Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

«Йўлчи юлдузларга эргашиб...» (бешинчи қисм)

381

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу қиссалари 

...Отамнинг ҳузурига қайтгач, уларга дедим: “Мен насронийлар ибодатхонаси ёнидан ўтиб, уларнинг ибодатларини кузатдим. Қилаётган ибодатлари мени ажаблантирди. Мен билдимки, уларнинг дини бизникидан афзал экан”. Отам бу сўзларни эшитгандан сўнг, у билан тортишиб қолдик. Мен эса сўзимда қаттиқ туриб олдим. Отамнинг жаҳли чиқиб, оёқ-қўлимни боғлаб қўйди. Қулай фурсат топиб, ибодатхонага одам юбориб, динни қабул қилганимни билдирдим. Шомдан бир карвон келса, маълум қилишларини илтимос қилдим. Кўп ўтмай хабар келди. Мен кишанларни бўшатиб, отамга билдирмай карвон билан бирга Шомга жўнадим. 

Манзилга етгач, улардан энг яхши олимларини сўрадим. Улар кўрсатишди. Ўша одамнинг ҳузурига бордим. Сўнгра дин таълимини ўрганиш учун у билан бирга қолиб, сидқидилдан хизматини қилишига ундан изн сўрадим. У рози бўлди. Ундан таълим олдим, динини ўргандим.  Аммо тез кунда унинг ёмон диндор эканлигини маълум бўлди. У муҳтожларга тарқатиш учун садоқотлар йиғиб, ҳеч кимга бермай, яшириб қўяр эди. У вафот этди. 

Ўрнига бошқа диндор тайинланди. Мен ундан кўра ўз динига кучли амал қиладиган охиратга рағбати кучли, дунёдан юз ўгирган, ибодатга одатланган инсонни кўрмадим. Уни ёқтириб қолдим. Ўлим соати яқинлашганида, сўрадим: «Менга нимани буюрасиз, кимдан таълим олишимни тавсия этасиз?» У: «Мен инсонлар ичида бизнинг динимизга амал қилувчилардан Мосул шаҳридаги инсонга ўхшашини билмайман. Унинг ҳузурига бор», деди.

Ўша кишининг ҳам хизматларини қилдим, унинг ҳам вақти соати етганда Нисбийин шаҳрида яшовчи обиднинг ёнига боришимни таклиф қилди. Аллоҳ ирода  қилганча у билан бўлдим. Унинг вафоти яқинлашгач, менга Рум шаҳарларидан бири бўлган Амурияда яшовчи солиҳ кишининг ҳузурига боришимни тавсия қилди. Ўша солиҳ инсоннинг ёнига бориб, унинг хизматини қила бошладим. У ерда ишлаб, меҳнат қилиб, бир қанча қўй ва молларга эга бўлдим. 

У зотга ҳам ўлим соати яқинлашгач, ундан: «Кимнинг ҳузурига боришимни васият қиласиз?» – деб сўрадим. У деди: «Эй ўғлим, динимизга амал қилувчи бирор бир солиҳ кишини билмайман. Аммо Иброҳим алайҳиссалом дини билан юбориладиган пайғамбарнинг замони яқин. У ўз юртини ташлаб, хурмозорлари кўп бўлган юртга ҳижрат қилишга мажбур бўлади. Агар имконинг бўлса, унинг олдига боргин. Уни ҳеч кимдан маҳфий бўлмаган аломатлари бор. У садақа емайди, ҳадяни қабул қилади. Икки елкасининг ўртасида пайғамбарлик муҳри бор. Мана шу аломатлари орқали уни таниб оласан».

Кунлардан бир куни мени ёнимдан бир карвон ўтиб қолди. Уларнинг қайси юртдан эканликларини сўрасам, улар араб жазирасидан эканликларини айтишди. Мен: «Мана бу қўйларим эвазига мени ўзларингиз билан юртингизга олиб кетасизми?» – деб сўрадим. Улар рози бўлишди. Улар мени «Водул қуро» деган жойгача бирга олиб келганларидан сўнг менга хиёнат қилишди ва қул сифатида бир яҳудийга сотиб юборишди. Ўша яҳудий мени ўзи билан олиб кетди. Қарасам, унинг юрти хурмозорларга бой экан.  Mенга васф қилинган юрт бўлса керак деб хаёл қилдим. Аммо ундай бўлиб чиқмади. Ўша яҳудий билан, то унинг Бану қурайзалик яҳудий таниши келиб, мени ундан сотиб олмагунича бирга бўлдим. 

Бану қурайзалик яҳудий мени ўзи билан Мадина шаҳрига олиб кетди. Аллоҳга қасамки, бу шаҳарни кўришим билан, менга васф қилинган шаҳар Пайғамбар ҳижрат қиладиган шаҳар мана шу эканига ишонч ҳосил қилдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом Мадинага ҳижрат қилаётиб, Қубо қишлоғидаги Бану Амр ибн Авф қабиласининг ҳузурига тушгунларига қадар, мен Бану Қурайза яҳудийларининг хурмозорларида меҳнат қилдим. Бир куни мен хурмо дарахтининг тепасида ишлаётган эдим. Дарахт остида эса, хўжайиним дам олиб ўтирар эди. Яҳудийлардан бир киши келиб: «Бану Қайлани (арабларнинг Авс ва Ҳазраж қабиласи) Аллоҳ ҳалок қилсин. Маккадан келаётган кишини пайғамбар деб ўйлаб, уни қаршилаш учун кетяптилар», – деди.

Аллоҳга қасамки, бу сўзни эшитибоқ, мени титроқ босди, ҳатто сал қолса, дарахтдан қулаб тушай дедим. Сўнгра тезда дарахтдан тушиб: «Нима дединг, қандай хабар?» – деб сўрадим. Хўжайинимнинг жаҳли чиқиб, юзимга тарсаки тушириб, деди: «Сени нима ишинг бор? Жўна, ишингни қилавер». 

Кеч тушгач, ўзим тўплаб қўйган хурмоларни олиб, Қубога Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордим. У зотнинг ҳузурларига кирдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча саҳобалар билан ўтирган эдилар. Мен Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга: «Албатта, сизлар мусофир ва ҳожатманд экансизлар, садақа учун йиғиб қўйган бир қанча таомим бор. Сизлар шу таомга энг кўпроқ ҳақли эканингиз учун, уни сизларга келтирдим» – дедим. 

Сўнгра хурмоларни уларга бердим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига: «Бисмиллоҳни айтиб енглар» – деб, ўзлари емадилар. Мен ўзимга-ўзим: «Аллоҳга қасамки, бу биринчи аломат, у зот садақа емайдилар!» – дедим. 

Эртаси куни яна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келдим. Қўлимда бироз таом бор эди. Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга: «Мен сизни садақа емаслигингизни кўрдим. Мана бу таомни Сизга ҳадя этиб, икром қилмоқчиман» - деб, қўлимдаги таомни узатдим. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига: «Бисмиллоҳни айтиб енглар» – деб, ўзлари ҳам улар билан бирга едилар. Мен ўз-ўзимга: «Аллоҳга қасам, бу иккинчи аломат. Албатта у зот ҳадяни қабул қиладилар!» дедим.

Сўнгра ортимга қайтиб, бир неча кундан кейин яна Расулуллоҳнинг ҳузурларига ташриф буюрдим. Қарасам, у зот жанозада асҳоблари билан иштирок этаётган эканлар. Жаноб Пайғамбаримиз елкаларига бир матони ташлаб олган эдилар. Мен у кишига салом бериб, пайғамбарлик муҳрларини кўриш учун ортларига ўтиб, бироз тикилдим. Жанобимиз мен нимани истаётганимни билиб, муборак елкаларидаги матони бироз туширдилар. Бирдан кўзим соҳибим васф қилган пайғамбарлик муҳрига тушди. 

Мен эгилиб, Жанобимизнинг муҳри нубувватларини ўпиб, қаттиқ йиғлаб юбордим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом бу ҳолатни кўргач, мени ёнларига ўтқазиб, мен ҳақимда сўрадилар. Мен сизларга сўзлаб берганларимни у зотга ҳам сўзма-сўз ҳикоя қилиб бердим. Сўнгра иймон келтириб, мусулмон бўлдим. Қуллигим туфайли Бадр ва Уҳуд жангларида иштирок эта олмадим.

Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом менга дедилар: “Хўжайининг билан «мукотаба» (муайян ҳақ эвазига ўзини озод қилиш учун, қул ҳўжайини билан тузадиган шартнома) қилгин, токи сени озод этсин”.

Мен хўжайиним билан «мукотаба»га келишдим. Жаноб Пайғамбаримиз асҳобларини менга ёрдам беришга амр этдилар. Мени Аллоҳ таоло қулликдан озод этди. Сўнгра мен озод мусулмон бўлиб яшай бошладим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳандақ ва бошқа жангларда иштирок этдим”.

Мана шу ажойиб ва мазмунли сўзлар орқали, Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ўзининг Аллоҳга етишиш, ҳақ йўлни топиш йўлидаги ҳаётларини гапириб бердилар.

(давоми бор) (биринчи қисм) (иккинчи қисм) (учинчи қисм) (тўртинчи қисм)

Малика Йўлдошева тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркияда коронавирусни 1 дақиқада йўқ қиладиган спрей ишлаб чиқилди

464 20:00 27.01.2021

Ҳадис илми: Имом саҳобаларни хабарга хилоф қилиши

101 19:30 27.01.2021

ЙПХ ходими бошқарган “Зил” ағдарилиб кетган

358 19:00 27.01.2021

Масофавий ва анъанавий таълим: ютуқлар, камчиликлар ва хулосалар

239 17:52 27.01.2021

Швейцарияда насронийлар камайиб, мусулмонлар кўпайяпти

992 16:44 27.01.2021

Ўзбекистонда кўнгиллилар коронавирусга қарши эмланмоқда

188 15:44 27.01.2021
« Орқага