Юқорини кўзлайсану, аммо мартабанг тушаверади...

19:05 07.08.2019 581

"Ўзинг Ҳақ эшигида бўлмай туриб халқни даъват қилсанг, бу даъватинг ўзингга машаққату бало бўлади. Ҳар уринишингда муваффақиятсизликка учрайверасан, юқорини кўзлайсану, аммо мартабанг тушаверади. Чунки сенда солиҳлар сийрати йўқ, улардан бехабарсан. Сен шу ҳолатингда лақмасан, қалбсиз тил, ички дунёси бўлмаган ташқи кўриниш, хилвати йўқ бўлган ошкораликсан, ҳужум қилолмайдиган, қуруқ югуриб юрувчи инсонсан. Сенинг қиличинг ёғочдан, ўқларинг кибрийтдандир (ўз қўлингда аланга олиб кетади). Сен шижоатсиз, қўрқоқсан. Кичик бир ўқ сени ўлдира олади. Оддий бурга сенинг қиёматингни қоим қилади".

Aбдулқодир Жийлоний

Aллоҳ йўлига чиққан ва у йўлга даъват қилмоқчи бўлган инсон доимо ўзини тафтиш қилиб туриши, ўзига танқидий назар солиб юриши керак. Aллоҳни таниш ва танитиш илм олиш ҳамда амал қилиш билан бўлади. Ҳаққа чақирувчининг ўзи, аввало, зоҳирида ҳам, ботинида ҳам ҳақ йўлда собит бўлиши лозим. Йўқса, одамлар унинг чиройли гапларига мафтун бўлишлари мумкин, насиҳатини ешитганда йиғлашлари, унга алломайи замон сифатида қарашлари мумкин, аммо унинг сўзлари қалбларни ислоҳ қилмайди ва тез орада ўзини ҳам шарманда қилади. У ўзининг қалб кирлигини яшириш учун зоҳирини яхши кўрсатишга уринади. Қалбнинг ўрнини тил эгаллайди, аммо қалбларни билувчи Зот унинг ишини тезда ошкор қилиб, ўзини шарманда қилади.

Даъват майдони сохтакорларнинг жойи емас. У майдонга шижоатли, қурол-яроғи ўткир мардлар тушади. Улардан бошқалар эса майдонда ўзини қўмондон кўрсатишга уринишадию, лекин илк ҳужумдаёқ бу майдондан ҳар хил сабабларни рўкач қилиб чекинадилар.

Aллоҳ таоло бизни иймони мустаҳкам муқарраб бандаларидан қилсин! Сохтакорликдан асрасин!

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!