иккитага жамлаб, “манфаатни жалб қилиш” ва “зарарни даф этиш” қоидалари билан изоҳлаган. Айрим мутааххир уламолар буни ҳам қисқартириб: “Манфаатни жалб қилиш барча шаръий аҳкомларга асосдир, чунки, зарарни қайтариш ҳам манфаатни жалб қилиш ҳисобланади”, деганлар.

Юқорида таъкидланганидек, Ислом дини ўз аҳкомларини жорий қилишда инсоннинг дини, жони, шаъни, ақли ва молининг ҳимоясини мақсад қилган. Чунки, инсон яшаб турган ушбу дунё мазкур нарсалар устига бино қилинган бўлиб, ундаги фаровон ҳаёт ўшаларнинг тўлиқ муҳофаза этилиши, дахлсизлиги, уларга нисбатан ҳар қандай тажовузнинг бартараф этилиши билан боғлиқ.

Ислом шариати мукаммал ва кенг қамровли қоидаларни жорий қилиб, уларнинг рўёбга чиқиши, амалда татбиқ этилишида фақиҳларга кенг йўл очиб қўйган. Бу ҳам бўлса, Ислом шариатининг барҳаётлигини, унинг барча замон ва маконлар учун салоҳиятли бўлишини таъминловчи омиллардан биридир.

Ушбу маънолардан келиб чиқиб айтганда, йўл ҳаракати асносида содир бўладиган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, яъни ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдаларнинг ҳаётини ва саломатлигини сақлаш, автомобилларни турли талофатлардан асраш инсоннинг жонини ва молини муҳофаза этишнинг бир кўриниши ҳисобланади. Бунинг учун эса йўл ҳаракатига доир керакли қоидалар ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши лозим. Зеро, йўл­транспорт ҳодисалари инсонларнинг ҳаётига зомин бўлиши, саломатлигига футур етказиши, шунингдек, ортиқча сарф-харажатларга олиб келиши мумкинлиги барчага аён.

Демак, йўл ҳаракати қоидалари умумий манфаатларни, инсон ҳаётининг эминлигини таъминлашга қаратилган. Ислом шариатининг талаб ва мақсади ҳам айни шу. Бугунги кунда амалда жорий қилинган йўл ҳаракати қоидалари билан танишар эканмиз, уларнинг бир қанча фиқҳий қоидаларга, жумладан, “зарар бартараф этилади”, “зарарни бартараф этиш ва фойдани жалб қилиш”, “зарар келтириш ҳам, зарарга зарар қайтариш ҳам йўқ”, “жамиятнинг манфаати якка шахсларнинг манфаатидан устун туради” каби шаръий қоидаларга ҳамоҳанг асосларга таянганини кўрамиз. Ушбу зарар ва манфаатлар жонга бўладими, молга бўладими, фарқи йўқ.Бу борда асосий далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари бўлиб, у Ислом фиқҳида энг машҳур шаръий асослардан бирига айланган: “Зарар бериш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқ”.

Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган киши аввало ўзининг жону молини хатарга қўйган бўлади. Бу эса Ислом динида қатъий ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг”. (Бақара: 195). Қолаверса, бошқаларнинг ҳаёти ва саломатлигига таҳдид солган бўлади, тажовуз этишга қадам қўйган бўлади.

Мана шу маънолардан келиб чиқиб, Ислом фиқҳи уламолари йўл ҳаракати қоидалари шариатнинг талаб ва мақсадларига хизмат қилишини, уларга ҳамоҳанг эканини таъкидлайдилар ва уларга амал қилиш ҳар бир йўл ҳаракати қатнашчисига шариат нуқтаи-назаридан вожиб, уларни бузиш мумкин эмас, дейдилар. Зеро, бу қоидалар инсоннинг жони ва молини муҳофаза этиши эътиборидан Ислом шариати аҳкомларини татбиқ этишнинг бир бўлаги ҳисобланади. Шунга кўра, мазкур қоидаларга хилоф иш тутиш йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасликкина эмас, балки вожибни тарк қилганлик, мусулмонларга зарар келтириш, одамларнинг ҳаётини таҳликага қўйиш жиҳатидан улкан гуноҳ ҳамдир.

Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик гоҳида кимгадир қайсидир даражада фойда келтириши ҳам мумкин. Аммо, бунда кўпчиликка зарар етиши хавфи борлиги сабабидан уларни бузиш мумкин эмас. Зеро, Ислом фиқҳида “зарарни бартараф этиш фойдани жалб қилишдан олдин қўйилади” ва “жамиятнинг манфаати якка шахсларнинг манфаатидан устувор туради”.

Ислом Конференцияси Ташкилоти қошидаги Ислом Фиқҳи Академияси, мазкур шаръий қоидаларга асосланган ҳолда, ўзининг 1414 сана Муҳаррам ойининг 1­7 (1993/21­27 июн) кунлари бўлиб ўтган 8­мажлисида қуйидагича қарор қилади:

I. А) Ислом шариати аҳкомларига зид бўлмаган ушбу низомларга қатъий амал қилиш шаръан вожибдир. Чунки бу – “масолиҳи мурсала”далилига биноан, раҳбарга унинг тартибга солган буйруқларида итоат қилишга киради. Мазкур низомлар бу борада татбиқ этилмаган шаръий аҳкомларни қамраб олиши лозим.

Б) Инсоний манфаат тақозо қилган нарсалардан яна бири ‒ турли ман қилувчи низомларни жорий қилишдир. Жумладан, йўл ҳаракати учун жорий қилинган мазкур таълимотларга хилоф иш тутган кишига молиявий чора кўриш. Бу, улов ва бошқа нақлиёт воситалари эгаларидан йўл ва бозорларда инсонларнинг эминлигини хатарга қўядиган кишиларни зарар келтиришдан тўхтатиш учун бўлиб, белгиланган тартибга кўра олинади.

Бу маънодаги шаръий қарор ва фатволар бошқа йирик диний ташкилот ва муассасалар томонидан ҳам чиқарилган. Юртимиз аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил қилишини эътиборга олсак, бу каби маълумотларни халқимизга етказиш йўл тартибсизликларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Манба

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!