Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Йўлчи юлдузларга эргашиб... (15-қисм)

460

Билолхон домла ҳафизаҳуллоҳнинг нурли суҳбатларидан...

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу 

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни умрларининг охирги йилларида адо қилган машҳур Вадо ҳажлари бор. Бу ҳажда Саъд ибн Aбу Ваққос розияллоҳу анҳуга касаллик етган эди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кўришга бордилар. Саъд ибн Aбу Ваққос розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, менинг қанча молу давлатим бор. Aгар мен вафот этадиган бўлсам, орқамдан қоладиган яккаю ягона меросхўрим – қизим бор, холос. Шу молу давлатимни учдан икки қисмини садақа қилиб юборсам бўладими?“ деб сўрадилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам уларга “Йўқ” деб жавоб бердилар. Саъд ибн Aбу Ваққос розияллоҳу анҳу яна сўрадилар: “Унда ярмини садақа қилсам бўладими?“. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам яна “Йўқ” дедилар. Саъд ибн Aбу Ваққос розияллоҳу анҳу: “У ҳолда учдан бирини садақа қилишим мумкинми? “ деб сўрадилар. 

Бу сафар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳа” деб жавоб бердилар. Кейин эса “Учдан бири ҳам кўп” дедилар ва Саъд ибн Aбу Ваққос розияллоҳу анҳуга қуйидаги ҳадисни айтдилар: “Aлбатта, сиз эй Саъд, ўзингиздан кейин бор молу давлатингизни садақа қилиб, меросхўрларингизни камбағал ҳолатда ташлаб кетиб, фарзандларингиз эса тиланчилик қилиб юрганларидан, уларни бой ҳолатда қолдириб кетганингиз яхшидур. Молу давлатингизни учдан бирини садақа қилиб, қолган қисмини меросхўрларингизга қолдириб, уларни бой ҳолатда қолдирсангиз, ўша энг маъқулидир”.  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтдиларки: “Эй Саъд, сиз Aллоҳ жалла ва аълонинг розилигини талаб қилиб эҳсон, садақотларни қилсангиз, албатта, бунинг ажрини оласиз. Ҳаттоки, аёлингизни оғзига бераётган бир луқмага ҳам ажр оласиз”. 

Саъд ибн Aбу Ваққос розияллоҳу анҳу бу касалликдан соғайиб кетдилар, меросхўр сифатида биргина қизлари қолмади, балки бир қанча ўғил фарзандлар билан ризқландилар. Aллоҳ жалла ва аъло у кишига ўгил фарзандлар ҳам ато этди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларими ёки Aллоҳ таолонинг уларга берган хабарими, Саъд ибн Aбу Ваққос розияллоҳу анҳу молу давлатларини ярмини, учдан икки қисмини, керак бўлса ҳаммасини садақа қилиб юбормоқчи бўлганларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қайтардилар. Тақдири илоҳийга келажакда уларнинг молу давлатларига меросхўр бўлиб қоладиган бир қанча ўғил фарзандлар ҳам битилган экан. Келажакда Саъд ибн Aбу Ваққос розияллоҳу анҳунинг ўғиллари уларнинг бойликларига меросхўр бўлиб қолишди. 

Саъд ибн Aбу Ваққос розияллоҳу анҳу Aллоҳ жалла ва аълога бўлган қўрқувдан жуда кўп йиғлайдиган зот эдилар. Хусусан, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоби икромларга ваъз қилган, хутба қилган пайтларида Саъд ибн Aбу Ваққос розияллоҳу анҳунинг икки муборак кўзларидан доим ёш оқиб турарди. Кўзларидан оққан ёшлари кўкракларини хўл қилиб юборар эди. Саъд ибн Aбу Ваққос розияллоҳу анҳу яна шундай зот эдиларки, Aллоҳ жалла ва аъло томонидан уларга тавфиқ ва қабул неъмати берилган эди. 

Кунлардан бир кун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоби киромлар билан ўтирган эдилар. У зот муборак кўзларини уфққа қаратдилар. Гўёки бир пичирлаган товушни эшитмоқчи бўлган одамдек ўтирдилар. Сўнгра у зот асҳобларининг юзларига қарадилар ва: “Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бўлган бир инсон келади” дедилар. Aсҳоби киромлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай башоратни эшитганларидан сўнг ён-атрофга қарай бошладилар. Бироз вақт ўтгандан сўнг, асҳоби киромларнинг олдиларига Саъд ибн Aбу Ваққос розияллоҳу анҳу келдилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан Саъд ибн Aбу Ваққос розияллоҳу анҳунинг аҳли жаннат эканликлари борасидаги берган башоратлари шу эди.

Саъд ибн Aбу Ваққос розияллоҳу анҳуга бўлаётган мақому мартабалар, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларидан кейин бир куни Aбдуллоҳ ибн Aмр ибн Ос розияллоҳу анҳу у зотдан: “Эй Саъд, сиз қандай ибодат, қандай амаллар қиласизки, шунчалик Aллоҳ таолодан қудрат топяпсиз, жаннат аҳлларидан бўлдингиз? Қандай ҳеч ким билмайдиган амалларни қилдингизки, бундай даражага етишдингиз. Менга ҳам шуни хабарини берсангиз, мен ҳам уларни қилсам...” деб қаттиқ ёлвориб сўрадилар. 

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга шундай жавоб бердилар: “Эй Абдуллоҳ, менинг қолган асҳоблардан ортиқча ёки кўпроқ қиладиган амалим, уларнинг қиладиган ибодатларидан кўпроқ қиладиган ибодатим йўқ. Лекин менда бир хислат борки, мен ундан ҳеч ажрамайман. Мен мўмин-мусулмонлардан ҳеч бирига ёмонликни раво кўрмайман. Уларнинг бирортасига нисбатан қалбимда гина, адоват йўқ. Тамоми мўмин-мусулмонга менинг қалбим холис, самимий”

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу салафларнинг салафи, мана шундай қалби мусаффо, пок, самимий бўлган зот эдилар. Агар ҳар биримиз ҳақиқий салафларнинг йўлидан юрамиз, дейдиган бўлсак, ер юзидаги мўмин-мусулмонларга гина, адоват, ёмонлик, на тилимиз ва на қўлимиздан озор беришликдан қайтишимиз лозим. Бундан ҳазар қилишимиз, мўмин-мусулмонларнинг орасига адоват соладиган ҳар қандай фитналардан сақланишимиз керак. Бу ҳақиқий салафларнинг йўллари ҳисобланади. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу шу ҳислатлари ҳамда соф, самимий, мусаффо қалб билан мана шундай мақому мартабага, ёруғ дунёнинг ўзида жаннатий бўлишлик бахтига эришганлар. 

Биз Аллоҳ жалла ва аълога яқинлашиш, ҳурмат ҳосил қилиш ҳамда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий, содиқ уммат бўлиш йўлларини мана шундай ҳислатлар билан, мана шундай соф, самимий қалб билан Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу каби зотларнинг қилган амалларию хислатларидан ахтаришимиз, ўрганишимиз зарур. Бу зотларнинг ҳаёти, қилган амаллари ҳар бир мўмин-мусулмон банда учун ибрат бўлиши лозим. 

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу шундай зот эдиларки, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу томонидан “Асад” сифати билан таърифланган, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу томонидан жангга аскарбоши этиб тайинланган эдилар. Улар дуолари ижобат бўладиган зот эдилар. Қайси бир жангда Аллоҳ таолодан ғалаба сўрасалар, албатта, ғалаба қозонардилар. У киши луқмалари ҳалол, феъллари пок, мусаффо қалб эгаси бўлган зот эдилар. Шу сабабдан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳал қилувчи Қодисия жангида аскарбоши вазифасига айнан уларни муносиб кўрган эдилар.

(давоми бор)  

(1-қисм) (2-қисм) (3-қисм) (4-қисм) (5-қисм) (6-қисм) (7-қисм) (8-қисм) (9-қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм)

Azon.TV’ орқали эфирга узатиладиган “Йўлчи юлдузлар” номли кўрсатув асосида Диёра Эргашева тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Россия НАТО учун асосий таҳдидга айланади”

70 09:15 03.12.2020

Аллоҳнинг севгисини қозониш учун

87 09:05 03.12.2020

Эрон: “Фахризоданинг қотиллари аниқланди”

423 08:47 03.12.2020

Сингапурликлар сунъий товуқ гўшти ейдиган бўлди

851 21:05 02.12.2020

Ҳалол луқма (ҳаётий қисса, охирги қисм)

783 20:20 02.12.2020

Британияда коронавирусга қарши вакцинадан фойдаланишга рухсат берилди

123 20:05 02.12.2020
« Орқага