Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

«Йўлчи юлдузларга эргашиб...» (биринчи қисм)

846

Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳнинг тафсирларида келтирилган ҳадиси шарифда: «Албатта, саҳобаларим йўлчи юлдуз кабидирлар, бас, уларнинг қайси бирига эргашсангиз ҳам ҳидоят йўлини топасиз» деб марҳамат қилинган.

Ислом йўлида моли ва жони ила жидду жаҳд қилган, Набий алайҳиссалом ёнларида юриб, динга қувват бўлган саҳоба розияллоҳу анҳум ажмаъийнларнинг ҳаёт йўлларини ўрганиш, улардан ибрат олиш, улар каби комил инсон бўлиш йўлидаги дастлабки қадамдир.

Замонамизнинг таниқли уламоси Билолхон домла Баҳодирхон ўғли ҳафизаҳуллоҳнинг навбатдаги суҳбатлари айнан саҳобаларнинг нурли йўллари, ибратли ҳаётлари ҳақида бўлади.

Мусъаб ибн Умайр

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсониятнинг афзали, барча пайғамбарларнинг саййиди, инсоният ичида бетакрори, бемисли бўлган. Инсон сифатида бутун башариятнинг фахри, икки оламнинг сарвари бўлган зот эканликлари барчамизга маълум. Аллоҳ таоло бизни инсон қилиб яратиб, ҳамма нарсадан олдин ўзини танитиб, иймон берган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлишдек неъматни ато қилган зотдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғликлари, бутун борлиқ улардан манфаатдор эканлиги, Аллоҳ таоло уларни бутун оламларга раҳмат қилиб юборганлигини ўзининг каломида баён қилган. Парвардигор у зотни пайғамбарларнинг ичида энг афзали қилиб яратган. У зотнинг ҳаётлик даврларида уларга рўбарў келган, уларнинг ёнларида исломни қабул қилган, иймон саодатига эришган, у зотга ҳамсуҳбат бўлиш бахтига кўплаб саҳобалар муяссар бўлган. Саҳобалар у зотдан Аллоҳнинг каломини ўргандилар. Бу саҳобайи киромларнинг мартабаларига ҳеч ким ета олмайди. Албатта, Аллоҳ таоло уларни бу мақомга лойиқ кўргани бежиз эмас ва шунга муносиб зотлар бўлишган. 

Тарих китобларида асҳоби киромларнинг сийратлари тасниф қилинган. Уларнинг ҳар бирлари динни етказишда алоҳида ўринга эга. Инсониятга Аллоҳ таолонинг неъмати бўлган ислом динини етказишда уларнинг ҳар бирининг улкан ҳиссаси бор. Шу боисдан уларнинг сийратлари, хулқ-атворлари, ислом йўлида қилган хизматлари ҳақида баён қилинган китоблар ҳам мавжуд. Булардан бизнинг замондошимиз, сийратшунос олимлардан бири бўлган Холид Муҳаммад Холиднинг ёзган китоби бўлиб, унда аҳли илмларимизга маълум бўлган, Пайғамбаримиз атрофларидаги ҳақиқий саҳобалар тарихи ҳақида намуна қилиб, олтмиш нафар саҳобаларнинг ҳар бирларининг ҳаёти ҳақида баён қилинган. Оламларга раҳмат этиб юборилган Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлган ва улар билан бирга яшаган саодат асри, энг бахтиёр бўлган аср деб ҳам аталади. То қиёматгача Аллоҳ таоло уларнинг ажойиб ислом жамияти эканлигини намоён қилиб қўйди. Биз ҳам то қиёматгача ўша жамиятда яшаган зотларга тақлид қиламиз ва уларга эргашамиз. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан динни, исломи ўргандилар, ҳаётларига тадбиқ қилдилар ва икки дунё саодатига эришдилар. 

“Ана шундай саҳобалардан бири, Макканинг қурайш аҳлидан бўлган Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳудир",- деб бошлаган мусанниф. 

Мусъаб ибн Умайр бой ота-оналарининг эрка фарзанди бўлганлар. Бу зот исломга келдилар, мусулмон бўлдилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларини қозондилар, мақом-у мартабаларга эришдилар, гўзал ҳаёт кечириб, ёруғ дунёдан Аллоҳнинг ҳузурига иймон билан, бахт-у саодат билан бордилар. 

Бу зотни мусанниф “Исломнинг энг аввалги элчиси", деб номлаган. Бундай бўлишига сабаб, ҳаж мавсуми пайтида бир гуруҳ мадиналиклар Исломни қабул қиладилар ва бу орада биринчи Ақаба байъати бўлиб ўтади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан улар ислом динини ўргатиш учун устоз сўрашади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масъулиятли вазифани Мусъаб ибн Умайрга топширдилар. Энди Мусъаб мадиналикларга намоз ўқишни ўргатишлари, Қуръондан таълим беришлари ва одамларни Исломга чорлашлари керак эди. Мусъаб ибн Умайрнинг яна бир номлари бўлиб, барча мусулмонлар у кишини “Мусъабул хайр", яъни “Яхши Мусъаб" деб ҳам аталганлар.

Мусанниф айтадики: “Қандайин чиройлики, китобимни шу зотнинг зикрлари билан бошласам. Мусъаб Қурайш йигитларининг энг кўзга кўринган, энг навқирони бўлган эдилар". Тарихчи ва ровийлар уларни васф қилганидек: ”Макка аҳлининг энг муаттари, чиройли кийиниб, ўзларига қараб, хушбўй атирлар сепиб юрадиган йигитларидан бўлганлар".

Мусъаб ибн Умайр бадавлат хонадонда дунёга келдилар. Тўқчилик ва фаровонлик каби неъматлар ичида ўсиб улғайдилар. Эҳтимол, Макка ёшларининг орасида ота-оналари тарафидан энг кўп эркалатилган бола Мусъаб ибн Умайр бўлса, ажаб эмас.  У ниҳоятда ёқимли, гўзал йигит бўлганликлари учун Макка аҳлининг кўпгина мажлислари улар ҳақида борар, ҳаммага маъқул келадиган, ҳаммага ёқадиган, суратлари-ю сийратлари бўлган ажойиб инсон  эдилар. Тўкин-сочинликда яшаб, ҳеч бир нарсадан камчилик кўрмай ўсган инсон, кейинчалик иймон соҳибига ва ҳақиқат бўлган афсонага айландилар.  Кунлардан бир куни у зот, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тўғриларида, Пайғамбаримизга эргашган мусулмонлар ҳақида, Макка мушрикларининг тазйиқидан узоқроқ бўлиш учун Сафо тоғининг тепасида Ақрам ибн Абу Арқамнинг ҳовлисида мусулмонларнинг тўпланишлари ҳақида эшитишлари биланоқ, иккиланмасдан ўша жойга ошиқдилар. Ҳовлида Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асхобларига дин таълимини берар, уларга Қуръон оятларидан тиловат қилиб берар ва улар билан бирга буюк Аллоҳга ибодат қилиб, намоз ўқир эдилар. У ерга бориб қарасаларки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларидан оят-у калималар қайнаб чиқар, муборак икки лаблари ила ўқир эдилар. Саҳобаларнинг қалбларидан бу гўзал оятлар жой олар эди. Ҳаттоки, ўша лаҳзада Мусъаб ибн Умайрнинг қалблари қандайдир бошқача қалбга айланар, ўзларини гўё ҳавода учаётгандек ҳис қилар эдилар. Ҳар хил ҳислар оғушида эканликларида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини узатдилар ва шу онда Мусъаб ибн Умайрда қандайдир сакинат, ором ва вазминлик пайдо бўлди. Мусъабнинг саййидимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга рўбарў бўлиш ҳолатлари шу зайлда кечган эди. Шу билан у зотнинг исломлари бошланди. 

Мусъаб ибн Умайрнинг оналари Ҳунос бинти Молик қаттиқ феъл-атворга эга аёл эди. Мусъаб розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлганликлари ҳақида оналарига хабар етиб борди. Оналари Ислом динига душманлик назари билан қарар ва шунинг учун фарзандини ҳар хил қийноқларга дучор қилди. Ҳаттоки, бир куни Мусъабни боғлаб ҳеч қаерга чиқармасликка жазм қилди. Бу каби қийноқлар Мусъаб розияллоҳу анҳунинг иймонларини заррача ҳам камайтирмади. Шундай пайтда Расулуллоҳнинг буйруқлари билан баъзи мусулмонлар Ҳабашистонга ҳижрат қилиб кетаётган эдилар. Мусъаб розияллоҳу анҳу ҳам Ҳабашистонга ҳижрат қилиб кетдилар. У ерда бир оз яшаганларидан сўнг, яна Маккага қайтиб келдилар. Ҳали-ҳамон оналари куфрда бўлса, Мусъаб эса аксинча, қалблари иймон нури билан тўлаётган эди. Ҳидоят Аллоҳдан. Аллоҳ таоло кофирни мусулмон, мусулмонни эса кофирга айлантирадиган, ўликдан тирик, тирикдан ўлик чиқарадиган зотдир.  

Охир-оқибат она-боланинг ўртасига совуқчилик тушди. Мусъаб онасининг олдига яқинроқ келиб: “Эй онажон, мен сизга насиҳатгўй ва меҳрибондирман. Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур расулуллаҳ, деб гувоҳлик беринг”, дедилар. Оналари эса ғазабланган ҳолда: ”Бутларга қасамки, сенинг динингга кирмайман, акс ҳолда одамлар ақлимни заиф санаб, бошқа динга ўтибди дейишларига сабабчи бўламан", деб жавоб қилди. Мусъаб розияллоҳу анҳу тўкин-сочин неъматлар билан тўла бўлган ҳаётдан фақирлик ва муҳтожликка тўла ҳаётни ихтиёр қилдилар. Ҳаттоки бир куни Мусъаб розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг олдига борганларида, улар Мусъабни кўриб кўзларига ёш олишди. Бунга у зотнинг шундай тўкин-сочин ҳаётдан воз кечиб, фақирликда, қашшоқликда яшай бошлаганликлари, бунинг устига ямоқ кийимлар кийишлари сабаб бўлган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусъабни буюк бир вазифа учун танладилар. Бу ҳам бўлса юқорида айтиб  ўтилган, йаъни Мадинаи Мунавварага элчи қилиб юборилганликлари эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда бир неча йил ўтиб ҳижрат қиладиган жойларига эди. То қиёматгача Ислом динининг маркази, пайтахти бўладиган жойга биринчи  бўлиб бориш бахти Мусъаб розияллоҳу анҳуга насиб қилди. У ердаги ансорийларга динни, Қуръонни ўргатиш билан чекланмай, балки Исломни қабул қилмаганларни динга даъват этиш ва Мадинани Расулуллоҳнинг буюк ташрифларига тайёрлаш каби ишларни амалга оширган буюк шахс эдилар.Расулуллоҳ асхобалари орасида Мусъабдан ёш жиҳатдан улуғроқ, обрў жиҳатдан юксакроқ, қариндошлик жиҳатидан яқинроқ кишилар кўпчиликни ташкил қилар эди. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мусъаб ибн Умайрга ушбу вазифани юкладилар. Мусъаб розияллоҳу анҳу эса Буюк яратувчи инъом қилган ақлига таяниб, Аллоҳдан мадад сўраган ҳолда бу ишни ўз зиммаларига олдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусъабни Мадинага юбораётган пайтларида мадиналик мусулмонлар ўн икки кишидан иборат эди, холос. Лекин бир неча ой ўтмай, Расулуллоҳга иймон келтирган  мусулмонларнинг сони тобора орта бошлади. Келаси йилги ҳаж мавсумида Мадинадан етмиш кишидан иборат бўлган мусулмонлар гуруҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашиш учун жўнадилар. 

Мусъаб разияллоҳу анҳу ўзларининг мардликлари, ақл ва заковатлари билан Расулуллоҳнинг элчи қилиб юборганликларини, қанчалик ҳақ эканларини исбот этдилар. Мусъаб ўзларининг вазифаларини англар эдилар. Шу сабабдан Аллоҳнинг динига чақирувчи, инсонларни ҳидоятга, тўғри йўлга чорловчи ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам каби динни етказувчи эканликларини яхши билар эдилар.  Аллоҳнинг элчиси Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динини етказувчи элчи бўлсалар, Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу эса  пайғамбаримизнинг элчиси ўлароқ Мадина аҳлига Аллоҳнинг динини етказувчи шахс бўлганлар.

Бир куни Мадинада шундай воқеа бўлиб ўтди. Мусъаб розияллоҳу анҳу Асад ибн Зуроранинг хонадонига  меҳмон бўлганларида  Аллоҳнинг каломини тушунтирар, Аллоҳ якка-ю ягона илоҳ, бут-санамлар эса илоҳ эмаслиги, унга ибодат қилиш, ишониш ширк эканлиги ҳақида мулойимлик билан тушунтираётган пайтларида, Мадинанинг Бани Абадил Ашҳал қабиласининг саййиди Усайд ибн Хузайр қуролланган ҳолатда пайдо бўлиб, ғазаб ва нафратда Мусъаб томон яқинлашиб кела бошлади. Усайд ибн Хузайрнинг фикирича, қавмни ота-бобосининг динидан қайтариб, бут-санамларни тарк этишга чақириб, ҳеч ким билмаган, эшитмаган ягона Аллоҳга даъват этаётган Мусъаб розияллоҳу анҳуга ғазабланар эди. Бу ҳолатни кўрган  атрофларидаги мусулмонлар қаттиқ ваҳимага тушдилар. Лекин Мусъаб ибн Умайр ҳотиржам, гўзал бир сакинатда ўтиришда давом этдилар. Усайд ибн Хузайр ғазаб билан Мусъаб ва Асад ибн Зурорага хитоб қилиб: “Сенларни бизнинг маҳалламизга ким чақирди? Заифларимизни паст санаяпсанлар. Агар ҳаётдан кўз юмишни истамасаларинг, маҳаллани тезда тарк қилинглар",- деди.

Мусъаб разияллоҳу анҳу эса Усайд ибн Хузайрга чиройли табассум ва гўзал муомала билан  дедилар: “Биз билан бир оз ўтириб, сўзимизни тингласангиз. Агар бизни ишимизга рози бўлсангиз, уни қабул қиласиз. Агар рози  бўлмасангиз биз айтганингизни қиламиз”. Усайд тушунадиган, ақлли киши эди. Сўнгра Мусъаб розияллоҳу анҳуга қулоқ солишни маъқул кўрди.

Аслида Мусъаб у кишини қалбларига мурожаат қилаяптилар, бироз тинглашга чорлаяптилар холос, ўзга нарсага эмас. Усайднинг қўпол муомаласига гўзал хулқ-атворлари билан жавоб қайтардилар. Усайд: “ Ҳақ сўзладинг",- деди. Сўнгра қиличини қинига солиб, эшитиш учун Мусъабнинг ёнларига ўтирди. Мусъаб розияллоҳу анҳу унга бироз Қуръон тиловат қилиб, Муҳаммад алайҳиссалом келтирган даъватни шархлашлари биланоқ Усайднинг қалби нурлана бошланди. Мусъаб розияллоҳу анҳу сўзларини тугатмаслариданоқ Усайд ибн Хузайр: “Бу қандайин гўзал ва ҳақ сўз экан! Бу динга кирмоқчи бўлган киши нима қилиш керак?”-деди. Мусъаб розияллоҳу анҳу шундай жавоб бердилар: ”Кийимни ва баданни поклаб, сўнгра Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад алайҳиссалом унинг элчиси эканлигига гувоҳлик беради".

Усайд ибн Хузайр покланиш учун бироз фурсат кўздан ғойиб бўлиб, сочларидан сувлар томиб турган ҳолатда пайдо бўлди. Ўша заҳоти Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг элчиси эканлигига гувоҳлик бериб, Ислом динини қабул қилди. Бу хабар бутун Мадина қабилалари орасида бамисоли нурдек, ҳар тарафга тарқалди. Сўнгра Саъд ибн Муоз ҳам келиб, Мусъаб розияллоҳу анҳуни бироз тинглагач, калимаи шаҳодатни айтиб, мусулмонлар қаторидан жой олишди. Сўнга Саъд ибн Убода ҳам уларга эргашиб, иймон келтирдилар. Бу воқеа эса Мадина аҳлига келган ажойиб бир неъмат бўлди. Бу уч шахснинг Исломни қабул қилганликларини эшитган Мадина аҳли: “Агар Усайд ибн Хузайр, Саъд ибн Муоз ва Саъд ибн Убода каби улуғ зотлар иймон келтирган бўлсалар, биз нима учун улардан ортда қолишимиз керак? Юринглар, Мусъабни олдига бориб, иймон келтирамиз!”- деб айтишди.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи элчилари жуда катта муваффақиятларга эришдилар. Бутун Мадина аҳли иймон келтириб, Ислом динини қабул этишди. Кунлар кетидан кунлар, йиллар кетидан йиллар ўтаверди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари бирин-кетин Мадинага ҳижрат қила бошлашди.  Қурайш мушрикларининг мусулмонларга бўлга адовати янада кучайиб борар, ҳижрат қилмаган мусулмонларга эса зулм қилишни давом эттиришар эди. 

Ҳижратдан бироз вақт ўтгач Бадр ғазоти бўлиб ўтди. Бардрда Макка мушриклари жуда катта талофатга рўбарў бўлдилар ва мағлуб бўлганликлари учун ўч олишни хоҳлашар, интиқом алами тинч қўймас эди. Сўнгра яна Уҳуд жангида тўпланишди. Бу жангни ҳам мушриклар бошладиллар, мусулмонлар ҳам бу жангга ҳозирлик кўра бошладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жангдан олдин мусулмонларга юзланиб, байроқни кўтаришга муносиб саҳобани излар эдилар. Саҳобаларнинг орасидан Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни танладилар байроқни уларга тутқаздилар. 

Уҳуд уруши шу зайлда бошланди...

(давоми бор) (биринчи қисм) (иккинчи қисм) (учинчи қисм) (тўртинчи қисм)

Малика Йўлдошева тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркияда коронавирусни 1 дақиқада йўқ қиладиган спрей ишлаб чиқилди

447 20:00 27.01.2021

Ҳадис илми: Имом саҳобаларни хабарга хилоф қилиши

99 19:30 27.01.2021

ЙПХ ходими бошқарган “Зил” ағдарилиб кетган

348 19:00 27.01.2021

Масофавий ва анъанавий таълим: ютуқлар, камчиликлар ва хулосалар

233 17:52 27.01.2021

Швейцарияда насронийлар камайиб, мусулмонлар кўпайяпти

973 16:44 27.01.2021

Ўзбекистонда кўнгиллилар коронавирусга қарши эмланмоқда

181 15:44 27.01.2021
« Орқага