Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Йўлчи юлдузларга эргашиб... (11-қисм)

439

Ойлар, йиллар ўтди... 

Макка фатҳ бўлди...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  ўнмингларча мусулмонлар билан Аллоҳ таолога шукр қилган ва такбир айтган ҳолда шаҳарга кириб келдилар. Лашкарга бош бўлиб Каъба сари юрдилар. Бу муқаддас маконни қурайш мушриклари йил кунларининг ададича бут-санамларга тўлдириб ташлаган эди. Каъба ва унинг атрофида уч юз олтмишта бут-санамлар бор эди. 

Ҳақ келди. Ботил кетди. 

Шу кундан бошлаб мушриклар ибодат қилиб келаётган Уззо ҳам, Лот ҳам, Ҳубал ҳам энди йўқ. Бугундан кейин инсон бошини ҳаргиз тош ва бутларга эгмайди. Одамлар энди бутун вужудлари билан Воҳидул-Аҳад, Кабирул-Мутаал, ўхшаши, тенги йўқ зот – Аллоҳгагина ибодат қилишади! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  ёнларига Билолни олиб Каъбага кирдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба кирсаларки,  Иброҳим, алайҳиссалом тимсолидаги ҳайкалга рўбарў келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб шундай дедилар:

“Аллоҳ уларни йўқ қилсин! Отамиз Иброҳим алайҳиссалом ўқлар билан қасам ичмас эдилар. Иброҳим алайҳиссалом яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаганлар, балки ҳаниф мусулмонлардан эдилар. Ва мушриклардан ҳам эмасдилар!”

Макка фатҳ бўлганидан сўнг мўмин-мусулмонлар Каъбани зиёрат қилаётганда тарихга мухрланиб қоладига воқеа бўлди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга Каъбани устига чиқиб, азон айтмоқликни буюрдилар. Билол розияллоҳу анҳу  азон айтдилар. Замон, макон ва муносабат қандайин гўзал! Маккадаги ҳаёт ҳаракатдан тўхтади. Мингларча мусулмон сокин насим каби Билол розияллоҳу анҳунинг ортларидан азон калималарини хушуʼ билан пичирлаганча такрорлаб тур эдилар. Макка мушриклар уйларида туриб кузатишар, кўраётганларини сира тасдиқ қила олмас эдилар: 

«Шуми Муҳаммаднинг атрофидаги фақирлар?! Кечагина бу диёрдан қувилган Муҳаммад ва унинг камбағал дўстларими шулар?! Муҳаммад билан ўнминглаб мусулмонларнинг бирга келгани ҳам ҳақиқатми?! Бизлар қувиб солган, уларга қарши урушган, энг яқин кишиларимизни ўлдирган  одамлар наҳотки шулар бўлса?!» 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳали-ҳануз мусулмон бўлмаган бутун Макка аҳли таслим бўлишди. У зотнинг қанчалик буюк эканликларини, инсон сифатида мисилсиз эканликларини, бутун пайғамбарларнинг пайғамбари, саййиди эканликларини, у зотдан кўра меҳрибон инсон йўқлигини, ҳаттоки,  ота-онанинг шафқати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни умматларига бўлган шафқатлари олдида ҳеч нарсага арзимаслигини ўз кўзлари билан гувоҳ бўлшди. Аллоҳ таоло ўзини сифатлаган «Рауф», “Раҳим“ сифатларни берган зот эканликлар бутун Макка мушрикларига намоён бўлди. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун Макка аҳли тўпладилар. Аммо, уларнинг орасидаги баъзи мушриклар Расулуллоҳни инкор қилишда давом этар эди. 

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макка аҳлигаа қилган машҳур нидолари бор: «Эй Макка аҳли, қандай гумондасизлар?» –дедилар. 

Шунда Макка аҳли айтишдики: “Сиз энг олийжаноб биродаримизнинг фарзандисиз ва ўзингиз ҳам энг карим бўлган олийжаноб зотсиз. 

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кетаверинглар, сизлар жазодан озодсизлар”, – деб уларни қўйиб юбордилар.

(давоми бор) (биринчи қисм) (иккинчи қисм) (учинчи қисм) (тўртинчи қисм) (бешинчи қисм) (олтинчи қисм) (еттинчи қисм) (саккизинчи қисм) (9 қисм) (10 қисм) (11 қисм) 

Малика Йўлдошева тайёрлади

УЛАШИНГ:

« Орқага