Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Йўлчи юлдузларга эргашиб... (14-қисм)

428

Билолхон домла ҳафизаҳуллоҳнинг нурли суҳбатларидан...

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Бу галги ҳикоя қилинадиган зот –буюкларнинг буюги, асҳоби икромларнинг ичларида ажойиб фазилат ҳамда хусусиятларга эга бўлган, жаннат башорати берилган асҳоблардан бирлари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бўладилар. Улар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг тоғалари ҳисобланадилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга шундай таъриф берилган: “У кишининг ўзлари ҳам, чангаллари ҳам худди шер кабидир”.  Яъни Аллоҳ ва расулининг душмани бўлган ҳар қайси кимса у зотнинг қўлига тушса, қочиб қутула олмайди, нажот топа олмайди. 

У кишининг қиссаларини мусанниф алайҳирраҳма ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларидаги ҳолатларидан бошлайдилар. Ўша вақтларда форсларнинг мусулмонларга такрор-такрор қилаётган қуролли ҳужумлари ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуни безовта қилар эди. Бу урушлар тарихда “Жиср маъракаси” деб аталади. Бу жангда мусулмонлардан тўрт минг адад инсонлар шаҳид бўлган. Бунинг устига Ироқ аҳли ўзларининг берган аҳдиларидан қайтишган, бу аҳдга хиёнат қилишган. 

Форслар билан бўладиган ҳал қилувчи жангда мўминларнинг амири бўлган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзлари қўмондон бўлиб боришга қарор қилдилар. Амирул мўминин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу асҳоби икромлар, мўмин-мусулмонларнинг аскарлари билан Мадинаи Мунавварадан сафарга чиқдилар. Мадинаи Мунавварага ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни халифа қилиб, ўзларига ноиб этиб тайинладилар. 

Аммо Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Мадинайи Мунавварадан ҳеч қанча узоқлашмадилар ҳамки, асҳоби икромлар орасида: “Амирул мўминин Умар ибн Хаттоб бу жангга бормасинлар, Мадинаи Мунавварага қайтсинлар. Қўмондонлик вазифасига асҳоблардан бирор кишини тайин этсинлар” деган фикрлар пайдо бўлди. Мана шу фикрни биринчи билдирган инсон ҳазрати Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу эдилар. Улар амирул мўминин Умар ибн Хаттобнинг ҳаётини хавф остига қўйиш, мана шундай хатарли жангда уларни аскарбоши қилиб, жангга олиб чиқиш тўғри бўлмаган амал деб ҳисобладилар ва бу фикрни ҳаммага эълон қилдилар. Бу фикрни қолган асҳоблар ҳам маъқулладилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу мусулмонларни, асҳобларни, машваратларини маслаҳатга чақирдилар. Мадинаи Мунавварадан ҳазрати Али розияллоҳу анҳуҳам чақиртирилдилар. Уларнинг барчалари маслаҳатлашиб, бу фикрни маъқуллаб, бир тўхтамга келишди: “Умар ибн Хаттоб Мадинага қайтадилар“. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуҳам охири асҳобларнинг раъйларига рози бўлдилар, форслар билан бўладиган жангга эса бошқа бир инсон аскарбоши этиб тайинланадиган бўлди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Унда кимни Ироққа, форслар билан бўладиган жангга аскарбоши қилиб юборасизлар?” деб сўрадилар. Асҳоблар кимни танлаш борасида фикр қилиб, бир зум тин олдилар. Сўнг Абдураҳмон ибн Авф: “Мен топдим бу вазифага лойиқ инсонни” дедилар. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳусўрадилар: “Ким экан бу инсон?“ Абдураҳмон ибн Авф жавоб бердилар: “Бу вазифага лойиқ инсон ўзининг чангали билан асад бўлган, барча жангларда синовдан ўтган тенги йўқ кимса Саъд ибн Абу Ваққосдир”. Қолган барча кишилар ҳам бу танловни қўллаб-қувватладилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Саъд ибн Ваққосни Ироққа кетаётган қўшинга, аскарларга волий этиб тайинладилар. 

Бу зот ким эди? Бу зот шундай эдиларки, улар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келган вақтларида у кишини Пайғамбаримиз “Марҳабо” деб кутиб олар эдилар ва у киши борасида шундай деган эдилар: “Бу Саъд менинг тоғамдир. Кимни менинг тоғам Саъддек тоғаси бор?! Кимнинг Саъддек тоғаси бўлса, кўрсатсин!” Бу кишининг боболари Уҳайб ибн Манноф, Саййида Омина онамизнинг амакилари бўладилар. Ўша кезларда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу исломга кирган эдилар. Улар ўн етти ёшларида исломни қабул қилиб, иймонга келганлар. Бу зотнинг исломлари жуда эрта бўлган эди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўзлари ҳақида шундай дер эдилар: “Бу кунда, яъни мен мусулмон бўлган пайтим исломнинг учинчи кишиси эдим“.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қабилаларига яккаю ёлғиз бўлган Аллоҳ таоло тўғрисида даъват қила бошлаган вақтларида, исломнинг энг аввалги лаҳзаларида, энг аввалги соатлари, аввалги кунларида, инсониятга янги дин хушхабарини олиб келаётган пайтларида Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу муборак қўлларини Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга байъат бериш учун, улар олиб келган динга иймон келтириш мақсадида чўзган эдилар. 

Энди бир қанча тарих китоблари, сийрат китобларида, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг исломлари билан уларнинг қўлларида мусулмон бўлган эдилар дейилади. Юқорида баъзи китоблардаги “Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу сабаб исломга кирган эдилар“ деган гап бу кишининг аввал мўмин-мусулмон бўлган эканликлари, уни ҳаммадан сир тутганликлари, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қаноатлантиришлари билан у зотнинг қўлларида иймонга келган бошқа инсонлар мусулмон бўлганликларини хабарини беришганда, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳам исломга кирганликларини эълон қилган бўлишлари мумкин, аммо улар дастлабки исломни қабул қилган зотлар ичида учинчи бўлган инсон ҳисобланадилар. Кўпгина ривоятлар ҳам бунга далолат қилади.

Бундан ташқари, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг жуда кўп улуғликлари бўлган. Бу билан у зот қанча фахрлансалар, шунча арзийди. Лекин у зот шунча улуғликлари, гўзал фазилатлари бўлишига қарамасдан, уларни кўп ҳам гапирмас эдилар. Фақатгина улардан иккитасини фахрланиб айтар эдилар. Биринчиси, у зот Аллоҳ йўлида душманларига биринчи ўқ узган инсон ҳисобланадилар. Ҳамда энг биринчи душманларнинг ўқи теккан киши ҳам бу зот бўлган эдилар. 

Иккинчиси эса, бутун асҳоби икромларнинг ичида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ота-оналарини фидо қилган ягона шахс эдилар. Яъни Уҳуд жангида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққосга шундай деган эдилар: “Отинг ўқларингизни душманларга, эй Саъд! Ота-онам сизга фидо бўлсин!” Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотдан бошқа бирор кишига "Ота-онам сизга фидо бўлсин!" демаганлар. Ёлғиз Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга шундай марҳамат қилган эдилар. 

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуҳам фақат шу икки фазилатлари билан фахрланиб гапириб, Аллоҳ таолога шу икки неъмат шукрини қилардилар: "Аллоҳга қасамки, мен арабларнинг ичида душманга биринчи ўқ отган кимсаман". Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуҳам бу борада: "Мен Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор кишига ота-оналарини фидо қилганларини эшитмадим. Лекин Уҳуд куни Саъд ибн Абу Ваққосга шундай деганларининг гувоҳи бўлдим" деган эдилар.  

(давоми бор)  (1-қисм) (2-қисм) (3-қисм) (4-қисм) (5-қисм) (6-қисм) (7-қисм) (8-қисм) (9-қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм)

Azon.TV’ орқали эфирга узатиладиган “Йўлчи юлдузлар” номли кўрсатув асосида Диёра Эргашева тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Йўлчи юлдузларга эргашиб... (18-қисм)

478 20:10 30.11.2020

Йўлчи юлдузларга эргашиб... (16-қисм)

620 22:18 23.11.2020

Йўлчи юлдузларга эргашиб... (15-қисм)

784 22:30 20.11.2020
« Орқага