Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Юрагини бўйсундиролмаётган аёл

2170

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм)

Мутолаа

Аёлларни аёллар ҳам эзади


– Хуллас, орамизда севги қолмади. Юрагим бўм-бўш эди. Энди эса умуман бошқача. Меҳрсизлик мени шу кўйга солди. 

– Севгингиз тугаганини қаердан биласиз? 

– Буни ҳамма нарса исботлайди. У менга: “Агар болалар бўлмаганида, сени бир соат ҳам ушлаб турмаган бўлардим”, дерди ҳар доим. Кенг дунёда ўзимни ёппа-ёлғиз ҳис қилардим. Бу бўшлиқ мени судрай-судрай, фалокат жари ёқасига олиб борди. 

Фазилат ўрнидан турди, у ёқ-бу ёққа юрди, сўнг деди: 

– Сизни тушунаман, синглим, лекин бу ишнинг мутлақо бир чораси бўлиши керак. Қалбингиздан бу севгини ўчириб ташлашни уддалашингиз шарт. Ҳозирча бироз узоқроққа кетинг. Аллоҳга илтижо қилинг. Лайлонинг ишқида ақлдан озган Мажнуннинг юраги қандай тузалган бўлса, сизники ҳам шундай тузалади. Сизга ёрдам беришга ҳаракат қиламан. 

– Хўп, қишлоққа кетаман. Балки уни кўрмасликда чора бордир. Буни синаб кўраман. 

– Тўғри қиласиз, синглим. Юрак иродани бошқармаслиги керак. Ирода қалбдан кўра кучлироқ. Ундан фойдалансангиз, қалбингизни йўлга сола биласиз. 

* * * 

Ҳабиба хоним билан Фазилат хоним бошқа меҳмонларни ҳам кузатгач, ҳар галгидек куннинг таҳлилига киришишди. Олдин Ҳабиба хоним ўз фикрларини билдирди:

– Мен шу пайтгача муаммосиз одамни кўрмаганман. Охирги йиллардаги кузатишларимга асосланиб шуни айтаман, муаммоларимизнинг юздан саксон фоизи ўзимиздан қочишимиз туфайли туғилади. Хос маданиятимиз йўқ. Ўзга халқлар маданияти билан яшаяпмиз. 

Ойшагул мулоҳазасини айтди: 

– “Қуёш чиқмасдан туриб нималар чиқади”, дейишади. Негадир бизнинг қуёшимиз чиқмасдан туриб ботди. 

Ҳабиба хоним жилмайиб котибага қаради: 

– Хўш, Ойшагул, сен “Кун туғмасдан нималар туғилмайди”, деган мақолни ҳеч ўйлаб кўрганмисан? 

– Ўйлашнинг ҳожат йўқ. Қуёш чиқишидан олдин кўп нарсалар содир бўлишини билдиряпти. 

– Хўш, қуёш чиқмаса нималарнинг туғилмаслигини-чи? 

– Йўқ. 

– У ҳолда мен сенга айтаман. Қуёш чиқмасдан олдин ҳамма нарса туғилади, лекин ёруғлик туғилмайди. Кундуз туғилмайди... Бизнинг кунимиз туғилмасдан туриб бу инсониятнинг куни туғилмайди, Ойшагул. Инсоният зулматга маҳкум бўлади. 

* * * 

Фазилатни ҳам бироз тинглагач, уюшмадан чиқишди... 

Яёв юргиси, қалб оламига қулоқ солгиси, руҳ оламини англаб етгиси келди Фазилатнинг. Кўчага чиққанида аввал оломонга қаради. Бунча одамлар оқими қаёққа кетмоқда, қаерга боради? Ажаб, улар нималарни ўйлашаркан? Бу саволига жавоб олмоқчидек ўтган-кетганга тикилар, юз ифодаларини ўрганарди. Шунда бирдан у ҳар доим аёлларнинг юз ифодасини ўрганаркан, эркакларга муаммоси йўқ деб қарашини тушуниб қолди. Нега бундайлигини англашга ҳаракат қилди. 

Эркаклар аёлларга ўхшамас эди. Уларнинг кўпчилиги ўз муаммосига бефарқдек кўриниш ҳақиқий эркакка хос деб ишонишади. Шу сабабли дардларини ҳеч кимга айтишолмайди. Қолаверса, аксарияти ҳар қанча ташвиши бўлмасин, гавжум жойларда аёлларга қарашдан ортиб, ўз дардини ўйлашга вақт тополмайди. 

Фазилат бир томондан шуларни ўйлар, бошқа томондан эса фикрларининг тўғри ёки хатолигини тарозига солишга уринарди. Ёки эркакларга туҳмат қиляптимикан? Бир муддат шу ҳақда ўйлади. У ҳеч кимга туҳмат қилишни хоҳламасди. Ёки янглишяптими? Лаз брокерларидан бирининг “Эркаклар ё пулни ёки аёлни ўйлашади”, деган сўзи нотўғри эдими? 

Ярим соат тинимсиз юрди. Ўзидан нима учун эркаклар ҳақида бундай бемаъни фикр юритаётганини сўради. Ёки ақлдан озяптими? Нега уларни бунчалик қоралаяпти? Эркаклар у ўйлаётган нарсаларга ҳақиқатан ҳам лойиқми? 

Йўқ-йўқ, эркакларга нисбатан адолатсизлик қилмаяпти. Улар шундай баҳога лойиқ. Эркаклар қанча муаммоси бўлмасин, ўйламай юра олади. Улар ҳар доим келажакка ишонч билан қарайди. Ижтимоий мавқеи уларга шундай қулайлик берган. Аёллар елкасига осмон қулагандек азоб чеккани ҳолда, эркаклар ҳеч нарсага парво ҳам қилмайди. 

Ниҳоят, Фазилат ўзига келганди. У эркакларнинг руҳий хотиржамлигига ҳасад қилар, бунга мутлақо лойиқ эмасликларига ишонарди. Саволларига жавоб топиб, ортига қайтди, машинасига ўтирди. Лекин барибир хаёли паришон эди.

Бола кенг фикрлайди

Фазилат Заҳронинг уйига кетаётиб ҳам ўйламай туролмади. Қизиқ, Заҳронинг эри нима деб ўйладийкин? Боласи билан уларникига жойлашганидан безовтадир балки? Кеч келиб, эрта тонгда ишга кетишига сабаб биз эмасмиканмиз? Ёки меҳмонни ранжитмаслик учунмикан бу мулозаматлар? Хаёлларидан узоқлашмоқчи бўлди. Жуда яхши билардики, ҳамма нарсага қарамай Фазилатнинг бир жиҳатдан толеи кулганди. Ҳамма дўстлари у ҳақида қайғурарди. Шу он хаёли қизига кетди. Ота-онаси ажрашган болаларнинг руҳиятини яқиндан билгани учун Нурнинг ички дунёси ҳақида ўйларкан, қалби яна вайрон бўлди. 

Ўйчан ҳолда Заҳронинг уйига келганида, эшик олдида қизи кутиб олди. Бегона муҳитда кун бўйи онасини кутгани гапларидан сезиларди: 

– Қаерда қолдингиз? Кўзим тўрт бўлди, роса соғиндим сизни. 

Отасини соғинмаганини билдирмоқчи бўлиб, давом этди: 

– Аммо фақат сизни соғиндим, онажон. Бошқа ҳеч кимни... 

Аслида бундай эмасди. Онасини хафа қилмаслик учун бу гапни айтганди. Лекин бу ҳолат Фазилатнинг эътиборидан четда қолмади. Ғамгинлик билан қизини бағрига босди: 

– Соғингансан, болам. Бошқаларни ҳам соғинасан, буни беркитмасанг ҳам, сендан хафа бўлмайман. 

Ёлғиз қолишганида Заҳродан сўради: 

– Отаси қўнғироқ қилмади, шундайми? 

Ақлидан турли хаёллар ўтган дугонаси қизиқди: 

– Ҳалиям хаёлинг Алидами? 

Фазилат қатъий оҳангда жавоб берди: 

– Асло! Энди Али мен учун ўлган ҳисоб, ҳатто ундан ҳам баттарроқ. У ҳақида ўйлашим, менга қўнғироқ қилишини кутишим мумкин эмас. Фақатгина бола учун йўқлашини хоҳлайман. 

– Ишонсам бўладими? 

– Ишон... Бунга чин юракдан ишон, Заҳро. Акси бўлса, сендан яшираманми? Дўстимсан, ахир, сенга айтмасам, кимга айтаман? Қандай бўлсам, боримча сўзлаяпман. 

Кейин мавзуни ўзгартирди: 

– Заҳро, менга кичкина, арзон уй топайлик. Бир ҳафтадан кейин янги иш бошлайман. Ижара пулини бемалол тўлай оламан. 

– Уюшмадаги ишларингни нима қиласан? 

– Уни ҳам тўхтатмайман. Биз юзлаб одамларга ёрдам беряпмиз. Тўғри, муаммолари ечимсиз қолганлар ҳам бор, аммо чора топганларимиз ҳам оз эмас. 

Заҳро кулди: 

– Уюшмангизга бир кун боришни истайман. Тўғриси, ишингиз менга жуда ёқади. Руҳиятшунослар етишмаган жамиятимизда елкангизга тушган вазифани яхши бажаряпсиз, тасанно сизларга. 

– Раҳмат. Дўстларимнинг қилаётган ишимизни тушуниши мени қувонтиради. 

– Менинг ҳам бир дўстим бор. Уни жуда яхши кўраман. Аммо эри билан ажрашмоқчи, уюшмангиз ёрдам бера оладими? 

Фазилат хоним дугонаси нимани назарда тутаётганини тушуниб, маҳзунгина жавоб берди: 

– Уюшмамиз олдин айб кимда эканини суриштиради. Агар жуфтлардан бири иккинчисини ёмон кўрса ва шундай деб айтса, афсуски, ёрдам беролмайди. Агар қўлингдан келса, дўстингни сен йўлга сол.

– Лекин дўстим эчкидек қайсар. 

– Яхшиликка бўлсин, иншааллоҳ! Дўстинг қуруқ ўт емайдими? 

Кулишди. Заҳроники ҳақиқий қаҳқаҳа бўлса ҳам, Фазилатнинг табассуми оғриқли эди. Аёл азобланарди. Чунки ёшлигини қурбон қилган кишиси энди уни истамас, минг хил ҳақоратларни ёғдирган эди. Қандай қилиб бу вазиятда чин дилдан кулиш мумкин? 

Эртаси куни уюшмага кетаётиб, қизини Заҳрога қолдираркан, илтимос қилди: 

– Отасига айт, келсин, қизини кўрсин. Мен бугун уй қидираман. Бола мактабидан қолиб кетди. Дўстларидан ажраладиган бўлди, лекин бошқа чорам йўқ. Бизни қўллаб тур, Заҳро. Сенга юк бўлдим, лекин... 

Заҳро хоним: “Қўйсанг-чи, бу сенинг ҳам уйинг саналади...” деса ҳам, Фазилат жуда яхши билардики, бировнинг уйи уники бўлмайди. 

Уюшмада яна Ойшагул кутиб олди: 

– Опа, қаерда қолдингиз? Эрталабдан бери сизни бир аёл сўраяпти. 

– Ким экан? 

– Исмини айтмаяпти. “Юрагини бўйсундиролмаётган аёл”, деб айтишимни тайинлади. Ақлдан озган, шекилли. Ҳар ўн дақиқада қўнғироқ қилади. Шунга сал ғалатироқ бўлса керак, деб ўйладим. 

Фазилат эслади: 

– Бўлди, бўлди, танидим. Кеча келганди. 

– Опа, ўша аёлми? Кеча сизга айтишни унутибман, у бизнинг маҳаллада яшайди. 

– Аввалига роса жаҳлим чиқди. Дардини эшитгач, раҳмим келди. Унга ёрдам беришимиз керак. 

Ойшагул хонасига кетаётиб деди: 

– Ҳам жаҳлим чиқди дейсиз, ҳам ёрдам беришимиз керак, дейсиз. Сизга ҳам тушуниб бўлмайди. 

Фазилат қизга тик боқди:

– Одам жаҳли чиққан кишисига ёрдам бермаслиги керакми? Сен фақат ўзинг учун яхшилик қиласанми? 

Ойшагул ҳайратланди: 

– Билмадим, шунчаки айтдим-қўйдим. Жаҳлингни чиқарган кишига ёрдам бергинг келмайди-да! 

– Ундай бўлса, одамлар ҳеч кимга ёрдам беролмай қолади. Киши учратган ёки учратадиганларнинг аксарияти уни ё хафа қилган ёки асабийлаштирган бўлади, ёхуд хафа қилади ё асабийлаштиради. Яхшилик Аллоҳ учун қилинади. Мен эътиқодимизда эзгулик қонунларининг шундай эканини ўргандим. Ё нотўғрими, Ойшагулим? 

– Тўғри, опа, гапирганимга минг пушаймон қилдингиз. Аёлнинг нима муаммоси бор ўзи? 

Фазилат бу сафар қаттиқроқ боқди: 

– Буни ростдан ҳам савол сифатида сўраяпсанми? 

– Ҳа. Яна хато қилдимми? 

– Мени ғийбатга ундаяпсан, Ойшагул. 

– Бу нима деганингиз, опа? Худо ҳаққи, шунчаки сўрадим. 

– Зотан, бировга тегишли бўлган сирни билмоқчи бўлган одам ғийбат қилиш ниятида сўрамайди. Шайтоний хоҳишларини қондириш учун қилади бу ишни. Билмайсанми, яхши одам то ўлгунича ўзига омонат қилинган сирни сақлашга мукаллафдир! Кимнинг қандайлиги шундай ўринларда билинади. 

Қиз хижолат тортди: 

– Ҳақсиз, опа, шайтон мени ҳам туртмоқда. Ҳаҳ, лаъин! Яна шундай туртсин-чи!..

 – Нима, шайтон нафақага чиқадими? 

– Йўқ! Мен шайтоний истакларимни жиловлайман, демоқчиман. 

– Баракалла, Ойшагул. Энди ишимизга қайтайлик. Биласан, бу муҳим вазифани мен зиммамга олдим. Умумий йиғилишимиз санасига қараб, маълумот бер. Мен Ҳабибага маълумот бераман. Тушдан кейин уй қидираман, қайтиб келиб, йиғилганлар билан учрашаман. Учрашувга келадиганларни телефон орқали хабардор қилганинг маъқул. 

Ойшагул қувонч билан деди: 

– Пастки қаватимизда ижарага хонадон бор, ўша жойни кўрасизми? – Зўр-ку! Сизга яқин ерда яшасам, хурсанд бўлардим. 

– Бешинчи қават. Ижара ҳақи қанчалигини билмайман. Бугун кечқурун борайлик. 

Кечга яқин бирга боришди. Хонадон Фазилат хоҳлаганидек эди. Дарҳол уй эгасини топиб, сотилган билагузугининг қолган пули билан тўлов қилди. Калитни олган Фазилат Ойшагул билан гаплашганча зинадан кўтариларди: 

– Ақлим борида яхшиям билагузук олган эканман. Акс ҳолда, пулни қаердан топардим? Аёлнинг қора куни учун беркитган бирор нарсаси бўлиши керак. Чунки бир уйда сен билан йиллаб яшаган “бегона” йўлкирага пулинг бор-йўқлигини ҳам сўрамай “уйимдан кет”, деб қолиши мумкин. 

– Азизим, ҳамма эркаклар ҳам сизнинг эрингиздек бўлмаса керак. 

Фазилат хоним зинапояда тўхтаб қолди: 

– Яна бир марта у ҳақда “эрингиз”, деб гапирмайсан менга, майлими? Жоҳиллар ажрашган одамларига ҳали айрилмагандек муносабатда бўлишади. Сен ақлли қизсан. Бу хатога йўл қўйма… Айбга буюрмайсан, охирги пайтлар жудаям асабийман, ниҳоятда хафаман, шундан озор бериб қўйяпман. Биз қайси қаватдамиз? 

– Энди учинчи қаватга келдик. 

– Хўш, нима деётган эдик?.. 

Албатта, ҳамма эркак ҳар хил. Бу – ҳақиқат. Ҳар бир эркак фирибгар эмас, лекин ҳар бир аёл ақлли бўлишга мажбур. 

– Қандай қилиб пул тўпласин? 

– Маҳрдан унумли фойдалансин, агар талабгор бой бўлса, кўпроқ маҳр сўрасин. Бой бўлмаса, келажакда топадиган пулингдан тўртдан бирига мени шерик қиласан, десин. Ёки қул ҳақи нималигини фақатгина биладиган эмас, унга амал қилиб яшайдиганни танласин. Бизнинг давримизда маҳр ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ ҳисобланади. 

– Тушундим, менга маслаҳат беряпсиз. 

– Ҳали етиб келмадикми? 

– Йўқ, яна битта қават бор, опа. 

Бешинчи қаватга қадам қўйишганди ҳамки бир жанобга дуч келишди. Фазилат хонимга бу нотаниш одам яқин кишисидек гапира бошлади.

 – Ие-ие, хуш келибсиз, янга, шу ерга кўчяпсизми? 

Аёл ҳайратда қолди: 

– Кечирасиз, сизни таниёлмадим. 

– Алининг аскарликдаги дўсти Маликман. Ўн йил олдин уйингизга борганимда менга иккита китоб берган эдингиз, эсингиздами? 

– Йўқ. 

– Ўша куни рўмолингиз сабабли сизни ишдан четлаштиришган эди. Фазилат хоним гапни чўзишни хоҳламади: 

– Нима бўлганда ҳам, узр, барибир эслолмадим. 

– Ҳечқиси йўқ, янга. Ҳозир шу ерга кўчяпсизми? Али акам қаерда? 

Фазилат ажрашиш учун ундан узоқлашаётганини айтгиси келмади. 

– Ҳа, ука, шу ерга кўчиб келяпмиз. Али эса узоқда, – деб қўя қолди.
 

– Қандай тасодиф, янга, биз сизнинг қарши тарафингизда – саккизинчи қаватдамиз. Рақамимни бераман. Бирор хизмат бўлса, Аллоҳ учун дарҳол менга қўнғироқ қилинг. 

– Раҳмат ука, агар керак бўлсангиз, безовта қиламиз. 

Малик қаттиқ туриб олди: 

– Бундай десангиз, хафа бўламан. Ўз укангизга қандай иш буюрсангиз, менга ҳам худди шундай айтаверинг. Ярим тунда бола хасталаниши мумкин. Бу ҳаёт-да, кутилмаган нарсалар содир бўлади. Тортинмай қўнғироқ қилаверинг, майлими? Раҳмат айтишингизни, айниқса, “безовта қилдим” деган сўзни мутлақо эшитишни хоҳламайман. 

Фазилат ҳайратда эди. Қандай самимийлик! Кўп ҳамсуҳбат бўлмаса-да, бу дўстона муносабатдан мамнун бўлди. 

– Раҳмат сизга, ука. Агар керак бўлсангиз, хабар қиламан. 

Бегона одамга дард айтиш қийин эди. Фазилат буни биларди. “Ё Раббим! Мени номардга эмас, ҳатто мардга ҳам муҳтож қилма!” деган сўз бекорга айтилмаган.

Амина Шенликўғли 

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Эрон-Саудия Арабистони келишувининг геосиёсий аҳамияти: АҚШ ўйиндан чиқарилдими?

223 20:30 22.03.2023

Таровеҳ муносабати билан Тошкентдаги айрим кўчалар вақтинча ёпилади

337 19:42 22.03.2023

Энг яхши табиб

412 19:15 22.03.2023

«Пекин Ашхобод билан муносабатларга катта эътибор беради» — Си Цзинпин

352 18:40 22.03.2023

РЎЗАГА ОИД ФАТВОЛАР

64 18:05 22.03.2023

Асад режими Ҳалаб аэропортига ҳаво ҳужуми юзасидан Исроилни айбламоқда

264 17:10 22.03.2023
« Орқага