Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

«Йўлчи юлдузларга эргашиб...» (олтинчи қисм)

323

Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу

Муҳтарам азиз кузатувчилар, навбатдаги улуғ зот, умматнинг энг афзали, инсониятнинг ичида буюги бўлган, саҳоба-и икром розияллоҳу анҳулардан бири ҳақида суҳбатни давом эттирамиз.

Мусанниф у зотни “Ислом мўъжизаси“ дея таъриф берганлар. Кўплаб хавф-хатарларга, қийинчиликларга қарамай ҳақ йўлида, ҳақиқат йўлида Аллоҳнинг розилиги учун ҳар қандай қийинчиликларга чидаганлар. Ўзлари араб бўлмаган, Макка аҳлига эса ғариб, қул бўлган зот. Оналари ҳам қурайшнинг чўриси эдилар. Кўпчилигимиз англаганимиздек, бу зот Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳудирлар.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганларидек: “ Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу, бизнинг саййидимиз Билолни озод қилган эдилар“. Билол розияллоҳу анҳу ҳақиқатдан ҳам жуда ҳам улуғ зот эдилар. 

У кишининг суратларию сийратларига тўхталадиган бўлсак, ровийлар тарифлаганидек: «У зот асли ҳабаший, ҳабашистонлик эдилар. Юзлари қоп-қора, ориқдан келган, бўйлари узун, сочлари қалин, олд тишлари сал бўртиб чиққан».

Қачонки Билол розияллоҳу анҳу ўз шахсларига нисбатан мақтов бўлганда, эшитган пайтларида хижолат тортиб бошларини эгиб олар эдилар. Ҳаё қилганларидан кўзларини юмиб олар, кўзйишлари эса икки чаккаларига, юзларига оққан ҳолатида :“Мен бир ҳабашийман. Кечагина, мен Исломдан олдин қул эдим”, – дер эдилар. Улар шу даражада тавозеда бўлганларки, ҳаттоки мақтов эшитганларида хижолат тортганлар. 

Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу Исломнинг биринчи муаззини, санамларни безовта қилгувчи, иймон мўъжизаларидан бири бўлган зотдирлар. Бу зот Исломнинг мўъжизаларидан бири эдилар. Қандай бу зот Ислом мўъжизаси бўлганликларини ёритиб берамиз. 

Ислом дини ер юзига келганидан бери то бугунги кунимизга қадар ва бундан кейин ҳам давом этади. Асҳоби икромларнинг ичида бу зот бошқа саҳобаларга насиб қилмаган бир бахтга, бутун мусулмон танишлик мақомига эга бўлдилар. Бугунги кунда миллионлаб мўмин-мусулмонлар ҳазрати Билол розияллоҳу анҳуни танийдилар. У зотнинг исмларини ёддан биладилар. 

Бундан ташқари, саодат асрида ҳаётлари қандай бўлганлигини ҳам биладилар. Ислом ҳалифаларининг икки буюк шахси бўлган ҳазрати Абу Бакр ҳамда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуларни қандай таниган бўлсалар, Билол розияллоҳу анҳуни ҳам шундай танидилар. Ҳозирда ер юзидаги Миср, Сурия, Туркия, Осиё ва Европадаги мусулмон мамлакатларда яшайдиган болалардан «Билол розияллоҳу анҳу ким эдилар?» деб сўрасангиз, у бола: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинлари».- деб жавоб беради.   

Маккада қул бўлган Билолнинг хўжайинлари у зотни диндан қайтариш учун азоблар, чўғ каби қизиган тошлар билан инсон зоти чидай олмайдиган даражада қийнашар эди. Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу қийноқларга «Аҳад!... Аҳад!... Аҳад!...» деб жавоб қайтарар эдилар. У зот инсоният тарихида абадул-абад қолишлик бахтига муяссар бўлдиалр. Мана шундай хулқни у кишига Ислом берган. Буни кўрган пайтингизда шуни билингки, у зот Исломдан аввал қандай эдилар. Исломдан аввал оддийгина қул бўлиб, хожаларининг туяларини боқар эдилар. Бунинг эвазига эса бир неча ҳовуч ҳурмонигина олар эдилар. Агар Ислом бўлмаганида улар Макка ичида қурайшнинг қули бўлиб қолаверар эдилар. 

Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу даврларида, ундан олдин ва ундан кейин ҳам қанчадан-қанча қуллар хорликда, фақирликда, умуман ундан ном-нишон қолмай ўтиб кетган. Аллоҳ таоло у зотга мустаҳкам иймон ато этди. Исломнинг буюклари, улуғлари орасида баланд мартаба уларга ҳам насиб қилди. Уларнинг орасида олий мартабага, нуфузга, бойликка эга бўлган инсонларнинг  қанчадан-қанчаларига насиб қилмаган.

Келиб чиқишлари ҳабаший қул бўлган ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу эришган мартабанинг ҳаттоки бир қисмига ҳам бошқалар эриша олмадилар...

(давоми бор) 

(биринчи қисм) (иккинчи қисм) (учинчи қисм) (тўртинчи қисм) (бешинчи қисм) (олтинчи қисм)

Малика Йўлдошева тайёрлади

УЛАШИНГ:

« Орқага