Юраксиз инсонга йиғлашни эслатиб қўйдингиз...

08:00 12.02.2019 1109

Қишнинг совуқ оқшоми ишдан қайтаётиб чорраҳада бир кишига кўзим тушди. Ора-сирада сархушдай гандираклар, ерга ағанамаслик учун электр тиргагига суянарди. Диққат билан унга разм солиб, аҳволини билишга  ҳаракат қилдим. Кўринишидан ўттиз-ўттиз беш ёшлар атрофида эди. Уст-боши ҳам тоза, сархуш одамга ўхшамасди. Аксарият йўловчилар унга парво қилмас, бир-икки ўтган-кетган эса масхаромуз кулиб қўярди.

Тез ёнига бориб ҳол-аҳвол сўрадим. Титроқ лабларидан инграганга ўхшаш овоз чиқди: “Тобим йўқ...”

Бироздан сўнг кутилмаганда аҳволи оғирлашди. Ерга йиқилмасин деб бир қўлим билан белидан маҳкам тутиб, иккинчи қўлим билан такси тўхтатишга ишора қилдим. Аксига олиб такси ҳам тўхтамасди. Йўловчи билан тўлалигиданми ёки маст одамни машинасига чиқариб, ўриндиқларни ифлос қилишни истамасмиди хуллас такси тўхтатишим қийин бўлди. Кечга томон бироз тинган қор, яна кучайган, яхлаган йўлларда дайди итларни айтмаганда жонзот кўринмасди.

Умидсизликка тушиб асабийлашаётгандим, бир такси ёнимизга келиб тўхтади. Ҳайдовчига вазиятни қисқача тушунтириб, касалхонага шошилишимиз кераклигини айтдим. Беморни машаққат билан орқа ўриндиққа ётқиздик. Касалхонага бориб, биринчи ёрдам кўрсатилгунига қадар бош устида ўтирдик.

Навбатчи шифокор беморни камида кўчада музлаб қолишдан асраганимизни айтар, бемор гапиришга қийналганидан табассум билан бизга миннатдорчилик билдирарди. Бироздан кейин  хуруждан фориғ бўлгач, уни бизга тушунтирган манзилига олиб бордик.

Эркакнинг рафиқаси эрининг аҳволини билгани учун ўғли билан дарвоза олдида уёқдан буёққа бесаранжом юрарди. Бизга кўзлари тушиб, чопқиллаб олдимизга келишди ва меҳр билан бир-бирини бағрига босишди.

Чарчоғимиз бир пасда ариди-кетди. Бемор эркак ва аёли қўлларимизни тавоф қилиб, дуолар билан бизни алқаладилар. Ҳайдовчидан кира ҳақини сўрадим. Кўз ёшларини оҳиста артаркан:

- Қарздор эмассиз, аксинча, мендан олишингиз керак, афандим,- деди ҳайдовчи.- Яхшилигингизга мени ҳам шерик қилиб кира ҳақини тўлагандингиз. Лекин ҳозир сиз тақдирланадиган ҳолатдасиз. Кўз ёш тўкишни унутган юраксиз инсонга йиғлаш каби гўзал ҳиссиётни эслатиб қўйдингиз...

Ҳайдовчи билан қучоқлашиб, бир-биримизга миннатдорчилик билдираётганимизда туннинг аёзини фарқламасдим. Уйга ҳам пиёда кетгим келди. Ким билади, йўлимда бирортаси ёрдамимга муҳтождир. Яхшилик қилиш қандай яхши –а?

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!